Бухоро вилояти хорижий тилларни ўқитиш бўйича намунали ҳудудга айланмоқда

    Республика миқёсида Бухоро вилояти иккинчи ўрига кўтарилди.

    Давлатимиз раҳбари “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир” деб таъкидлайди. Бунинг учун энг самарали йўллардан бири бу ўқувчиларни хорижий тилга қизиқтириш муҳитини шакллантириш ҳамда уларга икки ва ундан ортиқ тилни ўргатишдир.

    Шу йилнинг 20 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтган мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишда ёшларни, айниқса, мактабда ўқиётган ўқувчиларни камида 2 та хорижий тил ва касбга ўргатиш ҳақида сўз борди. Сўнгги йилларда мактаб таълими ҳамда ундаги таълим сифатига эътибор кучайтирилганига қарамай, ҳамон ёшларимиз орасида ишсизлик, ўқишга киролмаслик ва бошқа муаммолар учрамоқда. Ўқишга кира олмаган ўқувчи бизда яна ҳаракат қилади, ҳаракати самарасиз кетса, у синди дегани. Чунки 11 йил ўқиган умумий билими билан аниқ бир соҳада фаолият юритолмайди. Бу эса ўз навбатида бир қанча муаммоларни келтириб чиқармоқда.

    Биринчидан, барча ёшларни кўр-кўрона олий таълимга киришга уруниши;

    Иккинчидан, ишсизлик, оиланинг моддий аҳволи қийинлашуви;

    Учинчидан, меҳнат бозорининг рақобатбардошсизланиши.

    Мазкур топшириқларга ечим сифатида биз қуйидагиларни таклиф қилишимиз мумкин:

    - Ўрганилаётган тилнинг мукаммал ва муқобил дастурий платформалари аллақачон мавжуд бўлиб, буни биз ўша давлат тил тарғиботчилари ёки элчихоналаридан олишимиз мумкин;

    - Президент таълим муассасасидаги дастурларни белгиланган уч туман/шаҳарларга тўғридан-тўғри тадбиқ этиш;

    - Хорижий тилни ўрганиш муҳитини, психологик тафаккурни шакллантириш, бу орқали икки ва ундан ортиқ тилни ўрганиш ва уни билиш тажрибасини одатий тусга айлантириш;

    - Жаҳон хорижий тилларни ўргатувчи платформаларни 2023-2024 йилларда бепул қилиш;

    - Илмий тадқиқот ишларида айнан амалий хорижий тилни ўрганишга ва ўргатишга бағишланган тадқиқот ишларининг кўламини кенгайтириш орқали ҳам кўзланган маррага етишимиз мумкин.

    “Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо”, – деди Шавкат Мирзиёев. Бу борада ҳар бир вилоятдан битта шаҳар ва иккита туман намуна сифатида танлаб олиниб, 64 хил касб-ҳунарга тайёрлаш учун зарур техник жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда таълим сифати нисбатан пастроқ мактабларни касб-ҳунарга йўналтириш ваколати юклатилди.

    Бухоро вилоятидан Ғиждувон, Шофиркон туманлари ҳамда Бухоро шаҳридаги мактабларда ёшларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш белгиланди. Мазкур ҳудудларда хорижий тил ўрганувчилар бошқа ҳудудларда нисбатан кўп бўлиб, хорижий тил ва касб-ҳунарга талаб ҳам шунчалик юқори ҳисобланади.

    Президент “Чет тилларини сифатли ўргатиш учун мактабларга “тил эгаси” бўлган педагоглар жалб қилиш, Президент мактабларининг тил ўргатиш тажрибаси, дарслик ва дастурларини татбиқ этиш керак”лигини таъкидлаб ўтди. Бу борада Бухоро вилоятида турли дастурлар доирасида жами 9 нафар тил эгаси жалб қилинган бўлиб, улардан бири Aлисиа Бредлей ESN дастури бўйича мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш билан бирган, замонавий дастурлардан фойдаланиш ҳамда намунали дарсларни намойиш этиб келмоқда.

    Бухоро вилоятида хорижий тилларни ўқитиш 2021 йилданоқ алоҳида тус олган эди. Хабарингиз бор, икки йил олдин, худди шу саналарда Президентнинг Бухородаги ташрифларида вилоят ҳокими Ботир Зариповга хорижий тилларга алоҳида эътибор қаратилиши ҳамда Бухорони хорижий тилларни ўргатиш бўйича намунали вилоятлардан бири бўлиши кераклиги ҳақида алоҳида шу билан бирга, илк топшириқни бериб ўтгандилар. Aйнан шу ташрифдан сўнг хорижий тиллар соҳаси юзасидан Президент қарорлари, Вазирлар маҳкамаси қарорлари бирин-кетин чиқа бошлади. Нафақат халқ таълими ёки олий таълим, балки бошқа таълим, нотаълим тизимларда ҳам хорижий тиллар сертификациясини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунинг натижаси сифатида “Энг яхши хорижий тил мактаби” танловида Бухоро вилояти иккинчи ўринга лойиқ топилди ҳамда Президент соврини 400 миллион сўмни қўлга киритди.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Бухоро вилояти вакиллиги томонидан C1 даражадаги халқаро сертификатга эга малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тилларни оммалаштиришга қаратилган вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида вилоятимиздаги барча туман ва шаҳар халқ таълими тизимида фаолият юритадиган ўқитувчиларнинг хорижий тилни билиш бўйича сертификациясисини таҳлил қилдик. Унга кўра, вилоят Халқ таълими тизимида 2676 нафар хорижий тил ўқитувчилари фаолият юритиб, улардан 977нафарида халқаро ва миллий тил билиш сертификатлари мавжуд бўлиб, бу 37 фоизни ташкил этади. Олий таълимда эса жами 256 нафар хорижий тил ўқитувчиси, шулардан 178 нафарида сертификат мавжуд, фоиз ҳисобида 74,40 фоизни ташкил этмоқда. 14—30 ёшда бўлган, хорижий тилни билиш сертификатига эга ёшлар эса 1558 нафарни ташкил этади.

    Юқорида таъкидлаб ўтилган статистика олий таълим, халқ таълими, профессионал таълим, мактабгача таълим тизимидаги хорижий тиллар соҳасидаги ўзгаришлар, ислоҳотар натижасида таълим сифатига бевосита таъсир қиладиган сертификация 3/4 баравар ошганидан дарак беради. Республика миқёсида эса Бухоро вилояти иккинчи ўрига кўтарилди.

    Нозима ХОЛИКОВА,

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги

    Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги

    Бухоро вилояти вакиллиги раҳбари,

    Бухоро давлат университети профессори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates