Бухорода “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик парки барпо этилади

    Кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик парки барпо этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

    Мазкур паркнинг яратилишидан кўзланган бош мақсад қадим Бухоронинг бой тарихи ва маданиятини, ноёб моддий ва номоддий маданий меросини асраб-авайлаш, уни янада кенгроқ тарғиб этишдир.

    Тарихий-этнографик парк ҳудудидан Бухоро анъанавий меъморчилиги дурдоналари ва замонавий шаҳарсозлик услублари уйғунлигини ўзида ифода этган объектлар, жумладан, этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар тамаддихоналари, анъанавий дренаж тизимлари - ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари ўрин олади.

    Мажмуа марказида, шунингдек, мусиқали фаввора ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Этнографик парк барпо этилишида халқаро экспертлар гуруҳи ва маҳаллий мутахассислар жалб этилади. Бу ҳудуддаги барча ишлар ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан 1972 йил 16 ноябрда қабул қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофазаси бўйича конвенция талаблари асосида амалга оширилади.

    Таъкидлаш жоизки, ўтган асрнинг 20-йилларида М.Фрунзе бошчилигидаги “қизил армия” қўшинларининг ҳужуми оқибатида Бухоронинг кўплаб, тарихий обидалари вайрон қилинган. Жумладан, шаҳардаги асрлар давомида хизмат қилиб келган ариқ ва ҳовузлар кўмилиб кетгани бу ҳудуддаги дренаж тизимига салбий таъсир кўрсатган.

    Янги этнографик парк мазкур йўқотилган маданий бойлигимизнинг намуналари саналган қадим дренаж тизимларини қайта тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб қолади. Қачонлардир ташландиқ ҳолатда бўлган ҳудуд ўрнида гўзал бир ландшафт қад ростлайди.

    Шу ўринда қайд этиш лозимки, ушбу барпо этилажак парк ҳудудида кўкаламзорларнинг кенгайтирилиши ҳам режалаштирилган. Бундай ёндашув ўз навбатида ушбу масканда ва қолаверса Бухоро воҳасида микроиқлимни таъминлаш, “яшил йўлак”ни яратиш ва бугунги кундаги долзарб экологик муаммолардан бирига айланган чўллашув ҳамда ерларнинг шўрланиши каби таҳдидларнинг бартараф этилишида улкан аҳамият касб этади.

    Ўз ўрнида қайд этиш керакки, бу лойиҳа асосида мўлжалланган ҳудуднинг учдан икки қисмида Бухоро аҳолиси ва меҳмонлар сайр қилиши учун муҳташам сайлгоҳ (яшил боғ) бунёдга келиши мўлжалланган. Бунда лойиҳа ҳудудида “Яшил Бухоро” дастурига мувофиқ илгари ташкил этилган майдондаги дарахтлар ва яшиллик қиёфаси тўлиқ сақлаб қолинади ҳамда янги боғ манзараси сифатида янада бойитилади.

    Бир сўз билан айтганда, “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик паркининг бунёд этилиши нафақат юртимиз кўп асрлик ва бой маданий-тарихий қадриятларини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитишга хизмат қилади, балки глобал миқёсдаги экологик мувозанатни сақлаб қолишга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиздир.

    Янги парк Ўзбекистоннинг умумжаҳон маданий мероси объектларининг бемисл универсал ва умумбашарий қийматини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг яна тасдиғи бўлади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates