Спорт жамоатчилигининг эътибори яна «Бунёдкор» стадионига қаратилди. Бироз аввал у ерда пойтахтимиз мезбонлик қилган футбол бўйича U-20 Осиё кубоги ғолиби - Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган расмийлар футболчиларимизни қўлга киритилган муваффақият билан қутлаб, уларга роппа-роса икки ойдан кейин бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларини тилаб қолди. Тадбир якунида қаҳрамон йигитларимизга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси - «Chevrolet Lacetti Gentra» автомобиллари топширилди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.