“Ёш китобхон” танловининг финал босқичи ғолиби: “Президент совғасини отамга бераман”

    “Ёш китобхон” танлови доирасида 17 нафар ғолибга Президент совғаси — “Спарк” автомашинаси топширилди.

    Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббус доирасида ёшлар маънавиятини ошириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида анъанавий тарзда “Ёш китобхон” танлови ўтказиб келинмоқда. Ўтган йиллар давомида танловда 3,6 миллион нафардан ортиқ ўғил-қиз иштирок этди. 17 нафар ғолибга Президент совғаси — “Спарк” автомашинаси топширилди. Беш нафар ғолибнинг эса давлат мукофотлари билан тақдирлангани мутолаа маданиятига эътибор ёшлар сиёсатидаги муҳим йўналиш эканидан далолат.

    Ўтган йили беллашувда қатнашиш учун 640 мингга яқин ўғил­қиз онлайн ариза топширди. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови бу йил ҳам 3 ёш тоифасида 5 босқичда ташкил этилди.

    Танловнинг маҳалла ва сектор босқичларида иштирокчилар тест саволлари орқали сараланган бўлса, ғолиблар туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларда 2 та шарт — бадиий асарлар билимдони ва тезкор савол­-жавоб асосида билимини синовдан ўтказди. Ниҳоят республика босқичида 10­-14 ёш, 15­-19 ёш, 20-­30 ёш тоифаси бўйича бир нафардан ҳудудий босқич ғолиблари (жами 42 нафар) “Бадиий асарлар билимдони”, “Тезкор савол-­жавоб”, “Буюк мутафаккир ва адиб”, “Шеърият”, “Иншо ёзиш” шартлари бўйича ўзаро беллашди.

    — 10-­14 ёш тоифасида биринчи ўринга ва Президентимиз совғасига муносиб кўрилганимдан ниҳоятда хурсандман, — дейди навоийлик Азиза Иброҳимова. — Мукофотга берилган автомашинани отамга совға қилмоқчиман. Чунки китобга муҳаббатни қалбимга сингдиргани, мутолаага ундагани ва орзуларимни қўллаб­қувватлагани учун отамдан беҳад миннатдорман.

    Фарзанди танловда ғолиб топилган ота­-оналарнинг ҳаяжони томошабинларга ҳам ўтиб, барчада ҳавас уйғотди.

    Зеро, ота­-оналарнинг саъй-­ҳаракати ва интилишлари бугун фарзандлари камолида юз кўрсатмоқда. Муҳими, танловда ҳеч бир иштирокчи эътиборсиз қолдирилмади. 2­-ўрин соҳибларига 50 миллион сўм, 3-­ўрин эгаларига 30 миллион сўм пул мукофоти ва диплом топширилди. Қолган барча иштирокчиларга 10 миллион сўмдан пул мукофоти ва сертификат тақдим этилди.

    Китоб умр йўлларида инсонга энг яқин дўст, ҳамроҳдир. Миллатнинг маънавий­-руҳий дунёси китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб ҳам белгиланади. Юртимизда аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибор замирида ҳам интеллектуал салоҳияти юксак, тафаккури кенг ва зиёли авлодни камолга етказиш мақсади мужассам.

    — Олти йилдан бери мана шу танловнинг ҳакамлар ҳайъати аъзолари орасидаман. Ўтган вақт давомида катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдим. Китобхонларнинг савияси, асарни тушуниши, тушунтира олиш малакаси йилдан-­йилга ошаётганини кўряпман. Бу жуда қувончли ҳолат. Бу танловдан мақсад баъзида автомашина, баъзан эса пул мукофоти бўлиши мумкин. Лекин охир­оқибат ёш китобхонларнинг қалби, юраги тозаряпти. Миясидаги ухлаб ётган ҳужайралар уйғоняпти ва энг муҳими, ёшларда фикр тарбиясини шакллантиряпмиз, — дейди филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов. — Маънавий янгиланиш йўлидан бораётганимиз шу кунларда инсон учун, биринчи навбатда, фикр уйғоқлиги жуда муҳим. Бу борада Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилиб, юқори савияда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови ҳам катта аҳамиятга эга. Фикр тарбияси шахс ва руҳ тарбияси демак. Руҳияти мустаҳкам инсоннинг иродаси ҳам бақувват бўлади. Бугун салоҳиятини намойиш этиб, танловда ғолиб бўлган ёшлардаги ички хотиржамлик мутолаа сабаб шаклланганини, китоб инсон руҳиятидаги гўзал тарбияга сабаб бўлганини англаш унчалик қийин кечмади. Бундай иқтидорли ёшлар барча ҳудудларда кўплаб топилади. Муҳими, уларни қўллаб­-қувватлаш, истеъдодини намоён этиши учун мамлакатимизда барча шарт­-шароит яратилган.

    Бугун китоб ўқиётган ўқувчи эртага талаба, магистр ва кейинроқ илмий тадқиқотчи бўлади. Мана шундай кетма­-кетлик, жараён давом этади. Танловда ғолиб бўлган ёки республика босқичида иштирок этаётган китобхонларнинг барчаси атрофидагиларга намуна бўла олади. Тенгдошларига, албатта, таъсир кўрсатади.

    “Ёш китобхон” танловининг республика босқичи ҳакамлар ҳайъати аъзоси Отабек Жўрабоевнинг таъкидлашича, мазкур танлов барча ёшларга кўтаринки кайфият бергани билан аҳамиятли.

    Биринчи галда танлов китоб ўқиб катта муваффақиятга эришиш мумкинлигининг яққол исботидир. Шаффоф ҳамда адолатли баҳолаш мезони асосида ғолиб деб топилган ёшлар ўзини қаҳрамон мисоли ҳис қиляпти. Демак, китоб ўқиб, қаҳрамон бўлиш мумкин. Бу беллашув янгидан-­янги қиёфаларни, юртимиз маънавиятини белгилайдиган зиёли қатлам тимсолларини кашф этяпти.

    — Китобга эргашган ёшлар маърифатга, тафаккурга эргашади. Бу омил жуда муҳим, — дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукур. — Глобаллашув даврида ёшларни чалғитувчи ҳар хил воситалар кўп. Лекин аминманки, китобга яқинлашган бола тафаккурга яқинлашади. Бу болалар навқирон чеҳралар, энг каттаси атиги 29 ёшга кирган. Ҳатто 10 ёшли китобхонлар бор. Улар мана шу танлов баҳонасида китоб билан дўстлашяпти. Шу аснода кексаликда уларнинг умр йўлларида китоб ҳамроҳ бўлиши шубҳасиз. Бу дегани маърифат, тафаккур, эзгулик булар билан бирга бўлади. Ҳаёт синовларини, жаҳолат таҳдидларини, ёмонликларини бу йўлдагилар, албатта, енгиб ўтади. Китобнинг ўзи уларнинг табиатини ҳам, руҳиятини ҳам, қалбини ҳам, фикрини ҳам тайёрлайди. Шунинг учун ҳам бу танловни кенгайтириш керак. Бу фақат эзгуликка хизмат қилади.

    — Жуда кўплаб тараққий этган мамлакатлардаги ислоҳотлар негизида билим ётади. Чекка-­чекка ҳудудларда ҳали ҳам қизларимизнинг кучига ишонмаган, “ўқиб шаҳар олиб берармидинг”, “қиз бола бировнинг хасми, нима қиламиз сенга пул сарфлаб” деган гаплар қулоққа чалинади, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. — Бундай тор дунёқараш туфайли катта хоҳиш-­истаклари рўёбга чиқмаган, ниятларига эриша олмаган одамларни, тақдирларни кўрдик. Президентимизнинг ғояси асосида юзага келган танлов туфайли китоб ўқиган инсон ҳаётда бемалол ўрнини топиши мумкинлиги, бошқалардан кам бўлмаслиги ўз исботини топяпти. Чунки билим олган инсон ҳаётда, албатта, бошқаларга ўрнак бўла олади, жамиятда қадр, ҳурмат қозонади.

    Мамлакатимизда ёшларнинг қалбини улғайтирадиган, дунёқарашини кенгайтирадиган ва зиёли инсонлар бўлиб етишишида куч берадиган имкониятлар кўп. “Ёш китобхон” танлови мана шундай имкониятлардан бири. Унда китоб бор. Демак, маърифат, эзгулик, тафаккур бор. Мана шу уч тушунчага ошно инсон ҳаётда ўз ўрнини топади.

    Рисолат Мадиева,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates