Махсус комиссия қарори билан, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг биргаликдаги фаолияти натижасида 2020 йилнинг 28 октябрда Абхазияда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларининг 299 кишидан иборат иккинчи гуруҳи Сочи шаҳридан «Uzbekistan airways» АЖнинг чартер рейслари билан Ватанга қайтарилди.
Аввалроқ, 9 октябрда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ махсус поездида ёрдамга муҳтож (ҳомиладор аёллар, қариялар, касаллар ва болали аёллар) 19 нафар ҳамюртларимиздан иборат биринчи гуруҳ Ватанга қайтарилган эди.
Айни пайтда Ўзбекистон дипломатлари ушбу чегара олди ҳудудида бўлиб, Абхазиядаги ватандошлар билан боғлиқ вазиятни назорат қиляпти.
Ҳозирги вақтда Россия томони билан Россия Федерацияси ҳудуди орқали Абхазияда қолган Ўзбекистон фуқароларини юртимизга олиб келишни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Шу муносабат билан яқин вақт ичида Сочи шаҳридан навбатдаги чартер рейсларни амалга ошириш кутилади.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.









