Чор Бакр дурдонаси — маънавиятимизнинг тўрт устуни

    Биласизми? 29 июн 2023 1798

    Бухоро шаҳридан 6 километр узоқликда — жануби-ғарбий қисмида, Талипоч дарвозаси орқали Жондор туманига олиб борадиган йўл ёқасида 16,7 гектар майдонни эгаллаган йирик тарихий обида бор.

    Халқ орасида Чор Бакр номи билан машҳур бўлган ушбу мажмуа зиёратгоҳга айланган. Жой номи ҳам Чор Бакр бўлиб, Бухоронинг қадимий қишлоқларидан бири саналади ва ўз даврида Сумитан деб аталган. “Ғиёс-ул луғот” асарида унга “жундан мато тўқувчилар маскани” дея шарҳ берилади.

    Бир неча асрлар оша сақланаётган бундай маданий ёдгорликлар, тарихий обидалар доим сайёҳларни ўзига чорлаб келган. Юртимизнинг энг обидаларга бой ҳудудларидан бири Бухоро вилоятидан йил ўн икки ой туристларнинг қадами узилмайди. Охирги йилларда туризм соҳасига эътибор кучайиб ана шундай обидаларимизга сайёҳларни кўпроқ жалб этиш, юртдошларимиз ва хорижликларни кўҳна тарих сирлари билан таништириш имкониятлари кенгайтирилмоқда.

    Чунки диёримиз улкан туристик салоҳиятга эга давлатлар қаторида туради. Бизда туризмнинг маданий туридан тортиб, ҳозир оммалашаётган экологик, этнографик, экстремал, археологик ва бошқа ҳар қандай йўналишдаги саёҳатларни ташкил этиш имкониятлари бор. Таҳлилларга кўра, жорий йилда 7 миллион хорижий ва 15 миллион ички сайёҳларни жалб қилиш, соҳа экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш мумкин. Шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 26 апрель куни “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди.

    Тўрт Бакр кимлар эди?

    Чор Бакр мажмуасини томоша қила туриб, беихтиёр бундан бир неча аср олдинги даврга тушиб қолгандек бўламиз. Унинг бунёд этилиш тарихи, илмий асосларига қизиқамиз. Маълум бўлишича, Чор Бакрдаги бинолар XVI—XIX асрларга мансуб. Обидада 26 та ҳовли, дарвозахона, пештоқлар, мадраса, масжид-хонақоҳ, ҳаммом, дам олиш ҳужралари, ҳовуз, дарсхона, мустаҳабхоналар яхлит бир ансамблни ташкил қилади. Айниқса, бу ердаги хонақоҳ, мадраса ва масжид меъморчилик ансамблининг ноёб намуналари бўлиб, уларни бунёд этган меъморлар исми номаълум. Аммо тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорийнинг ёзишича, “Хон ҳазратларининг аркони давлати ва аъёнлари, хусусан, ўша вақтда олий муҳрдорлик мансабида бўлган Амир Халифа мазкур иморатларни битиришда тамоман эҳтимом (ғайрат, ҳиммат) кўрсатди”.

    Мажмуага қўшимча бинолар сифатида хазира ва даҳмалар қурилган. Бу ўринда “хазира” — “хазон бўлганлар”, “хобидагон” эса “абадий уйқуга кетганлар” маъноларини англатади. Обидада 10 дан ортиқ хазира бўлиб, уларнинг ҳар бирида кўплаб қабрлар мавжуд. Масалан, Саъдулло хўжа хазираси ичида 110 та қабр бор.

    Обиданинг номи ҳам ўша даврларга бориб тақалади. Мажмуанинг энг қадимий қисми X асрда шаклланган бўлиб, унинг номланиши шу ерда дафн этилган ислом оламининг кўзга кўринган вакиллари, ҳадисшунос ва фикҳ илмининг билимдонлари бўлмиш чор Бакр, яъни тўртта Бакр тарихи билан боғлиқ.

    Тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, чор Бакр, яъни тўртта Абу Бакрлар хусусида якдил фикр мавжуд эмас. Бироқ, X асрда яшаб, мазкур мажмуада дафн қилинган ва Бухоро хони Абдуллахон II (XVI аср) даврида чор Бакр мажмуасининг қурилишига сабаб бўлган дастлабки икки Абу Бакр борасида шак-шубҳа йўқ. Булар Абу Бакр Саъд Яманий ҳамда унинг ўғли Абу Бакр Аҳмад ибн Саъдлардир.

    Манбаларда келтирилишича, “Абу Бакр” аслида исм эмас, балки нисба (унвон, лақаб, куния)дир. Унинг араб тилидан таржимаси “Бакр отаси” ёки “Бакр авлоди” маъноларини беради. Абу Бакр Сиддиқдан кейин Пайғамбарнинг бошқа авлодлари, жумладан, Имом Ҳусайннинг ўғли хўжа Абу Бакр Саъд ҳам “Абу Бакр” нисбасини қабул қилган.

    X асрда “Абу Бакр” унвони билан машҳур бўлган имомлар орасида бир нечтасининг номлари тарихий манбаларда кўп тилга олинади. Улардан бири Абу Бакр Саъд Яманийдир. У Жўйи Мўлиён ва Сумитан қишлоғида қатор иншоотлар, хусусан, боғ-роғ яратиб сарҳовуз, сардоба, тегирмон, ҳаммом, бозорча қурдирган. Хожа Саъд вафот этгач, васиятига кўра, унинг жасади Сумитандаги қадимий қабристонга кўмилган. Кейинчалик бу жой, яъни Чор Бакр мажмуаси жўйборлик пайғамбар авлодларининг мангу оромгоҳига айланган.

    Абу Бакр Аҳмад ибн Саъд эса кўплаб шайх ва авлиёларга устозлик қилган. Айрим тарихчи олимлар Хожа Саъд билан Абу Бакр Аҳмад ибн Саъдни битта одам деб ёзишади. Аммо имом Ҳусайн шажараномасида улар ота-ўғил бўлганликлари кўрсатилган.

    “Тарихи Муллазода” (XV аср) асарида Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл бин Жаъфар ал-Бухорий ҳақида ҳам сўз боради. Тарихчи ва географ олим Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорийнинг келтиришича, Абу Бакр Фазл йирик фақиҳ, муҳаддис ва мужтаҳид бўлиб, айниқса, унинг “Муснади Фазл” ҳадислар китоби донг таратган. Абу Бакр Ҳомид ҳам йирик муҳаддислардан. Унга замондошлари томонидан “Шайхул-олам” унвони берилган. Ул зотнинг хоки Мозори Шариф дарвозасидаги қабристонга қўйилган.

    Айрим манбаларда яна бир Бакр сифатида Абу Бакр Тархон ҳам тилга олинади. У IX асрнинг иккинчи ярмида туғилган бўлиб, Бухорои Шарифнинг йирик шайх ва имомларидан бири бўлиб етишган. “Тарихи Муллазода” асарида ёзилишича, Абу Бакр Тархон “Жоме вал муснад” китобининг муаллифи, 945 йили Бухорода вафот этган ва шаҳар атрофидаги қабристонда дафн этилган.

    Абу Бакр Саъднинг кейинги авлодлари ҳисобланмиш Жўйбор шайхлари ҳам ушбу хонадон номининг янада машҳур бўлишига хизмат қилишган. XV—XVI асрларда Жўйбор шайхлари Нақшбандия тариқатини янгича шароитларда ривожлантирди. Улар шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида тарих саҳнасига чиқиб, кейинги бир ярим аср давомида Бухоро хонлигининг ижтимоий-сиёсий ҳаётига фаол аралаша бошлашди.

    “Жўйбор” сўзи “кўп ариқ оқадиган жой”, “катта ариқ” маъноларида қўлланилиб, биз тарихи билан қизиқаётган бакрларнинг Жўйбор хожалари номини олиши XV аср бошларида Хожа Муҳаммад Яҳёнинг (Хожа Муҳаммад Исломнинг бобоси) Жўйборга кўчиб келиши билан боғлиқ. Жўйбор хожалари исломни тарғиб қилиш учун Маккадан Нишопурга, у ердан Бухорога келган имомлар авлодларидир.

    Айниқса, Хожа Ислом Жўйборий (1493 – 1583) ўз аждодларининг Сумитон қишлоғидаги мол-мулкларини тасарруфига олгач, шайбонийлар давлатида ҳам иқтисодий, ҳам диний жиҳатдан катта таъсирга эга шахс даражасига етади. Аслида, мадраса, масжид ва хонақоҳдан иборат Чор Бакр меъморлик мажмуини барпо этиш ғояси Хожа Муҳаммад Ислом кўнглида бор эди. Уни амалга ошириш эса Абдуллахон II га (XVI аср) насиб этди. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” асарида Абдуллахон II томонидан 1558–1559 йилларда қурилиш ишлари бошлаб юборилгани маълум қилинади. Мазкур асардан биз мажмуанинг 1570 йилда қуриб битказилганини билиб оламиз.

    Обида билан бирга тарих ҳам қайта тикланди

    Мақолани ёзишда тарихий манбалар ва чоп этилган адабиётлардан фойдаланибгина қолмай, Чор Бакр мавзесида туғилиб-ўсиб, ҳаётини шу муаззам мажмуани асраб-авайлашга, унинг тарихини келажак наслларга етказишга, тозалигини таъминлашга сарфлаётган инсонлар билан ҳам учрашдик. Улардан ўз ота-боболари кўрган ва айтиб берган воқеаларни ёзиб олдик. Маълумот берганлардан бири — Розия Юнусова (1958 йилда Чор Бакрда туғилган)нинг аждодлари шу мавзеда яшаб ўтган. Бобоси қори Юнусхўжа, отаси Исмоилхўжа тарихий обидани қўриқлашга, уларнинг аёллари эса уни супуриб-сидиришга умрларини сарфлаган фидойи, иймонли инсонлар бўлишган.

    Розия опанинг айтишларича, 1930—1940 йилларда Чор Бакр мажмуаси биноларидан турли хил кимёвий ўғитлар, пахта, 1960 йилларда картошка сақланадиган жой, 1970 йилларда Бухоро пойабзал фабрикасининг омбори сифатида фойдаланилган. Ўша йилларда “Наштар” телевизион ҳажвий журналининг ҳужжатли фильмидан сўнг, Чор Бакр мажмуаси “омборхона”дан озод этилган.

    Мадрасанинг юқори қаватларига экскурсия давомида гувоҳ бўлдикки, у ташқи томондан назар солганда 3 қаватга ўхшаб кўринса-да, аслида, 5 қаватли бўлиб, 30 та ҳужрадан иборат экан. Хонақоҳда амри маъруф тингланган, ҳужраларда эса мажмуа хизматчилари истиқомат қилишган ва зиёратчилар дам олишган. Тўртта Бакрдан иккитаси — Абу Бакр Тархон ва Абу Бакр Ҳамид Бухоро шаҳри ичида жойлашган Даҳмаи Шаҳидонда дафн қилинган.

    Чор Бакр мажмуаси асрлар давомида зиёратгоҳ сифатида эъзозланиб келинган. Бироқ, шўролар ҳокимияти йилларида унинг кўпгина обидалари емирила бошланди. Минг йиллар давомида ушбу мажмуа таъминоти учун ажратилган вақф мулклари Шўро давлати ҳисобига ўтказилгач, уни таъмирлашга маблағ ажратилмаган. Бухоро вилоят давлат архиви фондларида сақланаётган “Бухкомстарис” ҳужжатларида Чор Бакр мажмуаси ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталаридаёқ таъмирталаб бўлиб қолгани ҳақида ҳисоботлар мавжуд.

    Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, маънавиятимиз сарчашмаларидан бўлмиш ислом динига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Собиқ шўро ҳукумати даврида азиз-авлиёларнинг унутилаёзган номлари қайта тикланди, улар қолдирган улкан маънавий мерос элимизга қайтарилди, муқаддас қадамжолар ва масжид-мадрасалар таъмирланиб, янгилари қурилди.

    1997 йили Бухоро шаҳрининг 2500 йиллик тўйи нишонланди. 1999 йил апрелда Бухоройи Шариф жамғармаси ҳузурида Чор Бакр меъморий мажмуини таъмирлаш дирекцияси ташкил этилди. Ушбу таъмирлаш ишларига 11 487 та корхона, ташкилот, жамоа хўжаликлари, ширкат, туман ҳокимликлари жалб қилинган. Таъмирлаш ишлари кўлами 6 гектар майдонни қамраб олган. 1930 йилдан бошлаб Чор Бакр мажмуаси ҳудудида ноқонуний равишда қурилган 35 хонадон бузилиб, уларнинг ўрнига боғ-роғлар барпо этилди, қадимий ҳовуз ва тошқудуқ қайта тикланди. Хуллас, XX асрда қаровсиз қолган бу жой 2000 йил августида тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

    Бугун ана шундай обидаларга эътибор янада ортмоқда. Нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонлар ҳам тарихимиз, маданий ёдгорликларимизга катта қизиқиш билдиряпти. Ушбу масканларга сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам ҳар қачонгидан фаоллашган. Асосийси, тарихимизни борича асраб, уни янада гўзал ва замонавий воситалар ёрдамида намоён этиш бугунги кунимиз, Янги Ўзбекистон руҳига мос ҳаракатлардан бирига айланди.

    Зеро, Чор Бакр каби қалби иймон нури билан тўлган, иродаси ихлос ва эътиқод ёғдуси ила мустаҳкамланган табаррук зотлар вафотларидан кейин ҳам маънан ва руҳан тирик бўлиб қолаверади, уларнинг эзгу ишлари эл-юртга ҳамиша ибратдир.

    Азалшоҳ ҲАМРОЕВ,

    Бухоро давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари

    хотираси музейи директори, доцент.

    Мавлуда РАҲМОНОВА,

    Тuron Zarmed университети катта ўқитувчиси.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates