Чорвачилик: қолоқ тармоқдан иқтисодиётнинг драйверига айланаётган соҳа

    Чорвачиликка қаратилган эътибор озиқ-овқат хавфсизлигига қаратилган эътибордир. Мамлакатимизда кейинги йилларда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.

    Натижада тармоқда ҳам сифат, ҳам натижадорлик борасида сезиларли муваффақиятларга эришилмоқда. Ваҳоланки, яқин-яқингача тизимда нима ишлар қилиняпти, чорвадорлар шароити қандай, уларни қийнаётган масалалар ҳал этиляптими, деган саволларга жавоб топиш қийин эди.

    Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, ветеринария фанлари доктори Баҳром НОРҚОБИЛОВ билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлди.

    — Сир эмас, бундан беш-олти йил бурун чорвачиликда кўзга кўринарли ёки эътирофга арзигулик жиҳатлар йўқ эди. Яъни у кўмакка муҳтож, қолоқ тармоқ сифатида фаолият юритган. Адашмасам, сиз ўша пайтдаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг айни шу йўналишида хизмат қилгансиз. Соҳани яхши биладиган мутахассис сифатида ўша йиллар ва ҳозирги пайтни оддий қилиб қандай таққослаган бўлардингиз?

    — Тўғри айтдингиз, ўша даврда Қишлоқ ва сув хўжалиги (ҳозирги Қишлоқ хўжалиги) вазирлиги тизимида айнан чорвачилик йўналишида ишлаганман. Республикамизда ветеринария ва чорвачилик кўп йиллар давомида бутунлай эътибордан четда қолган, қолоқ тармоқлардан бири эди. Тизимда вертикаль бошқарув бўлмаган. Бирорта янгилик, ишга инновацион ва илмий ёндашув, кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш ёки соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича ҳеч қандай ижобий ўзгаришларга эриша олмасдик. Вазирликдаги Ветеринария бош бошқармаси ходимлари атиги етти нафар эди. Узоқ йиллар шундай ҳолатда фаолият юритдик. Гапим қуруқ бўлмасин, бир мисол келтираман. Яъни йигирма беш йил давомида чорвачилик бўйича бор-йўғи иккита қарор қабул қилинди. Бири 2003 йилда, иккинчиси 2008 йилда. Қолаверса, улар тавсиявий аҳамиятга эга эди, холос. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, чорвачиликни ривожлантириш учун аниқ тизим ёки имтиёз белгиланмаган. Шунинг учун тармоқдаги ишлар, ўзгаришлар яққол кўзга кўринмасди.

    Мана, охирги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби ветеринария ва чорвачиликда ҳам ислоҳотлар ўз самарасини беряпти.

    Вилоят, туман тизимларида моддий-техник базанинг ўзи бўлмаган. Лабораторияларга ўн йиллар давомида оддий диагностика ускуналари олинмаган. Чорва молларини касалликларга қарши эмлаш профилактик тадбирлари юзаки ўтказилган. Чунки вакцинация қилиш учун маблағ етишмасди. Пуллик хизмат кўрсатиш деярли йўқ эди. Қачон хизматга пул тўланади? Қачонки, ана шу хизматдан фойдаланувчи натижа, наф кўрса.

    Шу ўринда яна бир рақам. Яъни 2016 йилда республика бўйича хизмат кўрсатиш бор-йўғи 300 миллион сўм атрофида бўлган. Энди ўтган йилги рақамга ­эътибор қаратинг: 2021 йил бу кўрсаткич 60 миллиард сўмни ташкил этди. Бу — 200 баробар ўсиш, дегани. Бу йил эса миқдор 100 миллиард сўмдан ошиши кутилмоқда.

    Қайд этганимиздек, охирги йилларда эътибор ҳам, қилинаётган ишлар кўлами ҳам жуда кенгайди. Буни халқаро ташкилотлар, хорижий ҳамкасбларимиз эътироф этмоқда.

    Президентимиз 2017 йил январь ойида бўлиб ўтган йиғилишда ветеринария соҳасини қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидан чиқариш, алоҳида қўмита ташкил этишни таклиф этиб, бу тизим алоҳида ишламаса, ҳеч қандай натижа бермайди, деган эди. Шундан сўнг 2017 йил 1 июнь куни давлатимиз раҳбарининг “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ўшандан кейин ветеринария соҳасига эътибор тубдан ўзгарди. Тузилма, бошқарув тизими ислоҳ қилинди. Имтиёзлар жорий этилди. Моддий-техник базани ривожлантириш имконияти кенгайди.

    Бундан ташқари, Президентимизнинг 2019 йил 28 мартдаги тарихий фармон ва қарори билан Ветеринария ва чорвачилик давлат қўмитаси қайтадан ташкил этилди. Шундан кейин чорвачилик соҳасида революцион ўзгаришлар даври бошланди. Буни бежиз айтаётганим йўқ. Чунки бу орқали чорвачилик соҳасида 500 дан ортиқ штат ташкил этилди. Қўмита тизимида алоҳида чорвачилик билан шуғулланувчи “Ўзбекчорванасл” агентлиги фаолияти йўлга ­қўйилди. Агентликка давлат бюджетидан 56 миллиард сўм маблағ ­ажратилди. ­Республика — вилоят — туман вертикаль бошқарув тизими яратилди.

    Шунингдек, озуқа базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди ва ўша йилнинг ўзида чорва озуқаси учун 320 минг гектар ерга экин экиш белгиланди. 2022 йилга келиб бундай майдонлар 405 минг гектарга етказилди. Озуқа базасининг яхшиланиши чорва моллари кўпайишига, насл яхшиланишига, аҳоли дастурхонига гўшт ва сут маҳсулотлари кўпроқ етиб боришига хизмат қилади.

    Мутахассис сифатида яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Яъни бундан беш йил олдин бир гектар ердан тўрт тонна озуқа бирлиги олинарди. Бу йил эса озуқа бирлиги 11 тоннага чиқди. Буларнинг бари соҳага қаратилаётган эътибор, охирги беш йил ичида ветеринария, чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун давлат раҳбарининг 4 та фармони, 20 дан ортиқ қарори ҳамда ҳукуматнинг 30 дан зиёд қарори қабул қилингани самараси, албатта. Қўллаб-қувватлаш, имтиёзлар, имкониятлар натижаси бу.

    Шу билан бирга, Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги қарорига биноан, соҳага қўшимча янгиликлар жорий этилди. Яъни давлат томонидан соҳага субсидия, имтиёз бериш бошланди. Хусусан, четдан кимдир наслли мол олиб келадиган бўлса, унга келтирган ҳар бир бош наслли мол учун 2 миллион сўмдан давлат бюджетидан субсидия бериладиган бўлди. Бир бош наслли қўй учун бу миқдор 400 минг сўм, наслли жўжа учун эса 8 минг сўм этиб белгиланди. Наслчилик хўжаликларига барча солиқлардан 50 фоизлик имтиёз тақдим этилди. Натижада чорвадорларимизда ишга бўлган муносабат ўзгарди, иштиёқ ортди.

    Биласизми, бунгача балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, умуман, чорвачиликнинг барча тармоғида бир йилда 100 та катта-кичик лойиҳа қилинарди. Нимага? Чунки маблағ йўқ эди. Бугун эса вазият тамомила бошқача. Масалан, ўтган йили 7 триллион 800 миллиард сўмлик 1874 та лойиҳани амалга оширдик. Бу йил эса 9 триллион 200 миллиард сўмлик 2031 та лойиҳа рўёбга чиқариляпти.

    — Эътибор, қўллаб-қувватлаш бор, лойиҳалар амалга ошириляпти. Булар яхши, албатта. Лекин натижа қандай бўляпти? Яъни ишлаб чиқариш ҳажми қай даражада яхшиланмоқда?

    — Тўғри, қилинаётган ишлар, амалга оширилаётган лойиҳалар самараси кўпчиликни қизиқтиради. Аслида, бунга жойларда янги қурилаётган чорвачилик комплекслари, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхоналар яққол мисол. Шундай бўлса-да, фикримизни факт ва рақамлар билан асосласак, мақсадга мувофиқ бўлади. 2019 йилгача қишлоқ хўжалигида чорвачилик йўналишидаги фермер ва корхоналар улуши 4 фоизни ташкил этган. 96 фоиз чорва моллари аҳоли қарамоғида бўлган. Бугун бу кўрсаткич 10 фоизга етди. Бу чорвачилик фермер хўжаликларида ишлаб чиқариш суръати яхшиланяпти, дегани. Яна бир статистик маълумот: уч йил олдин чорвачилик фермер хўжаликларида бир йилда 600 тонна сут ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозир бир миллион тоннадан ошиб кетди. Гўшт ишлаб чиқариш тирик вазнда 150 минг тоннадан 300 минг тоннага кўпайди.

    Жорий йил якуни бўйича “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”да белгилаб берилган 2 миллион 700 минг тонна гўшт, 12 миллион 200 минг тонна сут, 8 миллиард 200 миллион дона тухум, 27 минг тонна асал ишлаб чиқаришга эришилади.

    Чорвачилик фермер хўжаликлари охирги уч ярим йилда 5 минг 200 тадан 8 мингтага етди. Мол бош сони икки баробар ошиб кетди.

    Шунингдек, аҳолига ҳам наслли чорва моллари етказиб берилмоқда. Турли хизматлар кўрсатиляпти. Шунинг ­ҳисобига бугунги кунда республикамизда аҳоли жон бошига сут 106 фоиз, гўшт билан таъминланиш 105 фоизга чиқди. Яъни 42,8 килограмм гўшт ўрнига 45,8 килограммга, сут эса 315 килограмм ўрнига 325 килограммга етказилди ва ўсиш 105 фоизни ташкил этди. Худди шундай бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳам ўсиб бормоқда.

    — Ривожланишда халқаро алоқалар муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда қўмитанинг халқаро молия институтлари билан ҳамкорлиги қай даражада?

    — Ҳар бир тармоқни ривожлантириш учун, албатта, молиявий маблағ зарур. Бугун бизда яратилган иш услуби халқаро молия ташкилотлари билан бемалол ишлайдиган тизим. Барча йўналиш бирлашган, бир жойга жамланган. Яъни ишлаб чиқариш, фан, илм, таълим, кадр — ҳаммаси узвий боғланган. Бу жараён натижа беради.

    Саволингиз халқаро алоқалар хусусида бўлгани учун 2019 йилдан буёғига халқаро молия институтлари билан қилинаётган ишлар бўйича қисқача маълумот бериб ўтсам. Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, Осиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, KOICA, JICA, TIKA, ФАО — ҳаммаси билан яхши алоқадамиз.

    Биласиз, халқаро ташкилотлар ҳам бирор соҳага ёки ҳудудга ўз-ўзидан маблағ ажратмайди, ҳамкорлик қилмайди. Бунинг учун қулай шароит ва имконият яратилган бўлиши керак. Бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар, юритилаётган сиёсат туфайли Ўзбекистонда шундай шароит мавжуд. Охирги тўрт йил ичида халқаро молиявий ташкилотлардан 425 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб қилиниб, 4 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилгани бунинг яққол исботи.

    Ана шу ҳамкорлик натижасида четдан 150 мингдан зиёд наслли моллар олиб келинди. 150 дан ортиқ сутни, 56 та гўштни қайта ишлаш корхоналари, 70 дан зиёд омихта ем ишлаб чиқарувчи корхоналар ишга туширилди.

    Қайд этиш керак, соҳага фақат кредитлар эмас, грант маблағлари ҳам фаол кириб келяпти. Хусусан, сўнгги уч йилда Европа Иттифоқидан 13 миллион, Франция тараққиёт агентлигидан 12 миллион, KOICAдан 1 миллион доллардан зиёд, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасидан 2,5 миллион доллар, умуман, 30 миллион доллар атрофидаги грант маблағлари соҳа ривожига йўналтирилди. Булар эртага ўз натижасини кўрсатади, албатта. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

    — Халқаро мавзудан узоқлашмаймиз. Чунки навбатдаги саволим ҳам шу йўналишда. Гап шундаки, яқинда оммавий ахборот воситаларида Италиянинг Катания шаҳрида бўлиб ўтган йирик халқаро конференцияда эпизоотик барқарорликни сақлашда Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланиб, анжуманга мамлакатимиз делегацияси вакиллари раислик қилибди. Мазкур халқаро эътирофнинг сабаблари нимада?

    — Бунинг асосий сабаби Халқаро ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти Ўзбекистон ветеринария ва чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган ишларни тан олади. Бу ишлардан мамнун. Ўрнак қилишга арзигулик, деб билади ва бу халқаро тадбирда эътироф этилди.

    Эътиборлиси, бу биринчи ҳолат эмас. 2018 йилда қўмитамиз янги ташкил этилгач, ушбу ташкилот раҳбари Ўзбекистонга келиб, амалга оширилаётган ишларни кўрган эди. Аслида, дунё тажрибаси шундай: ветеринария мустақил бўлиши керак. Ҳеч қандай вазирлик таркибида эмас. Ўзбекистон бунга биринчилардан бўлиб қўл урган давлат. Шу боис, бугун Ўзбекистон тажрибаси бошқаларга ҳам тавсия этиляпти.

    — Мамлакатимиз чорвачилик соҳасида жаҳоннинг етакчи давлатлари билан бўйлашиши учун истиқболда қандай режаларингиз бор? Нима ишлар қилсак, шу даражага етамиз деб ўйлайсиз?

    — Соҳани чорвачилиги ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш осон иш эмас. Бу жуда катта меҳнат ва ресурс талаб этадиган жараён. Халқимизда бир мақол бор, эшитгансиз. “Деҳқончилик бир йилда, чорвачилик қирқ йилда”. Деҳқончилик бир йил ўхшамаса, келаси йил сувини, ўғитини ўз вақтида берсангиз, кутилган натижага эришасиз. Шунга қиёсан, айтадиган бўлсак, биз мустақилликнинг дастлабки йилларидан эътибор бермаганимиз боис, чорвачиликни, деярли йўқотдик. Мана, орадан ўттиз йилдан ортиқ вақт ўтиб, энди-энди тиклай бошладик.

    Охирги беш йил ичида қилинган ишлар билан ҳам соҳада ривожланиб кетдик, десак хато бўлади. Шу даврда қолоқ соҳанинг драйвер соҳага айланиши мумкин эканини кўрсата олдик, йўлга тушдик, холос! Ривожланиш учун вақт керак.

    Муҳими, Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларда ҳамма имкониятлар, шароитлар яратиб берилди. Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур қабул қилинган. Унда соҳани тараққий эттириш учун наслчиликни янада яхшилаш, озуқа базасини яратиш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, инвестицияларни жалб қилиш каби энг асосий масалалар аниқ белгилаб олинди. Унда кўрсатилган вазифалар, албатта, амалга оширилади. Чунки еримиз, сувимиз бор. Одамларимиз меҳнаткаш. Соҳа давлатимиз томонидан изчил қўллаб-қувватланяпти.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates