Чуқур тарихий, этник ва ижтимоий мазмун ифодаси

    2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун

    Маълумки, мамлакатимиз мустақилликнинг илк йилларидаёқ ўзининг давлат рамзлари – Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини давлатчилик ва мустақиллик рамзлари сифатида тегишли қонунлар билан тасдиқлади. Ушбу рамзлар ўзбек халқининг тарихий хотираси, бугунги мақсадлари ва келажак ғояларини ўзида мужассамлаштиради. Мана шу рамзларни эъзозлаш ўзининг қадр-қимматини, ўз мамлакатига ва шахсан ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш демакдир.

    Ҳар бир давлат рамзи ўзида чуқур тарихий, этник ва ижтимоий мазмун ифода этади. Байроқ ва гербларда тасвирланган тасвирлар ва уларнинг ранглари муайян халқ, миллат ўтмиши, қадим анъаналари, турмуш тарзи, орзу-умидлари, мақсади, ғояларини ифодалашга хизмат қилади. Давлат мадҳиясида эса халқ, миллат, давлат ва жамиятнинг ягона мақсади, бирлиги, ғоялари мужассамлаштирилади.

    Давлатимиз рамзларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби 1992 йил 2 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги 616-ХII-сонли қонуни асосида тасдиқланган.

    Гербимизга яқиндан назар ташлайдиган бўлсак, марказда тинчлик, бахт ва эрксеварлик рамзи бўлган Ҳумо қуши ва унинг қанотлари орасида чарақлаб турган қуёш, тоғли водий ва икки томонда оқиб келаётган дарёлар тасвири, чап томонида буғдой бошоқлари, ўнг томонида очилган пахта чаноқлари сурати туширилган чамбардан иборат. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.

    Гербнинг юқори қисмида республика жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз: саккиз қирра ичида ярим ой ва беш қиррали юлдуз – мусулмонларнинг қутлуғ рамзи тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳи, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, судлар, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларининг олд томонига акс эттирилади, уларнинг мажлислар залига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда юқоридаги давлат органлари раҳбарлари хоналарига жойлаштирилади.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

    Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербини ҳурмат қилишлари шарт.

    Давлат рамзлари шартли белгилар бўлса-да, давлат мавжудлигини кўрсатиб қадим даврлардаёқ халқларнинг у ёки бу ҳодиса, олам, мавжудот ҳақидаги қарашларини ифодалаган. Давлат рамзларини муайян миллатнинг этнопсихологик хусусиятлари, қарашлари, орзу-умидлари, интилишлари ҳамда мақсадини, ҳудудий, сиёсий-ижтимоий бирлик моҳиятини ажратишга хизмат қилувчи тасвирий белгилар мажмуйи сифатида қараш мумкин. Муайян давлатнинг байроғи, герби ҳамда мадҳияси давлат рамзлари мажмуйини ифодалайди.Давлат байроғи, герби ҳам жаҳон миқёсида мавжуд бўлган муайян давлатнинг ўз халқи, миллати номидан фаолият юритиш имкониятига эга эканлигини англатади.

    Давлат герби бошқа рамзлар қатори инсонга ўз мамлакати билан фахр туйғусини беради, ўз мамлакати билан фахрланадиган инсон эса кўп нарсаларга қодир бўлади. Бу эса жамиятнинг, умумий маънода давлатнинг ривожланиши гаровидир.

    Шаҳноза Алмосова,

    Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates