Навоий вилоятининг Навбаҳор тумани “Қоражон” МФЙ, Тепа-туп гузари, 29-хонадонида истиқомат қилувчи фуқаро Аҳмад Турсуновдан келган, “Дағал хашак нима ўзи?” мавзусидаги мактубни ўқир эканмиз, хат эгасининг юртимиздаги мавжуд қир-адир ва яйловларга эътибор кам қаратилаётганлиги ҳақидаги фикрлари кишини бир оз ўйга толдиради.
Янтоқ ўсимлигининг чорва молларига ниҳоятда фойдали озуқа экани ҳақидаги маълумотлари эса барчага бирдек қизиқ. Яхшиси келинг, Аҳмад Турсунов хатидан бир парча келтирамиз:
“Дағал хашаклар ичида янтоқ алоҳида аҳамиятга эга яъни хом килограммида 0,44 фоиз озуқа борлиги бизга фандан маълум. Лекин халқимиз янтоқни озуқаси кучлилигига ҳамда кенг яйловларда ўсиб ётганлигига эътибор ҳам бермай, бозордан сомон ёки бедани қиммат нархда сотиб олади ва уйида мол боқади.
Аслида янтоқ ҳам арзон ҳам чорва молларига жуда ҳам фойдали озуқа ҳисобланади. Агар, ҳар бир оила ёзнинг сўнгги ойида, яъни августда 20 кун янтоқ чопиб хашак сифатида ғамласа, ҳовлисида боқадиган молларига кони фойда бўлади. Самарқанд вилояти Нуробод тумани Жом қишлоғи аҳолисининг 90 фоизи янтоқ ўсимлигини чопиб, қишга ҳам ғамлаб оғилидаги молларини боқади”, дея куйиниб ёзади.
Жумладан, хат муаллифи, яйловларда ўсадиган ўсимликларни кўпайтириш ва улардан унумли фойдаланиш ҳақида бир қанча тавсияларни санаб ўтиш баробарида, август ойида хашак ғамлаш бўйича аҳоли ўртасида бир ойлик “зарбдор янтоқ чопиш” ойлиги эълон қилинишини таклифини ҳам илгари суради.
“Янтоқ чопиш” ойлиги уюштирилса, халқимиз боқадиган молларнинг озуқаси кўпроқ ғамланишини, шунингдек, янтоқ бошқа чорва озуқаларига қараганда фойдалироқ эканлигини таъкидлаб ўтган.
Биз газетамизга мактуб йўллаган навоийлик Аҳмад Турсуновнинг билдирган фикрларини “Янги Ўзбекистон” газетаси сайтида эълон қилар эканмиз, чиндан ҳам дала-даштда ўсадиган ёввойи ўсимликларга янада кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини теранроқ англагандек бўлдик.
Зеро, ҳар қандай ўсимлик дунёси фақатгина чорва моллари озуқаси учун эмас, она табиат мусаффолигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Гулчеҳра Дурдиева,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









