Дастурлар халқ фаровонлигига хизмат қилади

    Ҳаёт гўзаллиги ҳамда тириклик ҳикмати саломатликда, инсон қадри эса унинг гўзал қалби ва эзгу амаллари билан ўлчанади.

    Орамизда ҳаётда янада теран, соф туйғулар билан боқувчи шундай одамлар борки, улар ҳалқимизнинг, давлатимизнинг эътиборига, ғамхўрлигига муҳтож. Буни кучли ижтимоий ҳимоя, деб атаймиз. Айнан у инсон ривожланишининг ажралмас қисми бўлиб, аҳолининг ушбу қатламини ижтимоий хизматлардан фойдаланиши шароит яратади.

    Кенгроқ маънода таҳлил қиладиган бўлсак, ижтимоий ҳимоя жамиятда камбағаллик ва тенгсизликни қисқартириш, аҳолининг барча қатламларига бутун умри давомида меҳнат қилиш, соғлиғини сақлаш, таълим олишига кўмаклашиш, фуқаролар ва оилаларнинг инқирозли вазиятлар ва турмуш қийинчиликларини енгиб ўтишида ёрдам беришга қаратилган сиёсат ва дастурлар, ижтимоий ёрдам, бандлик, ижтимоий суғурта, ижтимоий хизматлар мажмуидан иборат бўлиб, инсонларга эҳтиром кўрсатиш, уларни шаъни, обрўси, қадр-қимматини ҳурмат қилиш мезонидир.

    2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга ошириладиган давлат дастурида кенг жамоатчилик таклифлари инобатга олинган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга қулайлик яратишга қаратилган долзарб вазифалар ҳам белгиланди. Дарвоқе, ногиронликни белгилаш ўта муҳим жараён. Сабаби, ижтимоий ҳимоя тизими шу тартибдан бошланади. Дастурда айни шу йўналишдаги муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.

    Маълумотларга қараганда, ҳозир сайёрамизда бир миллиард аҳолида, яъни ҳар етти кишидан камида бир нафарида у ёки бу турдаги ногиронлик мавжуд. Умумий кўрсаткичнинг 100 миллиондан зиёдини болалар ташкил этади. Бошқа соғлом кишилар қатори имконияти чекланган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, улар учун мавжуд тўсиқлардан холи инклюзив жамият яратиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, 2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди.

    Жорий йилда эса бу ишларнинг кўлами янада ортади. Чунки жисмоний имконияти чекланган инсонлар ҳамиша давлатимизнинг ижтимоий ҳимоясидадир. Айниқса, охирги тўрт йилда тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш йўналишларида бир неча ўн йиллар давомида бажарилмаган ишлар амалга оширилди. Давлат дастурида ҳам мазкур ижобий тажрибани маҳкам тутган ҳолда ногиронлиги бўлган фуқароларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар ижроси кун тартибига қўйилди.

    Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерлар, ёлғиз яшовчи кексаларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари билан таъминлашни умуман янги механизмга, яъни сертификат бериш тизимига ўтказиш, фуқароларга ўз танловига кўра, давлат томонидан бериладиган маблағлар ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан ушбу маҳсулотларни сотиб олиш имкониятини яратиш чораларини кўриш белгиланди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тегишли алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик ўрнатди.

    Шунингдек, ногиронлик аломатлари яққол кўриниб турган, нохуш клиник ташхисга эга фуқароларни ҳар йили ёки икки йилда бир марта Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларидан ўтказишдаги қийинчиликларга барҳам бериш топшириғи қайд этилди. Боиси, илгари ногиронлиги, имконияти чеклангани аниқ, яққол кўриниб турган шахслар ҳам қайта-қайта текширувлардан ўтказиларди. Бу жараён кўплаб эътирозларга сабаб бўларди.

    Шу боис ногиронликни белгилашда эскирган тиббий-меҳнат экспертиза қилиш тизимидан жаҳон стандартларига мос тиббий-ижтимоий экспертиза қилиш тизимига ўтилади. Ногиронликни бюрократик тўсиқларсиз қисқа муддатларда белгилаш тизими жорий қилинади. Энг аҳамиятлиси, мамлакатимиз бўйича ягона бўлган ногиронликни белгиловчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари тизими ташкил этилади. Текширувдан ўтказиш тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида бепул амалга оширилади.

    Давлат дастурида ўз ифодасини топган бундай эзгу амаллар ҳақида мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлисга ҳамда халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам айтиб ўтганди. Дастурнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой мобайнида тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишнинг умуман янги моделига ўтиш чораларини кўриши лозимлиги белгиланган. Айни пайтда ишчи гуруҳ ташкил этилиб, тегишли ҳужжатлар устида ишлар амалга оширилмоқда.

    Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашнинг муҳим омилига айланган. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Бугун тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам ён-атрофимиздаги имконияти чекланган фуқароларнинг ўзларини шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этишларини таъминлашдан иборат.

    Анвар ҚОБИЛОВ,

    Тиббий-ижтимоий хизмат агентлиги

    матбуот хизмати раҳбари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates