Давлат тиббий суғуртаси

    Хасталикларни эрта аниқлаш ва олдини олиш, шифокорлар фаолиятини баҳолашда янги тизим

    Музаффар Абдуллаев олган суратлар

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё аҳолисининг деярли ярми энг керакли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олинмаган. 800 миллиондан ортиқ аҳоли ёхуд дунё аҳолисининг 12 фоизи даромадининг камида 10 фоизини соғлиқни сақлаш учун сарфлайди.

    Чунки ҳар қандай касаллик қайсидир миқдорда маблағ ва тиббий имконият талаб қилади. Тиббий хизмат нархи ошганда аҳолининг камхарж қатламида юқори малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти бўлмаслиги мумкин. Тиббий суғуртанинг мақсадларидан бири ана шу муаммони бартараф этган ҳолда, тиббий хизматдан фойдаланишда барчани тенг қамраб олишдир.

    Самара нималарда кўринмоқда?

    Соғлиқни сақлаш соҳасидаги сметали молиялаштириш тизими эскиргани, халқаро амалиётга мос келмайдиган механизмларга асослангани, аҳолининг малакали ва камхарж тиббий хизматга бўлган эҳтиёжи тиббий суғурта тизимига заруратни юзага келтирди.

    Президентимиз ташаббуси билан давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида жорий этишдан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳолининг молиявий қийинчиликка дуч келмай, зарур тиббий ёрдам олишини таъминлаш, эл саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

    Давлат томонидан бошқариладиган ва аҳолининг барча қатламини қамраб оладиган мазкур тизим энг тежамкор ва рационал модел ҳисобланади.

    Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўтган йилнинг 1 июлидан 2022 йил охиригача ушбу вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, тажриба-синов натижаларини таҳлил қилиш, 2023 йилдан бошлаб унинг ижобий натижаларини юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий қилиш вазифаси белгиланган. Айни пайтда мазкур амалиёт илк самарасини кўрсатмоқда.

    Тиббий суғурта тизими жорий этилиши аввалида вилоят аҳолисининг электрон реестри шакллантирилди. Беморнинг касаллиги, қайси шифокор қабулида бўлгани, ташхис ва даволаниш ҳолати ҳақидаги маълумотлар электрон базага киритилди. Бу эса хасталикларни эрта аниқлаш ва олдини олиш, шифокорлар фаолиятини баҳолашда қўл келмоқда.

    Шу асосда поликлиникага мурожаат қилган ёки шифохонага борган шахсга индивидуал маслаҳат бериш, зарурат бўлса, назоратга олиш, консультация ва даволашреабилитация жараёнига жалб қилиш амалиёти олиб бориляпти. Вилоятдаги ҳар бир тиббиёт муассасасида тиббий бригадалар шакллантирилиб, 852 мингдан ортиқ аҳоли хатловдан ўтказилди. Улар саломатлик кўрсаткичига кўра тўрт гуруҳга ажратилди. Мақсад касалликларни эрта аниқлаш, тиббий ёрдамнинг бирламчи бўғинида малакали ва сифатли хизмат кўрсатиш, аҳолининг саломатлик даражаси, ўртача умр кўриш давомийлигини оширишдан иборат.

    — Молиявий ресурслар чеклангани, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш соғлиқни сақлаш соҳасининг муҳим, ҳал қилиниши зарур бўлган муаммоларидан бири эди, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижрочи директори Фаррух Шарипов. — Суғурталаш тизимининг жорий этилиши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламининг ошиши, хавфли касалликларга чалиниш эҳтимолини камайтириш билан бирга, тез тиббий ёрдам тизимининг транспорт, тиббиёт муассасаларининг дори-дармон билан таъминланишини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилмоқда. Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасалари билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасидаги шартномага кўра, аҳоли жон бошига нисбатан, глобал бюджет (анъанавий) тарзда ва ҳар бир даволанган ҳолат учун молиялаштириш усулидан фойдаланилмоқда.

    Ҳозир Сирдарё вилоятидаги 11 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси, 18 та соғлиқни сақлаш муассасаси билан шартнома имзоланган. Ушбу шартномаларга асосан бирламчи тизим муассасалари уларга бириктирилган аҳоли сони ва таркибидан келиб чиқиб, диспансер хизмати кўрсатувчи муассасалар глобал бюджет асосида ва стационар муассасалар бажарилган ишлар натижаси (даволанган ҳолатлар) бўйича молиялаштириш тизимига ўтказилган.

    Ўтган йилнинг июль–декабрь ойларида давлат бюджетидан Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларига шартнома асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси 225,5 миллиард сўм йўналтирди.

    Давлат тиббий суғуртаси жорий этилиши тиббий хизмат нархининг арзонлашишига, хизмат сифати ошишига олиб келмоқда. Фуқаролар оилавий шифокор йўлланмаси билан тиббиёт муассасаларида сифатли тиббий хизмат олиш имконига эга бўлмоқда.

    Энди Сирдарё вилоятидан Тошкент шаҳрида жойлашган тиббиёт муассасаларига келувчилар сони камайди. Бу билан беморларнинг вақти тежалиб, ортиқча маблағ сарфланишининг олди олинмоқда. Эътиборлиси, кўплаб мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоятнинг ўзида, малакали мутахассислар иштирокида бажарилмоқда.

    Бир том остида

    Яқинда Гулистон шаҳрида барча қулайликларга эга 520 ўринли Гулистон тиббиёт кластерининг биринчи босқичи фаолият бошлади. Тиббиёт кластери давлат тиббий суғуртасини жорий этиш учун тўлалигича замин яратиш билан бирга, тиббиётда инновация ва биотехнологиялар учун йўл очилишига хизмат қилади. Бешта даволаш муассасаси ва вилоят диагностика маркази негизида ташкил этилган кластерга тегишли барча бўлим, диагностика ва лаборатория текшируви марказлашиб, бир бинода жойлаштирилган.

    Ижтимоий ҳимояга муҳтож фахрийлар шифохонасидаги барча беморлар шу ерга кўчирилди. Тиббий ёрдам кўрсатишнинг учинчи даражасида тиббий хизмат кўрсатишнинг янги модели яратилиб, эндоваскуляр хирургия, кардиохирургия, юқори технологик даволаш усуллари, трансплантация хизматлари тиббиёт кластерида тўлалигича йўлга қўйилади. Келгусида эндокринология, кўз касалликлари диспансерлари, вилоят шошилинч тиббий ёрдам маркази ва диагностика марказида ётган беморларга ёрдам кўрсатиш шу кластер таркибида амалга оширилади ва бунинг учун барча шарт-шароит, имконият яратиляпти.

    Беморни даволашда бир вақтнинг ўзида кардиолог, окулист ёки эндокринолог маслаҳати керак бўлиши мумкин. Бу жараёнда бошқа даволаш муассасасида зарур мутахассис кўригидан ўтиб, уларнинг хулосасини олиш учун овораю сарсон бўлиш, вақт сарфлаш керак эди. Кластерга келганидан кейин аҳолининг бошқа даволаш муассасасига боришига эҳтиёж қолмайди. Шу ернинг ўзида барча мутахассис маслаҳатини олиш мумкин. Бу эса беморнинг вақтини ҳам, маблағини ҳам тежайди.

    Россия, Беларусь ва Туркияда малака ошириб қайтган, замонавий тиббий жиҳозларни бемалол ишлата оладиган малакали шифокорлар самарадорликни оширмоқда.

    — Барча бемор ўзига зарур тиббий ёрдамни қисқа вақтда олиши мумкин, — дейди Гулистон тиббиёт кластери директори Қодир Ҳотамов. — Хусусан, зарур ҳолларда шошилинч тиббий ёрдам навбатсиз кўрсатилади. Режали келган беморлар эса йўлланма билан қабул қилинади.

    Айни пайтда юқори технологик жарроҳлик амалиёти вилоятнинг ўзида бажарилмоқда. Мисол учун, бир неча йил муқаддам фақат чет элда амалга ошириш мумкин бўлган эндопротез ўрнатиш (сон бўғимидаги косачанинг бош чаноғини алмаштириш) учун ҳозир малакали шифокор ҳам, махсус замонавий тиббий қурилмалар ҳам етарли. Ўтган йили вилоят миқёсида бу каби 30 та жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.

    — 2020 йилга нисбатан ўтган йилда жарроҳлик амалиёти кўрсаткичи 1,5 баробар кўпайди, — давом этади кластер директори. — Пойтахтга юборилаётган беморлар сони 2 баробар камайди. Бу инсонларнинг сарсон-саргардон бўлиб, қийналиб юришининг олди олинди, дегани.

    Кластер ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Сабаби, бунинг учун мутахассислардан ташқари янги тиббий ускуналар, замонавий жиҳозлар сотиб олиниши керак. Тиббий суғурта тизими анжомларни сотиб олиш, мутахассисларни тайёрлашда молиявий кўмак бермоқда. 2020 йилгача вилоятда қилинмаган ноёб жарроҳлик амалиёти, масалан, эндопротезлаш, умуртқа поғонасини мустаҳкамлаш, ортопедик нуқсон билан туғилган ногирон болаларда аъзолар шаклини, кўкрак қафасидаги деформацияларни тўғрилаш каби амалиётлар тиббиёт кластерида, етакчи мутахассислар иштирокида амалга оширилмоқда.

    — Ўт пуфагимда тош пайдо бўлгани туфайли қаттиқ оғриқдан қийналардим, — дейди Сардоба туманидан келган 70 ёшли Иқболой Жумашева. — Жарроҳлик амалиёти йўли билан ўт пуфагимдаги тош олиб ташланди. Шифохонада шароит яхши. Дори-дармон, даволаш бепул.

    Мазкур амалиёт кесмасдан, лапроскапик усулда бажарилади ва кам асоратли жарроҳлик амалиёти саналади. Бунда бемор икки-уч кунда аввалги соғлом ҳолатига қайтади ва бемалол уйга кетиши мумкин бўлади. Бир ҳафта, ўн кундан кейин меҳнатга лаёқатлилиги тикланади, нохуш асоратлар кузатилмайди.

    Айни пайтда вилоятда мураккаб нейрожарроҳлик амалиёти ҳам бажарилмоқда. Бунинг учун барча шароит яратилган. Замирида “Инсон қадри учун” тамойили устувор бўлган, аҳоли саломатлигини асраш, умр давомийлигини оширишдек эзгу ниятда қилинаётган ишлар бугун ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.

    — Суяк емирилиши касаллигига чалинганимга 15 йилдан кўпроқ бўлди, — дейди гулистонлик Роҳат Ҳожибекова. — Шунча йилдан бери соғлиғим ёмонлашиб, дардим ортаётганини сезиб келаётгандим. Йўлланма билан мана шу шифохонага келдим. Жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, оёғимга протез қўйилди. Даволаш, дори-дармон, операция учун мендан ҳеч қандай маблағ талаб қилинмади. Ҳозир аҳволим яхши. Шу ернинг ўзида барча қулайликларга эга шифохоналар ва яхши шифокорлар борлигидан ғурурландим. Барчаси учун чексиз миннатдорман.

    Мутахассислар тайёрланяпти, қимматбаҳо ускуналар келтириляпти. Хусусан, юрак ва буйракда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказиш имконини берадиган ангиограф ускунасини харид қилиш кўзда тутилган.

    Буларнинг барчаси замирида халқ розилигига эришиш, сифатли ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсади мужассам. Буни халқимиз яхши билади ва қадрлайди. Зотан, англанган қадрнинг аҳамияти янада юксак бўлади.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates