Давлат тили — миллат тимсоли

    Фикр 27 октябр 2021 3506

    Ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданияти, азалий қадриятлари, шунингдек, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратиши табиий.

    Ривожланган давлатларнинг халқи ўз тилларига чуқур ҳурматда бўлгани боис, ҳеч бир истисносиз дунё ҳамжамиятида нуфузини мустаҳкамлаб олди. Бу халқнинг Ватанига бўлган садоқати, миллатнинг дил бирдамлиги нишонасидир. Шу юртда туғилиб яшаётган инсон миллатидан қатъий назар қалбида иймону эътиқод, садоқат туйғуси мустаҳкам бўлса, ўша халқнинг маънавий қадриятларига, маданий меросига ҳурмат билан муносабатда бўлади.

    Гўзал ва жозибадор она тилимизнинг бебаҳо қадрият эканлигини келгуси авлодларга безавол етказиш катта авлод учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Миллий тилимизнинг мавқейи ва софлигини сақлаш, эъзозлаш, ўзбек тилининг давлат тили сифатида, энг аввало, мамлакатимизда, қолаверса, дунё миқёсида нуфузи, обрўйини ошириш халқ вакилларининг холис ниятига боғлиқ. Бугунги ҳақиқатга бир назар ташланг. Эндигина саводи чиққан болаларимиз кўчада юрганда турли савдо дўконлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари пешлавҳалари, рекламаларини ўқиб-ўқиёлмай, маъносига тушунолмай ўзимизни бир неча марта саволга тутгани аниқ.

    Мамлакатимизда ном бериш (нейминг) фаолияти билан айрим хусусий маркетинг ва реклама агентликлари хорижий тилда ёки давлат тили қоида- меъёрларига, миллий қадриятларга зид бўлган ном ва логотип яратиш билан шуғулланиб келяпти. Натижада савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига маъносига эътибор қаратмасдан хорижий тилларда ном бериш урфга кириб бормоқда.

    Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунининг 20-моддасида «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин»; 22-моддасида «Республиканинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, майдонлари, кўчалар ва географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилади», — деб қайд этилган.

    Лекин Қонунга қай даражада амал қилиняпти? Бу саволга юртимиз шаҳар ва туманларида қад ростлаб турган бинолар пешлавҳалари ва рекламалардаги ном ҳамда ёзувларни кўрган киши ўз хулосаси ва жавобини беради. Эндиликда иккита алифбодан битта алифбога ўтиш фурсати етган бўлсада, ҳанузгача ҳокимликлар, айрим ташкилотлар раҳбарларида иккиланиш, ижро интизомига бефарқлик мавжуд. Ана шу бефарқлик жиддий хатоларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

    Шу ўринда ўтган асрнинг буюк тилшуноси ва адиби Абдурауф Фитратнинг «Тилимиз» номли мақоласида ўзбек зиёлиларининг форс ва араб сўзларини ишлатишга ўчлигидан нолиб, ёзган қуйидаги фикрларини келтиришни жоиз деб билдим: «Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча (ўзбекча)!.. Минг йилдан бери эзила келмишдир. Лекин битмамишдир. Битмас, яшамишдир, яшар. Негаким бойдир. Туркча яшамишдир. Яшар, лекин ўзини араб, форс тилларидан қутқара олурми, йўқми? Сўзни бу ерга етиргач, бармоғимни яранинг ўзагига босмиш бўлдим.» [Фитрат А.1996: 237-240].

    Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги жадал иқтисодий ислоҳотлар туфайли маркетинг, менежмент, менежер, блогер, брокер, инновация, версал, кастинг сингари кўплаб хорижий сўзлар ўзбек адабий тилининг луғатидан; пица, ҳотдог, лаваш, шаурма, миллиниум, доставка, мы открылись каби сўзлар халқимиз нутқидан жой олиб улгурди. Она тилимиз жонкуяри А.Фитратнинг куюнчаклик билан айтган юқоридаги фикрлари асрлар ўтиб, тилимизнинг бугунги ҳақиқатига ҳам мос келади, десак муболаға бўлмайди. Зеро, «Тилимизнинг луғат хазинасини бойитиш ва тозалигини таъминлаш, лексик меъёрларнинг мунтазамлигига эришишда энг маъқул йўл ўзбек тилининг ўз ички имкониятларига таянишдир. Ўзбек тилининг ўз қонуниятлари асосида янги сўзлар ясаш, у ёки бу сабабга кўра истеъмолдан чиққан қадимги ва эски туркий сўзларни тиклаш, тилимизнинг теран томирлари бўлмиш шевалардан сўз олиш мақсадга мувофиқ. Масалан, «рапорт» сўзининг ўзбекча муқобили сифатида «билдирги» сўзи ясалди ва адабий тильдан жой олди. Ёки «район» сўзи аввал «ноҳия» сўзи билан алмаштирилди, аммо лексик меъёр мақомини олмади. Кейинроқ эски ўзбек тилидаги «туман» сўзи истеъмолга киритилди, у фаол луғатимизда ўз ўрнини топди». [Маҳмудов Н.,2007:52].

    Таниқли рус тарихчиси А.П.Григорьев тадқиқотларида XIII-XIV асрларда Олтин Ўрдада сўзлашув ва ёзув тили сифатида қипчоқ лаҳжаси қўлланилган бўлсада, расмий ёзишмалар ва адабий матнлар Чиғатой лаҳжаси, яъни эски ўзбек тилида юритилганлигини қайд этади. Кўринадики, қадимдан ўзбек тилида буюк алломаларимиз нафақат завқу шавқ билан ижод қилган, балки расмий тил сифатида ҳам миллат тилининг нуфузини сақлаб қолишга ҳаракат қилганлар. Ўз ватанига, миллатига бўлган садоқатини она тили орқали кўрсатишга интилганлар. Нима учун? Чуқур мушоҳада қилсак, ўз тили ва ёзуви мустақиллиги, мустаҳкамлигига эга бўлган давлат дунё халқлари нигоҳида турган.

    Айтиш жоизки, ўзбек тили дунёдаги ривожланган тиллардан бири сифатида ниҳоятда бой лексик хазинага эга. Шу боис, сўз қўллаш, ном танлаш масалаларида ўзбек тилининг изоҳли луғатлар мажмуасига таяниб, концептуал ёндашиш мақсадга мувофиқ. Тил ва ёзувнинг цивилизациясида миллат руҳи, Ватан туйғусини ҳис этган, авлодлар келажагини ўйлаган ҳар бир инсон жонбозлик кўрсатади, аввало, ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади. Эндиликда иккита алифбодан битта алифбога ўтиш фурсати етган бўлсада, ҳанузгача ҳокимликлар, айрим ташкилотлар раҳбарларида иккиланиш, ижро интизомига бефарқлик мавжуд. Ана шу бефарқлик жиддий хатоларни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ( 2020 йил 20 октябрь) ПФ-6084-сонли Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (2021 йил 16 март) 144-сонли Қарори қабул қилинди. Бу ўз вақтида ва оқилона қабул қилинган қарор бўлиб, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам бўлади. Ушбу қарорда Ўзбекистонда савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном бериш (нейминг) хизматини тизимли йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

    Давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ келадиган, миллий қадриятларга мос ҳамда объектларга қўйиш тавсия этиладиган номларни, ташқи ёзув, пешлавҳа, реклама ва эълонлар матнини лингвистик экспертизадан ўтказиш назоратини кучайтириш ва экспертизадан ўтган матнлар, номларни ҳавола этишга рухсат бериш лозим.

    Бунинг учун ҳокимликлар, давлат хизматлари агентлиги ва тасвирий ойина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 144-сонли Қарори талабини кучайтириши ва амал қилиши мақсадга мувофиқ. Хусусан;

    -ҳудуддаги барча пешлавҳа, реклама ва эълонларнинг ёзуви;

    -тадбиркорлик объектларининг номлари;

    -ташкилотларнинг номларини экспертиза хулосасига асосан тайёрлаш ишларини қатъий йўлга қўйиш;

    -текшириш, тавсия этиш, хулоса бериш ишларини ягона ҳудудий марказга топшириш лозим. Қарорда қайд этилганидек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги «Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш» Марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардаги ҳудудий бўлинмаларнинг хулосаси ва тавсияси бўлмаган тақдирда номлаш, реклама, пешлавҳа ёзувларига рухсат бермаслик лозим. Акс ҳолда, қонунчилик қоидаларига кўра жарима белгилаш мақсадга мувофиқ. Ана шунда Қарор ижроси таъминланади, жойларда бир хил ўлчамдаги, сифатли ва тўғри ёзувдан иборат ташкилот номлари, рекламалар, панолар юртимизга кўрк бағишлаб туради.

    Ушбу масала хусусида хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, давлат тилининг қадри инсон омили билан боғлиқ эканлигига гувоҳ бўламиз. Россия Федерациясининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонунининг 3-моддасида нафақат давлат ташкилотлари, мулкчилик шаклидан қатъий назар Россия ҳудудида фаолият юритувчи ҳар қандай ташкилот давлат тили (рус тили)да иш юритиши, ташкилотни номлаши ҳам рус тилида бўлиши белгиланган. Қонунни бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши алоҳида қайд этилган. Европанинг кўп тиллик мамлакатларидан бири Франция давлатининг конституциясида фақат француз тили давлат тили деб белгиланган. Расмий иш юритиш фақат француз тилида. Франциянинг Тубон қонунида реклама матнлари, жой номлари, пешлавҳалар, жамоат транспортидаги ёзувлар, йўл кўрсаткичлари ва бошқа турли мулкларга ёзилган ёзувлар француз тилида бўлиши талаб қилинади. Тубон қонунини бузиш шахсидан қатъий назар катта миқдорда жаримага тортилишига сабаб бўлади. Бу каби мисолларни ривожланган мустақил давлатлар мисолида кўплаб келтириш мумкин.

    Демак, тил миллатнинг маънавий-руҳий бойлиги, мулки, тимсоли экан, уни эъзозлаш, юксалиши, софлиги, бойлиги йўлида курашиш, миллий қадрият даражасига кўтариш барчамизнинг олий бурчимиздир. Шундай экан, тил орияти учун курашайлик! Уни поймол бўлишига асло йўл қўймайлик. Ўзбек ёзувининг қадрини кўтарайлик!

    Дилбар Халилова,

    филология фанлари номзоди, доцент,

    Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги

    Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази

    Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates