Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигига оид тақдимотлар билан танишар экан, соҳани янада ривожлантириш, аҳолига қулайликларни ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, тақдимот чоғида тизимдаги қатор муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.
Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланмоқда
Ҳар бир ишда таҳлил ва таққос муваффақиятларга йўл очади. Оддий мисол. Бундан 3-4 йил аввал ота-оналар фарзандини мактабга ёки боғчага жойлаштириш учун қанча овора бўларди. Таъмагирлик авж олган эди. Ёки туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун қишлоқдан туман марказига бориб, қанча вақт ва маблағ сарфланарди. Бундай мисоллар кўп. Бугун давлат хизматлари маҳаллаларгача кириб бормоқда.
Шу ўринда мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизими яратилгани, бунинг учун Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилгани, ўтган вақт мобайнида агентлик тизими такомиллашиб, хизмат қамрови кенгайиб бораётганини таъкидлаш ўринли.
Энг муҳим рақамларга тўхталиб ўтсак. Давлат хизматлари марказлари орқали тадбиркорлик субъектларига дастлаб 37 турдаги давлат хизмати кўрсатилган бўлса, бугунги кунда улар сони 157 тага етди. Айни пайтда аҳолига кунига ўртача 57 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Ўтган даврда 70 дан ортиқ хизматлар тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди. Талаб этиладиган ҳужжатлар сони 221 тадан 95 тага, хизмат кўрсатишнинг умумий муддати қарийб 499 кундан 271 кунга қисқартирилди.
Туғилиш билан боғлиқ бўлган 5 турдаги давлат хизматларини ФҲДЁ органи орқали яхлит тарзда кўрсатиш тартиби жорий этилди. Яъни, бир вақтнинг ўзида туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, суюнчи пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари қамраб олинди. Натижада 15 дан ортиқ ҳужжатлар қисқарди, 4 та идорага боришга чек қўйилди.
Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида Халқ қабулхоналари ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда сайёр қабуллар ташкил қилинди. Махсус жиҳозланган транспорт воситалари ёрдамида мақбул, қулай ва шаффоф усуллардан фойдаланган ҳолда аҳолига 700 мингдан ортиқ сайёр хизматлар кўрсатилди.
Яна бир муҳим жиҳат. Давлат хизматлари кўрсатишда янада қулайликлар яратиш мақсадида Электрон рақамли имзо сертификатини онлайн олиш имконияти яратилди. Натижада фуқаролар масофадан туриб давлат хизматини олиши мумкин бўлди.
Соҳада ўтказилган ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Doing business” индексида “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича 190 та давлат орасида 8-ўринни эгаллаб, биринчи бор топ-10 таликка кирди.
“Қарши шаҳар тажрибаси”, “Бухоро тажрибаси” асосида “марказ – маҳалла – фуқаро” тамойили бўйича давлат хизматларининг ҳар бир оилага кириб бориши таъминланмоқда. Жумладан, аҳоли ўртасида хизматларни электрон олиш бўйича 1 500 дан ортиқ маҳалла ва 700 га яқин умумтаълим мактабида “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тарғибот ишлари ташкил қилиниб, аҳоли электрон давлат хизматидан фойдаланиш бўйича ўқитилди.
Сўнгги йилларда бу йўналишда қатор янгиликлар, хусусан, аввал мавжуд бўлмаган “қайта алоқа” тизими жорий қилинди. Бу нима дегани? Шу чоққача давлат хизматлари марказларига мурожаат қилган фуқаро бир қанча вақтдан кейин ёзма ёки оғзаки равишда жавоб оларди. Ҳозир эса, мурожаатчига ижтимоий тармоқдаги телеграм бот орқали қисқа вақтда автоматик тарзда қайта алоқага чиқилади. Фуқаро талабига кўра, хизматлар жойлардаги операторлар томонидан ҳам кўрсатилиши мумкин. Қайта алоқага чиқилгач, тегишли мутахассислар билан биргаликда мурожаатчи муаммосига ечим топилади.
Тизимда қандай янгиликлар кутилмоқда?
Хизматлар қамрови ва тезкорлигини ошириш учун ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам бор. Масалан, зарур маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилмагани боис атиги 11 фоиз хизматлар электрон шаклда кўрсатилмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали 30 турда хизмат кўрсатиш мумкин, холос. Унинг атиги 11 таси интерактив хизматлардир. Электрон идентификация тизими ҳамда электрон рақамли имзо билан ишлаш ривожланмаган.
Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишни янада ривожлантириш бўйича Президентимиз белгилаб берган йўналиш ва кўрсатмаларнинг биринчиси, бу – сифат масаласи бўлди. Яъни, тизимда сифатни таъминлаш орқали ҳар бир фуқарога коррупциясиз, тез ва шаффоф хизмат кўрсатиш, уларнинг муаммоларини энг қисқа вақт ҳамда қулай усулда ҳал этишга эришиш зарур. Бу нафақат шаҳарлар, балки туман ва қишлоқларда ҳам амалга оширилади. Шаҳардаги стандартлар барча ҳудудларда бирдек ишлаши лозим.
Иккинчи йўналиш, бу – тизимни рақамлаштириш. Айниқса, бугунги ривожланган даврда мазкур соҳа келажагини рақамли иқтисодиётсиз тасаввур этиш қийин. Бунда, аввало, шу вақтгача қоғозда мавжуд бўлган ҳужжатларни электрон тизимга ўтказиш орқали кейинги босқичга ўтилади.
Ҳозирги пайтда мобил иловалар ривожланяпти. Бундай қулайликларни давлат хизматлари кўрсатиш тизимига ҳам жорий этиш замон талаби. Одамлар давлат билан бўладиган ҳар қандай муносабатини уйида ўтирган ҳолда, замонавий технологиялар орқали ҳал эта олиши керак. Аста-секин бунга эришилмоқда ҳам. Оддий мисол, ФҲДЁ тизимидаги 60 миллионта архив ҳужжатларини рақамлаштириш якунланди. 2021 йил 1 январдан барча давлат органлари мана шу тизимдан фойдаланишни бошлади. Бунинг натижасида 660 минг фуқаронинг мурожаати ташкилотга келмасдан туриб, тезкор ҳал бўлди. Кўплаб давлат органлари бир-бири билан ана шундай интеграция асосида хизматлар кўрсатишни бошлади. Бу аҳолининг камида 8 миллиард сўмини иқтисод қилишга замин яратди.
Эътибор қаратилиши лозим бўлган яна бир йўналиш – эҳтиёжни тўғри прогнозлаштира олиш имконияти. Бу ҳозирдан фуқаролар орасида эртага қандай эҳтиёжлар шаклланади, уларни қийнаётган асосий муаммолар нималардан иборат эканини таҳлиллар асосида ўрганиш зарурлигини англатади. Соҳани нафақат оддий таҳлиллар, балки илмий таҳлиллар асосида ўрганиш лозим.
Бугун аҳоли орасида “сервис давлат” деган янги тушунча пайдо бўляпти. Яъни, фуқароларга хизмат кўрсатиш функцияси биринчи даражага чиқяпти. Тақдимотда мана шу вазифалар бўйича ҳам кўрсатмалар берилди. Ғоялар акселератори тизимини жорий қилиш, давлат хизматлари реестридан жой олган 700 дан ортиқ хизматлар турини кўриб чиқиш, қайсиларини аҳолига тезроқ етказиш керак, деган саволга ечим топиш ҳамда бу ишларни илмий таҳлиллар асосида амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.
“Давлат идораларининг халқимизга хизмати одамларни рози қилишнинг асосларидан бири”
Президентимиз айтган бу гап фаолиятимизни янги тамойиллар асосида давом эттиришда бош ғоя бўлади. Айни пайтда ҳар бир ишни қандай амалга ошириш бўйича механизм ва “Йўл харитаси” тайёрланмоқда.
Нўъмон МУҲАММАДИЕВ,
Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари









