Волонтёрлик бизга бегона эмас

    Халқимизда кўнгиллилик (волонтёрлик) маданияти азал-азалдан ривожланган. Уй қуриш, ариқ қазиш, йўл ёки боғ-роғларни тозалаш, дарахт экишда бир тану бир жон бўлиб хизмат қилиш, ҳашарда элка тутиб маҳалладошларига кўмак бериш гўзал қадриятлардан саналади. Бу эзгу амал янгича шакл ва мазмун касб этиб, бугунги кунда волонтёрлар ҳаракати билан уйғун бўлиб бормоқда.

    Ташаббускор халқ вакиллари

    «Волонтёр» французча «волонтаире» сўзидан олинган бўлиб, «ихтиёрий», «ўз хоҳишига кўра иш қилувчи» маъноларини англатади. Бугунги кунда кўнгиллилар ҳаракати бутун дунёда хайрли мақсадларни амалга оширувчи тузилма сифатида шаклланган ва ривожланиб келмоқда. Ҳозир дунё бўйича волонтёрлар сони 1 миллиарддан ортиқ. Уларнинг тахминан 70 фоизи норасмий равишда кўнгилли бўлиб одамларга бевосита ёрдам беради, 30 фоизи эса расмий ташкилотлар орқали турли тадбирларда иштирок этади. Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ кўнгилли ўз хоҳиши билан хайрли ишларга бош қўшяпти. 2030 йилга қадар уларнинг сонини 2 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, ижтимоий, таълим ва ривожланиш, инклюзив, атроф-муҳит ва экологик лойиҳалар, рақамли ва медиа, онлайн волонтёрлик кўлами кенгайиб боради. Ҳаракатнинг асосий миссияси жамиятдаги ижтимоий кескинлашишни камайтириш, инсонлар ҳаётини яхшилаш ва энг муҳим муаммоларга ечим топилишига кўмаклашишдир.

    2019 йил 2 декабрдаги «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун бу борадаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

    Ўзгалар тақдирига бефарқ бўлмаган, ҳар қандай ҳолда ҳам ёрдамга шай инсонларни бирлаштириш, уларни яхшиликка йўналтириш жамиятда меҳр-оқибат муҳитини яратади, моддий эмас, маънавий қийматларга асосланган муносабатларни кучайтиради. Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси фаолияти ана шу эзгу амални ўзида ифода этмоқда.

    — Ҳеч қайси жамият кутилмаган вазиятлардан ҳимояланмаган, — дейди ассоциация раҳбари Ширин Обидова. — Айрим ҳолларда давлат индивидуал ёндаша олмаслиги мумкин. Шундай пайтларда волонтёрлар, яъни ташаббускор халқ вакиллари давлат учун яқин кўмакчига айлана олади. Бунга яққол мисол қилиб бутун дунёни қамраб олган пандемия даврини ёдга олиш кифоя. Кўнгиллилар халқимизга синовли дамлардан ўтиб олишга ёрдам берди. Волонтёрлик давлат, бизнес ҳамда жамоатчилик секторини эзгулик йўлида бирлаштирувчи ижтимоий шерикчиликнинг кўприги сифатида ўзини кўрсатди.

    Айни пайтда юртимизда 62 мингдан зиёд фаол фуқарони қамраб олган 160 дан ортиқ волонтёрлик гуруҳи 26 та йўналишда фаолият юритади. Ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя, маданият, спорт, экология, соғлиқни сақлаш каби кўплаб соҳаларда бугун кўнгиллилар фаоллигини кузатиш мумкин.

    Тизимнинг бир бўлаги сифатида ишлаётган волонтёрлар мактаби барча ҳудудларда кўнгиллилик истагидаги инсонларга ушбу тизимнинг қонун-қоидаларини ўргатади. Волонтёрлар мактабида ўқитилган юздан ортиқ ментор ўз ихтиёри билан минглаб инсонларга кўнгиллилик ҳаракати ҳақида маълумот беришяпти.

    Меҳр ва ишонч кўприги

    Ўзбек халқи эътиборга, ёрдамга муҳтож инсонларга бефарқ қарай олмайди. Алоҳида эътибор талаб этиладиган юртдошларимизга беминнат ёрдам қўлини узатиш, яхшилик илиниш, буни холис бажариш истагидаги инсонлар кўплиги қувонарли. Бугун ана шу хайрли мақсадга отланган, ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этаётган кўнгиллилар сони 11 мингдан ортган. Ҳозиргача улар кам таъминланган, бошпанасиз, бемор, ногиронлиги бўлган 50 мингдан ортиқ шахс, ёши катта отахон-онахонларга кўмак кўрсатди.

    Бу эзгу ҳаракат тинчлик ва эзгулик йўлида барчани бирлаштиради, одамлар ўртасида меҳр ва ишонч кўприги барпо этилади. Ҳаракат билан ҳар бир хонадон, маҳаллада яхшиликка йўғрилган қадриятлар янада бўй кўрсатади. Инсонни ўз уйи, маҳалласи, қолаверса, дунё миқёсида эзгу ишларга ундайди. Кўнгиллиларнинг бир-бирига меҳри ошади, дўстлик риштаси мустаҳкамланади. Волонтёрликда ёшнинг аҳамияти йўқ, эзгу майдонда барчанинг расман бирлашиши жамиятда ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлайди.

    — Ўтган йил февралда айрим ҳудудларда «Инсон» волонтёрлик ҳаракатини бошлагандик, — дейди Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси эксперти Жамолиддин Имомназаров.Шу кунларда мамлакатимизнинг 208 та туман ва шаҳридаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказида ушбу тизимни йўлга қўйиш устида ишланяпти. Бунда кўнгиллилар ижтимоий ҳимояга муҳтожларга марказ фаолияти, қандай кўмак кўрсатилиши бўйича маълумот беришади. Ёшлар муайян тажрибага эга бўлганидан кейин алоҳида парвариш талаб этиладиган инсонларга кўмак кўрсатади.

    Ҳаракат миссиясида экология алоҳида ўрин тутади. Бугун 14 мингдан ортиқ эковолонтёр атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бел боғлаган. 258 та экомактаб, 121 та ёшлар боғи ташкил этилди. Жорий йилда улар томонидан экилган 300 мингдан ортиқ дарахт ниҳоли юрт ободлигига ҳисса бўлиб қўшилди. Кўнгиллиларнинг табиатга нисбатан масъулиятли муносабатда бўлишга қаратилган бу саъй-ҳаракатлари ресурсларни тежаш, муҳофаза қилиш, жамоатчиликда экологик маданиятни янада шакллантиришга кўмалашмоқда.

    Яхшилик масофа танламайди

    Бутун дунёда кўнгиллиларга эҳтиёж кундан кунга ортиб бормоқда. Ҳар бир жабҳада, ҳар бир йўналишда волонтёрларнинг беминнат хизматига талаб сезиляпти. Соҳа ривожланяпти. Бу эса, ўз навбатида, халқаро тажрибани ўрганиш, энг илғор усулларни татбиқ этиш, биргаликда ривожланиш заруратини юзага келтиради.

    Яқинда пойтахтимиз ўтказилган «Биз биргамиз!» халқаро кўнгиллилар фестивали ана шу хайрли мақсадни ўзида мужассам этди. Фестиваль Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги кўмагида, Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси ҳамда МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилди.

    Бир-бирига ёрдам бериш маданияти одамларда меҳр-шафқат, масъулият, ҳамжиҳатлик каби инсоний фазилатларни камол топтиради. Кўнгиллилар одамларни бирлаштиради, бу фуқаролик жамияти ривожига туртки беради. Ҳаракат давлат ва маҳаллий ҳокимият билан биргаликда кўп ижобий ўзгаришлар қилиши мумкин. Янгиланишлардан одамларнинг руҳи кўтарилади, бир-бирига ишончи ортади, мушкулликлари арийди. Ўша ҳудудда тинчлик, барқарорлик мустаҳкамланади.

    Волонтёрлар бажарган хизматлар жамият учун катта маблағни тежайди. Давлатга тушадиган иқтисодий юкни енгиллаштиради. Ёшларда ижтимоий вазифаларни ҳал этишда жамиятга кўмаклашиш, ватанпарварлик туйғусини тарбиялашда кўнгиллилик ҳаракатининг ўрни беқиёс.

    Рисолат МАДИЕВА,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates