Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети томонидан ташкил этилди.
Давра суҳбатида сенаторлар, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, Европарламент Ташқи ишлар қўмитаси раиси Девид Макаллистер бошчилигидаги Европарламент делегацияси аъзолари, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар экспертлари, Марказий Осиё мамлакатларидан олимлар ва тадқиқотчилар, хорижий олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари, ЖИДУ профессор-ўқитувчилари, магистрантлари ҳамда талабалари иштирок этди.
Тадбирда инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида муҳокама қилинди.
Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев кириш сўзи билан очар экан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ва босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларнинг нормалари миллий қонунчиликда ўз аксини топган.
Хорижлик иштирокчилар ўз чиқишларида Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, шунингдек, мамлакатнинг халқаро нуфузи жадал ўсишига хизмат қилаётган Ўзбекистон раҳбарининг очиқ, изчил ва прагматик ташқи сиёсатини юқори баҳолади.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва устувор йўналишлари, барқарор ривожланиш омилларига бағишланган маъруза ва нутқлар тингланди.
Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, умумэътироф этилган халқаро стандартлар, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлари, БМТ устав органлари ва шартнома қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш омили сифатида институтлар ва демократик сиёсат самарадорлигини таъминлаш, тенглик ва инклюзивликка асосланган кучли фуқаролик жамияти институтлари ёрдамида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Тадбир давомида илмий ва эксперт ҳамжамияти вакилларининг ўзаро фаол муҳокамаси бўлиб ўтди ва фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.