Президентимиз раислигида шу йил 12 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокама этилиб, соҳага кластер тизими орқали юқори унумли техника ва чуқур қайта ишлаш кириб келаётгани туфайли ҳам миқдор, ҳам самарадорлик жиҳатидан ривожланишга эришилаётгани алоҳида эътироф этилди. Аммо ушбу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аграр соҳада унумдорликни ошириш, таннархни камайтириш, сувни тежаш олдимизда турган энг устувор вазифалар экани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалиги корхоналари, хусусан, кластер ва фермер хўжаликларининг барқарорлигида харажат камлиги ўта муҳим эканига алоҳида тўхталиб, пахта етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига биржа савдоларига қўйилаётган дизель ёнилғиси нархини 15 фоизга пасайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Куни кеча “Ўзбекнефтгаз” АЖ дизель ёнилғисининг нархи ЭКО дизель ёнилғиси нархига нисбатан 15 фоизга арзонлаштирилганини эълон қилди. Яъни, жамиятга қарашли барча нефть база омборларидан “ЕВРО-5 ССДФ” русумли дизель ёнилғиси бир тоннаси 11 608 190 сўмдан арзонлаштирилган нархларда биржа савдоларига жойлаштирилди.
Хўш, ушбу енгиллик пахта етиштирувчиларга қанча иқтисодий наф беради? Кластер ва фермерлар фаолиятида самарадорликни оширишда қандай роль ўйнайди?
Аввало, шуни айтиш керакки, пахтачилик тармоғида ёнилғи-мойлаш материаллари энг муҳим ҳисобланади. Негаки, чигит экишдан тортиб, ғўза парвариши, ҳосил етиштириш ва йиғиштириб олишгача бўлган барча агротехника тадбирлари сифатли ва ўз вақтида бажарилиши ёнилғи-мойлаш материаллари таъминотининг барқарорлигига, энг асосийси, нархининг мақбуллигига боғлиқ.
Очиғини айтиш керак, дизель ёнилғиси баҳосининг юқорилиги ҳақли эътирозларга ҳам сабаб бўлаётган эди. Ана шундай пайтда унинг нархи пасайтирилгани пахта етиштирувчиларга катта кўмак, соҳага ривожига муҳим пойдевор бўлди.
Дастлабки, ҳисоб-китобларга қараганда, ёнилғи-мойлаш материаллари нархида берилаётган имтиёзлар ҳисобига пахта етиштирувчи кластер ва фермерлар ихтиёрида камида 585 миллиард сўм миқдорида маблағ тежаб қолинар экан.
Қуйидаги жадвалда дизель ёнилғисининг аввалги ва пасайтирилган нархлари ҳамда улар орасидаги фарқни кўриш мумкин:
Дарҳақиқат, ҳар бир гектар ғўза майдонига 0,26 тонна дизель ёнилғиси сарфланишини ҳисобга олсак, 1 миллион гектарда етиштириладиган пахта ҳосили учун 260 000 тонна ёнилғи сарфланади. Бу аввалги нархда ҳисоблаганда, 3, 9 триллион сўм, пасайтирилган нархда эса 3,3 триллион сўмни ташкил этади. Кўриб турганингиздек, ўртадаги фарқ 585 миллиард сўм!
Ушбу маблағлар, биринчи навбатда, етиштирилган пахта хомашёси таннархи камайишига, кластер ва фермер хўжаликларининг даромади ошишига олиб келади. Қолаверса, нарх имтиёзи қайта ишлаш босқичларида ҳам маҳсулот таннархига ўз таъсирини кўрсатиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бериши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Ҳаким ЭЛМАНОВ,
Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси
Иқтисодий таҳлил ва режалаштириш бошқармаси бошлиғи