"Дўрмон баҳори" адабиёт форуми қалбларга илҳим бағишлади

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Дўрмон баҳори” II адабий форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Русийзабон адабиёт, Бадиий таржима кенгаши вакиллари, ёзувчи ва шоирлари, адабиётшунослар, Тошкент, Наманган, Самарқанд ва Бухоро вилоятида фаолият кўрсатаётган муаллифлар, ижодий семинарлар қатнашчилари, уюшма томонидан ўтказилган қатор ижодий танловлар қатнашчилари иштирок этди.

    Бу йилги “Дўрмон баҳори” ўтган йилги анжумандан фарқли ўлароқ, ўзбек ва рус шоир, ёзувчи, адабиётшунос ҳамда таржимонларининг биргаликдаги ижодий мулоқоти тарзида ўтказилди. Унда қирғизистонлик ёзувчи ва публицист Сергей Дудашвили, “Литературный Кыргызстан” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси Вячеслав Кадиров иштирок этди.

    “Дўрмон” ижод боғида икки кун давом этган тадбир ўз олдига кўп миллатли Ўзбекистон адабий муҳитининг бугунги куни ва истиқболлари ҳақида фикр алмашиш, тажрибали ва ёш ёзувчи ҳамда шоирлар ўртасида ижодий мулоқот, ёш ижодкорларнинг Республика Зомин семинарига тайёрланиш, ёшлар учун маҳорат сабоқлари ташкил этишни мақсад қилиб қўйган.

    – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида қозоқ, тожик ва русийзабон адабиёт ижодий кенгашлари фаолият олиб боради, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Рисолат Ҳайдарова. – Бу кенгашлар қозоқ, тожик, рус тилларида ижод қилувчи шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос ва драматургларни ўз атрофига бирлаштирган. Ўзбекистон адабий муҳитида ушбу тилларда ижод қилувчи шоир ва ёзувчиларнинг муносиб ўрни бўлиб, бу ижодкорлар мамлакатимиз маданий ва маънавий ҳаётини ажойиб асарлар билан бойитишган.

    Жумладан, рус тилида ижод қилган Зоя Туманова, Явдот Илёсов, Александр Файнберг, Михаил Гар каби сўз усталари яратган асарлар мамлакатимиз маънавияти хазинасига улуш бўлиб қўшилган. Ўзбек адабиётини рус тили орқали хориж мамлакатларида танитиш ишларига айнан мамлакатимизда яшаб ижод қилаётган шоирлар, ёзувчилар ва таржимонлар катта ҳисса қўшишган. Бугунги кунда ўзбек шеърияти ва насрини рус тилига маҳорат билан ўгиришда Раим Фарҳодий, Евгений Абдуллаев, Николай Ильин, Бах Ахмедов, Лариса Юсупова каби бадиий таржима усталарининг хизматлари катта.

    Форум доирасида “Ўзбекистоннинг замонавий адабиёти”, “Адабиётларнинг ўзаро бойиши”, “Ўзбекистондаги рус шеърияти ўзбек тилига таржимада”, “Ҳужжатли-тарихий насрнинг жозибали томонлари” мавзусида адабий суҳбат ва мулоқотлар бўлиб ўтди.

    Тадбир давомида шеърият, наср, бадиий таржима, болалар адабиёти йўналишларида Галина Долгая, Адҳамбек Алимбеков, Лариса Юсупова, Сувон Мели, Кавсар Турдиева, Рисолат Ҳайдарова, Николай Ильин, Даврон Ражаб, Фозил Фарҳод каби таниқли шоир, ёзувчи ва таржимонлар билан ижодий суҳбатлар ўтказилди.

    Оқшомда эса созандалар ва шоирлар иштирокида бадиий кеча бўлиб ўтди. Форумда ёшларнинг ижод намуналари кўриб чиқилиб, энг яхшилари Зомин семинарида қатнашиш учун танлаб олинди.

    “Дўрмон баҳори” адабий форуми якунида иштирокчиларга “Ташаккурнома” топширилди.

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates