“Dream team" — ёш тадбиркорлар учун катта мактаб

    Навоий вилоятида Ўзбекистондаги илк қуёш фотоэлектр станцияси очилиши маросимида ёш тадбиркор Мерей Омонбоева ҳам сўз олиб, вилоят тадбиркор ёшлари амалга ошираётган ишлар ва режалар ҳақида гапирган эди. Мерей чорвачилик кластери раҳбари, шу билан бирга, оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйган. Айни пайтда бизнес йўналишида навоийлик ёшларга тренерлик ҳам қилмоқда.

    Мерей Омонбоева ташаббуси билан вилоят ёш тадбиркорлари бирлашиб, “Dream Team” жамоасини тузишди. Жамоанинг мақсади тадбиркорликка қизиқувчи навоийлик ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб, янги таклифлар беришдан иборат. Жамоада турли соҳаларда фаолият кўрсатувчи ёш тадбиркорлар бирлашган. Улар биргаликда вилоят ривожига ўз ҳиссасини қўшувчи янги лойиҳалар устида ишлайди. Жамоа байрамларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган юртдошларимиз учун доимий саховат ишларини ҳам амалга оширади.

    Мерей Омонбоева, жамоа сардори:

    — Биз нафақат шаҳарда, балки барча туман ва қишлоқларда фаолият юритамиз. У ерда ҳам биз билмаган, танимаган лидерлар, ёш тадбиркорларни кашф этишимиз мумкин. Ниятимиз — сафимизни кенгайтириш орқали вилоятимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшиш. Жамоамизда ҳар бир соҳа бўйича ўзининг теран фикрларини билдириб, янги таклифлар бера оладиган, ҳар бир ишни чуқур таҳлил қиладиган етакчи ёшлар йиғилган. Катта мақсадларни олдимизга қўйганмиз ва бунга эришиш йўлида астойдил ҳаракат қиламиз.

    Ғолибжон Каримов, жамоа аъзоси:

    — Жамоа аъзоларидан “Сизларга бундай юришдан қандай фойда бор?” деб сўрашади. Биз ўз фойдамизни ўйлаб ёшларга ёрдам қўлини чўзмадик. Ёш тадбиркорларга имкониятлар яратилиб берилмоқда ва биз бундан оқилона фойдаланиш учун ҳаракат қиляпмиз. Юртдошларимизга фойдамиз тегсин, деган мақсадда жамоани ташкил этдик. Ўйлайманки, жамоамиз билан ҳали кўп лойиҳаларни амалга оширамиз.

    Меҳрож Раҳматов, жамоа аъзоси:

    — Биз жамоамиз билан бир оиламиз. Ҳар бир бошлаган ишларимизни чуқур таҳлил қиламиз. Вилоятимизда ишимизни кузатувчилар кўп. Хато қилмасликка ҳаракат қиламиз, муаммоларга дуч келсак, устозлар билан маслаҳатлашиб, оқилона ечим топамиз. Вилоят ҳокими, йирик тадбиркорлар, иқтисодчи профессорлар билан доимий мулоқотда бўламиз. Вилоят ҳокими билан ҳоким сифатида эмас, кўп йиллик тажрибали устоз сифатида эмин-эркин мулоқотда бўла оламиз. “Dream Team” — ёш тадбиркорлар учун катта мактаб. Жамоа аъзолари бир гуруҳда жам бўлганидан мамнун. Улар ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Ҳозир фаолиятини Навоий вилоятида давом эттираётган жамоа аста-секин мамлакатимиз бўйлаб ўз сафини кенгайтирмоқчи. Зеро, ёш тадбиркорларга билдирилаётган ишонч ёшларга қанот бўлмоқда.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates