Мазкур ҳолат Давлат тест маркази томонидан ўрганиб чиқилди.
"Ҳолат бўйича шуни маълум қиламизки, 11 сентябр куни эълон қилинган тест синовлари натижаларини эълон қилишда техник хатоликка йўл қўйилган. Хатолик ижтимоий тармоқларда ёзилгани каби тест натижаларини ҳисоблашда эмас, уларни эълон қилишда кузатилган.
Tест натижаларидаги техник хатолик Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида 10 сентябр куни 1-сменада ўтказилган тест синовларида иштирок этган айрим абитуриентларда юзага келган. Мазкур ҳолат аниқланиши билан хатоликни тузатиш ишлари бошлаб юборилган.
Ҳозирда мазкур техник хатолик тузатилиб, тест натижалари хато эълон қилинган абитуриентларнинг натижалари янгиланди.
Мазкур абитуриентларлар шахсий кабинетлари орқали янгиланган тест натижаларини қайта кўришлари мумкин.
Давлат тест маркази йўл қўйилган хатолик учун абитуриентлардан ва уларнинг ота-оналаридан узр сўрайди.
Давлат тест маркази тест синовларини шаффоф ва адолатли ўтишига ҳисса қўшаётган блогерлар ва оммавий ахборот воситаларига яна бир бор миннатдорчилик билдиради", дейилади хабарда.









