Шу боис, оламда турфа тақдир эгалари яшайди, улар жамланиб, элнинг, мамлакат ва миллий давлатчиликларнинг умумий манзарасини ҳосил қилади.
Инсоният тарихи ҳеч қачон бир маромда тўкис кечмаган, таҳликаларга тўла бўлган. Яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш эса авлодларни ўйга толдириб келади. Шунинг учун ҳам тарих ҳеч қачон зерикарли кўринмайди.
Яна бир мулоҳаза бор. Бу – ақл ва саодат йўлидаги тафаккур ҳодисаси.
Бетоб кишига ширин таом ҳам нордон сезилиши мумкин. Аммо ақл бу таом аслида ширинлиги, касаллик туфайли нордон туюлаётгани ҳақида ахборот бериб туради. Шундай экан, табиий савол туғилади: ақл ёрдамида оқу қорани ажратиб олиб, саодатга эришиш мумкин экан-да?
Аммо дунё ҳақиқати ҳар доим бундай бўлмаганини кўрсатади. Атрофимизда бўлаётган урушларга, низоларга, бегуноҳ одамлар қурбон бўлаётганига назар солсак, ҳамма ақлини ишга солиб шу қонли йўлга кираётганини, ҳамма ўзиникини тўғри, деб даъво қилаётганига гувоҳ бўламиз. Бугун инсоният илғаётган катта таҳликанинг асл сабаблари шунда. Билганига амал қилмаслик эса – энг оғир хато!
Булардан англашиладики, XXI асрга келиб инсоният ниҳоятда мураккаб яшаш тарзига ўтиб бормоқда. Дунё низоми тубдан ўзгараяпти. Сунъий идрок қуршовида қолаяпмиз. Шундай шароитда мамлакатлар ўз зиммасига қандай вазифаларни олиши керак, деган савол барчамизни безовта қилиши табиий, албатта.
Бугун жамиятда инсон қадрини юксалтириш, хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир киши туғилиши билан эга бўладиган табиий ҳуқуқларига асосан, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш энг муҳим, ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолди.
БУЮК ИШОНЧ ВА МИЛЛИЙ ҲОДИСА
Нега айрим мамлакатлар халқи фаровон яшайди? Баъзи мамлакатларда эса фаровонлик йўли танланмайди? Бу ҳам ақл билан боғлиқ ўз ғоясини тўғри, деб билувчи танлов йўлидир.
Давлат сиёсатида танланган йўл самараси одамлар ҳаётида акс этиши аён ҳақиқат. Шу боис, миллий давлатчилик амалиётида муҳим воситалар бўлиши тараққиёт кафолати сифатида қаралади.
Келинг, шу ўринда, таниқли иқтисодчи олимлар Дарон Ажемўғли ва Жеймс Алан Робинсоннинг умумий хулосасига эътибор қаратамиз: “Кучи ва маблағини тикиши учун одамлар қаттиқ меҳнат қилса, бойиши мумкинлигига ишониши зарур, бу эса инновацияга рағбат, барқарорлик ва тинчликни таъминловчи ишончли институтлардир”.
Мана шу талқинни янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўли билан боғласак, кўз олдимизда катта бир эврилишлар силсиласи намоён бўлади.
Хуллас, дунё ишларидан бир оз чекиниб, миллий танловимиз ва жамиятимизнинг янги қиёфаси ҳақидаги айрим мулоҳазаларга ўрин берсак.
Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллигини муносиб қарши олаяпмиз. Бу фурсат кенг мушоҳада юритмоқ чоғидир.
Дарон ва Жеймс каби олимлар фикрида жон бор. Аввало, одамларда ишонч бўлиши керак. Ҳар бир иш бошида ишонч туради. Янги Ўзбекистон жамоатчилигида бугун ана шу буюк ишонч ҳисси мужассам, муҳими у кун сайин мустаҳкамланиб боравериши зарур. Бундай дейишимизга асослар етарли.
Биринчи асос: Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз лавозимига киришган илк кунлардан бошлаган халқчил ва давлат бошқарувидаги очиқлик сиёсатига шубҳа билан қараганлар кўп бўлган эди. Аммо давлатимиз раҳбари ўз танлаган йўлидан ортга қайтмади, халқимиз фаровон турмуш қуриш истагида қайта куртаклаган орзулари рўёбини янги Йўлбошчи – ўз Президенти бошлаган ислоҳотлар орқали кўриш мақсадидан бир зум ҳам чекинмади.
Энг муҳими, биз бугун эришган катта-катта, оламшумул ютуқларни, халқимиз юз йиллар давомида фақат орзу қилиб келган турмуш шароитини, яшаш тарзимизни, эркин ҳаракатланишимиз имкониятларини бизга биров четдан келиб қилиб бергани йўқ. Ҳаммасига ўзимиз эришдик. Бу эса, ўз навбатида, халқимизда “Қилса бўлар экан-ку”, деган ишонч туйғусини уйғотди, мустаҳкамлади.
Иккинчи асос: кечаги кунимиз ва бугунги ҳаётимиз, дунёқарашимиз ўртасида ер билан осмонча ўзгаришларни, фарқларни кўраяпмиз, уларни кундалик турмуш тарзимизда ҳис этаяпмиз.
Бир-иккита оддий мисолларни айтиб ўтсак. Кечагина қишлоқ аёллари фарзандини боғчага бериш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмас эди. Бугун эса мамлакат миқёсида болаларнинг мактабгача таълимга қамров даражасини 100 фоизга етказиш мақсадидаги ишлар жадал кетаяпти.
Пластик картамиздаги пулни нақдлаштириш учун банклар эшиги олдида сарғайиб, кўп сарсон бўлиб юрганимизни ҳозир кулиб-кулиб эслаймиз. Аммо у манзара жуда ачинарли ва адолатсиз эди-ку!
Шу кунларда Тошкентга қишлоқдан келган абитуриентни учратмайсиз. Улар ўз яшаш жойига яқин манзилда имтиҳон топшириш билан банд. Лекин шу пайтгача бу мавсумда олис қишлоқдан келган мактаб битирувчиси ота-онаси билан Тошкентга келиб, ётишга жой излаб, ҳатто кўчалардаги ўриндиқларда тонг оттиргани гувоҳи бўлмаганмизми? Бу ҳам майли, ўқишга бир папка ҳужжат йиғиб, 500-1000 километр йўл босиб пойтахтга келгач, қабул комиссияси тиббий маълумотномада қайсидир бир шифокор муҳри бўлмагани учун ҳужжатларни қайтариб бергани, чорасиз абитуриент яна шунча йўл босиб, қишлоғига бориб қайтишга мажбур бўлгани-чи?
Тошкент пропискаси билан боғлиқ даҳмазалар, кўчада милициядан яшириниб, қочиб юришлар ҳақида эсласак юрак ҳамон орқага тортиб кетади.
Оддий одамлар ҳаётидаги бундай ўзгаришларни ҳозир кўплаб санаш мумкин. Шу каби ислоҳотлар ҳаётимизга янгича мазмун олиб киргани, она юртимизга бўлган меҳру муҳаббатимизни жўштиргани, одамларда дахлдорлик ҳиссини тарбиялаётгани ҳақида ҳам кўп-кўп гапириб туришимиз керакка ўхшайди.
Учинчи асос: биз бугун “ютуқлар ўзимизники, олдимизда эса ҳали амалга оширадиган ишлар кўп”, деган қатъий иродали мақсадлар билан яшаяпмиз. Бунинг замирида бугунгидан-да катта ютуқларга эришиш, уларга муносиблик ишончи бор.
Бу ҳам ўз-ўзидан шаклланадиган юксалиш даражаси эмас. Бунинг негизида миллий ҳодисалар туради. Гап шундаки, ҳар қандай давлат халқни, жамиятни, мамлакатни ривожлантиришга асосланган институтлар кўмагида тараққий этади. Миллий давлатчилигимизда бу тизим “маҳалла институти”, дейилади. Кейинги йилларда эришган энг катта ютуқларимиздан бири – маҳаллаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани билан боғлиқ бўлмоқда.
Биз одамлар ҳалол меҳнати ортидан бойиши мумкинлигига ишонсагина ўз кучи ва маблағини тикиши мумкинлиги, бу инновацияга рағбат, барқарорлик ва тинчликни таъминловчи ишончли институтга айланиши ҳақидаги фикрни бежиз қайд этмаган эдик. Шу нуқтаи назар билан ишонч муҳитининг шаклланишига йўл очган айрим асосларни келтириб ўтдик, энди инновация, барқарорлик ва тинчлик муҳити ҳақида ҳам тўхталсак.
Инновация эркин жамиятлардагина пайдо бўлади. У рағбатни яхши кўради. Шу маънода янги Ўзбекистонда инноваторлар учун қулай муҳит яратилаётир, бу жараёнда, айниқса, ёшлар қўллаб-қувватланмоқда.
Барқарорлик ва тинчлик ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди, бунинг учун кучли истак, хоҳиш ва орзуларнинг ўзи етарли бўлмайди. Бу икки муқаддас ҳаётий тутумга катта сиёсий ирода ва бетўхтов саъй-ҳаракатлар, бағрикенглик тамойиллари билан эришилади. Бугун янги Ўзбекистон ана шу йўлда собитқадамлик билан одимламоқда.
ДУНЁ БИЗНИ ЯНГИТДАН ТАНИДИ ВА ТАН ОЛДИ
Ютуқларимизни ҳам бир-бир эслаб турайлик дедик. Гап шундаки, ёмонликка олсак, ҳамиша гап топилади. Ҳар ким ўзидан “хафа қиёфа” ясаб олиши ҳам жуда осон. Бизга бугун тош отганлар, келажак уларга тўпдан ўқ отишини тушуниб, англаб, чуқур таҳлил қилиб, тавба-тазарруга келаётганини ҳам кўриб турибмиз.
Лекин эзгулик ва яхши натижаларни эътироф этиш, айниқса, бугунги давр – давлатлараро муносабатларда ўзаро ишончсизлик кайфияти кучаяётган, ҳарбий ҳаракатлар сиёсати авж олаётган, халқаро тинчликпарвар ташкилотларнинг таъсир кучи сусая бошлаган бир шароитда ниҳоятда тансиқ бўлиб қолди.
Танқидни келажак меваси, деймиз. Бунга шубҳа йўқ. Танқид бир ёқлама эмас, таҳлилий бўлса, нур устига нур. Айтмоқчимизки, биз бугун кўп ютуқларимизни ўзаро таҳлил қилмай қўйгандекмиз, назаримда. Жамиятда таҳлил руҳи сўниб қолмаслиги керак. Акс ҳолда беписандлик, ўзи бўларчилик ва ношукрлик кайфияти бўй кўрсата бошлайди.
Шу маънода, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳаётий мазмуни, тарихий қимматли аҳамияти бир қадар унитилаёзган ёки биз кўникиб қолган, худди азалдан шундай бўлгандек қараётган ислоҳотлар кўплигини яна бир бор биргаликда ёдга олсак, фойдадан холи бўлмас, деб ўйлаймиз.
Шулардан бири – Марказий Осиёдаги бирдамлик ва бағрикенглик сиёсати.
Биз нотаниш манзилга борар йўлда кўрсаткичларга таянамиз. Йўл четидаги ёзувларни диққат билан ўқиб борамиз, чақиримларни санаймиз. Шунга қараб мўлжал оламиз.
Сиёсат ҳам шундай. Фақат унда мўлжаллар жуда аниқ бўлиши керак. Бу янги Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан йўлга қўйган дўстона сиёсатида қандай акс этмоқда?
Биринчидан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган қисқа даврда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сиёсий қарашларни ўзгартира олди. Яқин қўшничилик, ўзаро бирдамлик ва тарихий муштараклик ғоялари билан минтақада мутлақо янгича сиёсий руҳни шакллантирди.
Иккинчидан, минтақавий ривожланиш хабларини яратиш бўйича жуда муҳим ташаббусларни илгари сурди. Булар янги транспорт-логистика коридорлари, ўзаро товар айирбошлашдаги енгилликлар, минтақавий туризм механизмини ишга тушириш, сув, чегара масалалари, ёшлар сиёсати, маданий-маърифий йўналишлардаги ҳамкорлик каби бир қатор жабҳаларда ўз аксини топди.
Учинчидан, Марказий Осиё давлатлари бирдамлигини дунёга янгитдан танитиш ва бу сиёсий ирода мустаҳкам экани, унга ҳеч бир ташқи куч рахна солишга йўл қўймаслигини халқаро нуфузли расмий тадбирларда ҳам бир-неча бор таъкидлаб ўтди.
Бу каби сиёсий мўлжалларнинг ғоят аниқлиги ва узоқни кўзлангани самарасида бугун Марказий Осиё давлатлари ғоявий-мафкуравий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам туб янгиланиш йўлига ўтди. Буни халқаро сиёсатчилар кўп бор эътироф этиб келади. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти собиқ Бош котиби, Яшил ўсиш глобал институти (GGGI) Ассамблеяси президенти ва Кенгаши раиси Пан Ги Мун яқинда “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида, жумладан, шундай деди: “Ишончим комилки, бундай ислоҳотларнинг бошида, айниқса, кўп қийинчиликлар бўлган, шу сабабдан Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига миннатдорлик билдириш керак, деб ҳисоблайман. Ҳатто Ғарб мамлакатларида ҳам, менинг Ватанимда ҳам ҳар қандай ўзгаришларга холисона ўйламасдан, шахсий манфаат ёки бошқа сабабларга кўра, қатъий қаршилик кўрсатадиганлар топилади. Менимча, Ўзбекистон каби собиқ иттифоқ мамлакатида ушбу жараён янада мураккаброқ кечади. Ислоҳотларнинг самаралари қўшни давлатларга янада ижобий таъсир кўрсатиб, келгуси йилларда бутун минтақа ҳаётини янада яхшилашга ёрдам берадиган ўзгаришлар занжирини яратади, деб ўйлайман”.
Дарҳақиқат, ислоҳотларни ҳамма ҳам бирдек қўллаб-қувватлайвермайди. Қаршилик кўрсатадиганлар топилади. Аммо вақт ўтгани сайин ўзгаришлар занжири ҳаётда ўз сўзини айта бошлагач, вазият ўнгланади, тарафдорлар кўпая боради. Айтмоқчимизки, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги бағрикенглик ва дўстона сиёсати бугун халқаро миқёсда тан олинди.
Яна бир муҳим ислоҳот, бу– туркий давлатлар бирлашуви.
Ер юзидаги тоғлар инсонларга ҳайрат улашиб туради. Бундай улкан тоғлар қандай пайдо бўлгани ҳақида илоҳий қарашлар устунлик қилади, албатта. Олимлар эса тоғлар қанча юксак бўлса, ер остида ўз юксаклигига тўрт ярим баробар узунликка тенг томирга эга бўлишини кашф қилган. Тоғ шу томирга таяниб тоғ бўлади.
Ер юзидаги туркий халқлар тарихи ва туташ илдизларини ҳам шундай мустаҳкам ягона томирга қиёс этгулик. Улар қадим-қадимдан қудратли, бой ва тадбирли саналган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 6 июль куни Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар саммитида сўзлаган нутқида таъкидланганидек, туркий дунё халқлари ўз тараққиётининг турли даврларида умумбашарий цивилизация ривожига мислсиз ҳисса қўшган. Номларини жаҳон аҳли яхши биладиган улуғ аллома ва уламоларимиз иккита буюк Ренессансга асос солган. Бу азал-азалдан халқларимиз ҳаётида инсон капитали нақадар юқори бўлганидан дарак беради.
Ўзбекистон бундан беш йил аввал Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиб кирган эди. Ўтган қисқа даврда 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилди. Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси қабул қилинди.
Халқаро экспертлар кейинги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти тўлақонли халқаро тузилма сифатида шакллангани, жаҳон иқтисодий ўсиш марказларидан бирига айланганини таъкидлар экан, бу ўзгаришларда Ўзбекистоннинг ушбу тузилмадаги сиёсий ва иқтисодий ўрни алоҳида эканини эътироф этмоқда.
Албатта, бу фикрларга асослар етарли. Масалан, Президентимиз ТДТ доирасидаги ташаббуслари нафақат ташкилотга аъзо давлатлар, балки бошқа сиёсий тузилмалар, ҳамкор давлатлар томонидан ҳам қизғин кутиб олинмоқда.
Шу ўринда, баъзи рақамларга эътибор қаратамиз. Давлатимиз раҳбари 2019-2023 йилларда ТДТ доирасидаги фаол ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 50 дан ортиқ ҳаётий ташаббусни илгари сурди. Энг муҳими, улардан 42 таси муваффақиятли амалга оширилган, қолганлари эса якуний босқичда.
Умуман олганда, туркий давлатларнинг бирлашуви ва бунда Ўзбекистоннинг муҳим иштироки тарихий адолат тикланиши, деганидир. Чунки бугунги дунёнинг ўзгараётган ва тараққиётлар кўчиши Шарқ томон оғаётган айни палласида қадим-қадимдан тамаддунларга бешик бўлган бизнинг замин – янги Ўзбекистон дунёга қайтадан танилаётгани ана шу тарихий адолат руҳидан далолат беради.
Учинчи муҳим ютуғимиз – Ўзбекистоннинг дунёга очилиши ва дунёнинг Ўзбекистонга интилиш сиёсати.
Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль “Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари 2016 йилда Президентлик лавозимига киришганидан буён дадил ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини юритиб, Ўзбекистонни мутлақо янги мамлакатга айлантирди”, деди.
Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Малик ўзбек заминида, билимга чанқоқ, тинчликка интилувчи халқ яшаши, улар маърифатпарвар халқлар орасида муносиб ўрин эгаллашини азалдан исботлаб келганини алоҳида эътироф этиб, “Ўзбекистон раҳбари, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг жамиятда таълим ва илм-фаннинг ролини ошириш, маданиятни асраб-авайлаш ва юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларини Аллоҳ таоло барокатли қилсин”, дея ўз самимий тилакларини билдирди.
Албатта, бундай юксак эътирофлар сон-саноқсиз. Ўтган етти йилда биз эришган ютуқларни халқимиз, дунё сиёсатчилари, барча-барча ҳақли равишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев номи билан боғлайди. Ҳақиқат – шу.
Бугунги Ўзбекистон дунёга очилди, ўз навбатида, дунё ҳам биз томон талпинмоқда. Бу шунчаки оддий гап эмас. Замирида катта меҳнат, уйқусиз тунлар, заҳматлар борлигини ҳеч ўйлаб кўрганмизми?! Ўйлаб кўриш керак!
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “Дунё бизни янгитдан таниди ва тан олди”, дейилди.
Бу бор-йўғи кейинги етти йилда эришилган натижа, халқаро доираларда тан олинган эътироф. Лекин бу бунёдкор халқимиз учун ҳали марра эмас. Ҳали олдинда стратегик ривожланиш учун катта-катта режаларимиз бор.
Шу боис, айтмоқчимизки, инсон ўз тафаккурини доим чархлаб туриши керак. Акс ҳолда ортга кетилади. Шу маънода, айтиш жоизки, биз эришган ютуқлар, мамлакатимизнинг янги қиёфаси ҳар биримиздан янада ҳушёрлик, фидойилик ва ватанпарварликни талаб қилади. Гап шу ўзанда борар экан, беихтиёр шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Огоҳлик” шеъри ёдга тушади:
Қора кунлар келди кўҳна диёрга,
Устоз йиғлай-йиғлай айлади хитоб:
– Майли сувга оқсин, сингсин деворга,
Нодоннинг қўлига тушмасин китоб.
Енгди маърифатни манфур жаҳолат,
Ўзбекда қатағон даври бошланди.
Қодирий мухлиси қилинди ғорат,
Чўлпонни ўқиган отиб ташланди.
Йиллар ўтиб кетди, озодмиз шукур,
Лекин сен огоҳ бўл, маърифатли жон.
Ҳали тирик юрар каламуш қурғур,
Кўзлари йилтиллаб турибди сичқон.
Ҳикматга тўла бу сатрлар йиллар ўтгани сайин янада долзарблик касб этиб бормоқда. Кўриб турибмиз, атрофимизда яхши – дўст кучлар ҳам, ёмон – душман кучлар ҳам ўралашиб юрибди.
Бундай вазиятда онг остидаги қувватларни ишга солиш зарурати пайдо бўлади. Шу зарурат туфайли ҳам давлатимиз раҳбари жон куйдириб маънавий тарғибот ҳақида бонг урмоқда. Бу чорловни бугун ҳар биримиз теран англаб етишимиз керак. Ишимиз ҳам, амалимиз ҳам, ўйимиз ҳам бир бўлиши зарур. Шундагина халқимиз, ёшларимиз онги остидаги маънавий ҳидоят қувватларини уйғота биламиз. Шундагина бугунги дунё низомига янги Ўзбекистон руҳи сингиб боришини янада жозибадор қилган бўламиз.
Чунки ҳозирги замонда шу руҳга эҳтиёж бор. Боиси, дунё энди тобора манманлик касб этаверади. Бу жараёнда андишанинг отини қўрқоқ қўядиганлар кўпаяди. Шундай экан, биз ўзимизнинг қудратимизни, куч-ғайратимизни, эзгулик тарафдори эканимизни амалдаги ишларимиз, натижаларимиз билан кўрсатаверишимиз керак ва бу ҳаётий заруратга айланиши шарт.
Салим ДОНИЁРОВ