Маълумотларга кўра, сентябрь ойида енгил автомобиллар савдоси 84,6 минг донани ташкил этди. Бу кўрсаткич август ойига нисбатан 6,4 фоизга кам. Энг катта пасайиш Сурхондарё ва Навоий вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилган. Шу билан бирга, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида савдо ҳажмларининг ўсиши кузатилган.
Бирламчи бозорда фаоллик сусайди
Сентябрь ойида янги енгил автомобиллар сегментида мавсумий пасайиш кузатилиб, савдо ҳажми 15,2 фоизга камайиб, 31,9 минг донани ташкил этди.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар улуши устуворлигича қолган — уларнинг сотуви 27,4 минг донани ташкил этиб, аввалги ойга нисбатан 16,1 фоизга камайган.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси эса 4,5 минг донани ташкил этди ва бу август ойига нисбатан 8,9 фоизга кам.
Иккилламчи бозор барқарор
Иккилламчи енгил автомобиллар бозори барқарорлигини сақлаб қолди. Сентябрь ойида бу сегментда 52,6 минг дона машина сотилган бўлиб, бу ўтган ойга нисбатан атиги 0,1 фоизга кам.
Электромобиллар сегментида рекорд ўсиш
Энг диққатга сазовор ҳолат — электромобиллар бозоридаги ўсиш. Сентябрь ойида 7,8 минг дона электромобил сотилган бўлиб, бу август ойига нисбатан 21,6 фоизга кўп. Бу кўрсаткич ушбу сегмент учун рекорд саналади.
Жорий йилнинг учинчи чорагида сотилган енгил электромобиллар сони 20,7 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробарга кўпайган.
Энг юқори ўсиш Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида кузатилган.








