Дунёда рўй бераётган қуролли можароларда айнан “руҳий ресурс” жанг тақдирини ҳал қилмоқда

    «Янги Ўзбекистон« газетасида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал майор Шухрат ХАЛМУХАМEДОВнинг мудофаа тизимидаги ўзгаришлар, янгиликлар ҳақидаги мақоласи эълон қилинди.

    Бугунги миллий армиямиз том маънода Ватан шаъни, халқ тинчлиги ва жонажон халқимизнинг эртанги кунига бўлган ишонч рамзига айланиб бормоқда. Армия сафларида хизмат қилиш ёшларимиз учун нафақат муқаддас бурч, балки юксак шон-шараф, ифтихор, халқ ишончига сазовор бўлишдек улуғвор мақомга айланди.

    Бир сўз билан айтганда, замонавий ўзбек армияси сафлари миллий қадриятларимизни ўз фаолиятига чуқур сингдира олган, халқ хизматига виждонан бел боғлаган, Ватан тинчлигини ўз ҳаётидан устун қўювчи довюрак ўғлонлар билан бойимоқда. Қонун, ижро ва натижадорлик

    Янги Ўзбекистон армиясини янгича куч ва сифат билан ривожлантиришда Президентимизнинг тегишли қарор ва фармойишлари муҳим омил бўлмоқда. Зеро, ундаги талаб­лар шахсий жавобгарлик ва масъулиятни кучайтириш, ташкилий ҳамда назорат фаолиятининг шакл ва услубларини такомиллаштиришни тақозо этади.

    Мудофаа вазирлигида ижро интизомини таъминлаш ишлари тизимли йўлга ­қўйилган. Хусусан, 2024 йил давомида “Ijro.gov.uz” электрон тизими орқали 19 та қонун, Президентнинг 149 та фармони, 272 та қарори,

    41 та фармойиши ва 31 та баёни доирасида вазирликка юклатилган жами 1435 та топшириқдан 1321 таси ўз муддатида тўлиқ ижро этилди.

    Бу борадаги комплекс чора-тадбирлар жараёнида ижро интизомининг қатъийлиги, шахсий масъулият ва ташаббускорлик асосий тамойил этиб белгиланган. Юқори ва қуйи тизимлар ўртасида тезкор ички ахборот алмашинуви жараёни тўлиқ электрон форматга ўтказилгани соҳага доир қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишда ўз натижасини бермоқда.

    Ўтган йил давомида Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий хизматни ўташ, ҳарбий кадрлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш ва ­кадрлар фаолиятини тартибга солиш, шунингдек, ушбу соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган турли даражадаги 33 та норматив-ҳуқуқий ва бошқарув ҳужжати ишлаб чиқилди.

    Улардан Қуролли Кучларда ҳарбий хизматни ўташ масалаларини янада такомиллаштиришга қаратилган ҳамда Президентимизнинг 2025 йил 14 февралдаги фармони билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Қуролли Кучлар ҳарбий низомлари ҳарбий хизматчиларнинг кундалик жанговар-хизмат фаолиятини ташкил этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

    Шунингдек, малакали ҳарбий кадрларни танлаш ва уларнинг фаолиятини самарали бошқариш бўйича очиқ ва шаффоф тизим жорий этилди. Бунда электрон платформалардан фойдаланиш орқали кадрлар захирасини шакл­лантириш ва улардан самарали фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилди. Натижада қўшинларда кадрларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш жараёни шаффофлиги таъминланиб, ҳарбий соҳага янги авлоднинг билимли ва масъулиятли мутахассисларини жалб қилиш имконияти яратилди.

    Ҳарбий санъатдаги янги давр ва тенденциялар

    Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳияти, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Бизнинг олдимизда Қуролли Кучларимизни янги, модернизация қилинган ўт очиш тизимлари ва техника билан таъминлашни ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятлари, қўшинларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давом эттириш вазифаси бор.

    Ўтган ўқув йили давомида қўшинлар тайёргарлигини янада яхшилаш ва замон талабларига мослаштириш мақсадида 15 га яқин бошқарув ҳужжати янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қўшинларга юборилди. Ҳужжатлар қўшинлар орасида ўзаро ҳамжиҳатлик, самарадорлик ва юксак масъулиятни таъминлаш билан бирга, жанговар тайёргарликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

    Жанговар тайёргарлик машғулотларида барча тоифадаги командир ва бошлиқларнинг асосий диққат-эътибори амалий дала-ўқув машқларига, мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилишда куч тузилмалари билан узвий ҳамкорликка қаратилди.

    Кичик командирларнинг бошқарувчанлик маҳорати ошди, стратегик, оператив ва тактик бўғинларда бўлинмалар томонидан янги тактик ҳаракатлар ўзлаштирилди. Жанговар тайёргарлик жараёнида шахсий таркибнинг психологик тайёргарлиги ҳамда жанговар руҳини ошириш дастури ишлаб чиқилди.

    Мудофаа вазирлиги қўшинларининг тактик, оператив вазифаларни бажариш қобилия­ти қўққисдан синовдан ўтказилди. Бунда қўшинларни қайта гуруҳлаш, десантлаштириш, ҳаво-­десант қўшинларини қўллаш, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш, узоқ масофаларга маршлар уюштириш, разведка олиб бориш, жумладан, учувчисиз учиш аппаратларини қўллаган ҳолда авиация, артиллерия, танк ва бошқа қуроллардан жанговар отишларни ўтказиш тадбирлари амалий тарзда бажарилди. Текширувлар натижаларига кўра, жанговар шайлик тадбирлари ўтган йилдагига нисбатан 1,5 марта кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлиги ошишига эришилди. Мудофаа вазирлиги қўшинлари вазифаларни бажаришга шай деб баҳоланди.

    Бугунги кунда ҳарбий можаролар барча маконлар — қуруқликда, ҳавода, сувда ва сув остида, космик маконда, ахборот ва кибермаконда олиб борилмоқда. Натижада ўтмишда сиёсий мақсадларга фақат қуролли кураш орқали эришилган бўлса, бугунги кунда буни қуролли тўқнашувсиз амалга ошириш мумкин.

    Айни даврда дунё ҳамжамияти ҳарбий тўқнашувларни самарали ҳал қилиш формуласини топишга интилмоқда. Шу маънода, дунёда содир бўлаётган ҳарбий можароларнинг келиб чиқиши ва уларнинг оқибатлари, хусусан, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, роботлаштирилган қурол ва мажмуаларнинг қўлланилиши, ахборот-психологик хуружларнинг янги кўринишларини таҳлил қилган ҳолда қўшинлар ва тегишли муассасаларда ҳозирги замон ҳарбий можароларида ҳарбий санъат ривожланишидаги янги тенденцияларга ягона қараш ва ёндашувларни яратиш масалалари ўрганилмоқда.

    Профессионал сержантлар — қўшинларнинг таянч устунлари

    Президентимизнинг 2024 йил 27 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг профессионал сержантлар корпуси фао­лиятини янада такомиллаштириш чора-­тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш ҳамда оддий аскар ва сержантлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш, жамоавий жипсликни таъминлаш, сержантлар корпуси фаолиятини ривожлантириш мақсадида Мудофаа вазирлиги қўшинларида алоҳида мақомга эга бўлган “бош сержант” ва “бош сержант ёрдамчиси” лавозимлари татбиқ этилди.

    Ушбу лавозимдаги ҳарбий хизматчилар учун “биринчи сержант”, “штаб сержант”, “мас­тер сержант” ва “сержант-майор” ҳарбий унвонлари жорий этилди. Мазкур ­лавозимларга тайинлаш учун 300 дан ортиқ номзод сержантлар орасидан сараланди ҳамда бугунги кунда ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияланган, интеллектуал салоҳият ва юксак ҳарбий маҳорат, бошқарувчанлик қобилиятига эга бош сержант ва бош сержант ёрдамчилари томонидан ­батальон, бригада, округ ва вазирлик миқёсида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Кучли рақобат муҳитида ривожланаётган қўшинлар

    Қўшинларда “Мен ғолиб!” шиори остида якка ва гуруҳ таркибида контракт бўйича ҳарбий хизматчилар билан 23 та йўналишдаги мутахассислик бўйича кўрик-танловлар ҳамда аскарлар билан 25 та йўналиш бўйича мусобақалар, шунингдек, Қуролли Кучлар миқёсида “Ўз касбининг устаси” унвони, “Энг илғор мерган”, “Довюрак жангчи”, “Тўмарис” ҳамда “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақа ва кўрик-танловлари ўтказилмоқда.

    Соғлом рақобат муҳитида ўтаётган ушбу тадбирлар орқали мутахассисларнинг касбий тайёргарлик даражасини ошириш ҳамда гуруҳларнинг жанговар вазифаларни муваффақиятли бажариш имкониятини баҳолашга эришдик.

    Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2024 йил давомида Мудофаа вазирлиги мутахассислари турли халқаро ҳарбий мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллади. Хусусан:

    • Покистонда VII Халқаро “Жамоа руҳи” мусобақасида — 1-ўрин;
    • Туркияда “Энг илғор мерган” мусобақасида — 1-ўрин;
    • Ҳарбий-касбий тайёргарлик халқаро Олимпиадасида — 1-ўрин;
    • Жанубий Кореяда “Халқаро илмий жанговар тайёргарлик” мусобақасида — 1-ўрин;
    • МДҲга аъзо давлатлар армиялари ўртасида “Ўқ отиш спорти” мусобақасида — 1-ўрин;
    • Россияда “Саян юриши” мусобақасида — 2-ўрин;
    • Жанубий Кореяда биринчи халқаро мерганлар мусобақасида — 2-ўрин;
    • Буюк Британияда “Кембрия патрули” мусобақасида — 2-ўрин;
    • МДҲга аъзо давлатлар армиялари ўртасида “Ҳарбий спорт комплекси кўпкураши” мусобақасида — 2-ўрин.

    Мудофаа вазирлигининг 22 спортчиси мамлакатимиз спорт терма жамоалари таркибида Париж шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпия ўйин­ларида 9 та спорт тури бўйича мусобақаларда иштирок этди. Олимпия ўйинлари якунига кўра, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан 2 та олтин, 1 та кумуш медаль қўлга киритилди. Паралимпия ўйинларида ҳам Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 1 та олтин ва 1 та кумуш медаль соҳиби бўлди.

    Шунингдек, ҳарбий хизматчилар билан аҳоли ўртасида “Халқ ва армия — бир тану бир жон!” шиори остида спортнинг оммавий, техник ва амалий турлари бўйича мусобақалар ҳамда барча ҳарбий хизматчиларни кенг қамраб олган ҳарбий спорт ўйинлари ўтказилмоқда.

    Полигонлардаги янги ўқув нуқталари ва амалиёт

    Бугунги кунда қўшинлар шахсий таркибининг замонавий жанговар ҳаракатларда қўлланилаётган янги тактик усул ва услубларни амалда ўзлаштириши учун Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги 14 та полигон Қуролли Кучларнинг ягона дала тайёргарлиги марказига айлантирилди ҳамда бўлинмалар тайёргарлиги учун халқаро талабларга мос равишда барча шарт-шароитлар яратилди. Уларнинг барчасида УУА ва дронларни бошқариш бўйича ўқув нуқталари ташкил қилинди. “Фориш”, “Майдон”, “Бахмал”, “Пачкамар”, “Шорсу” ва “Толмозор” полигонлари халқаро талабларга мос равишда замонавий кўринишда барпо этилди.

    Дала-ўқув майдонлари танк экипажларини мажмуавий тайёрлаш, гуруҳ қуролларидан ўқ отиш бўйича 23 тўпламдан иборат панорамали компьютерлаштирилган нишонларни ҳаракатга келтирувчи мосламалар ва ўқ отиш каби ўқув тренажёрлари билан таъминланди.

    2024 йилда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари Радиолокация станциялари мутахассисларини ўқитиш ва қайта тайёрлаш марказининг фаолияти йўлга қўйилиб, ўқув марказлари сони 20 тага етказилди. Ўтган йил давомида уларда Мудофаа, Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, ДХХ, Миллий гвардиядан 37 та жанговар мутахассислик бў­йича жами 11 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи малака оширди.

    Илғор тажриба таҳлили ва халқаро ҳамкорлик

    Жанговар ҳаракатларни олиб боришнинг замонавий ёндашувлари, усул ва услубларини таҳлилий ўрганиш мақсадида халқаро ҳарбий ҳамкорлик режасига биноан, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари турли даражадаги халқаро симпозиум ва конференцияларда, тактик, оператив ва стратегик ўқувларда иштирок этди.

    Халқаро ҳарбий ҳамкорлик режалари доирасида 2024 йил давомида қўшинларда мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича илғор хорижий армиялар билан ҳамкорликда 30 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Туркия, АҚШ, Покистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Буюк Британия, Франция, Озарбайжон, Италия Қуролли Кучларининг махсус бўлинмалари вакиллари, мерганлари, йўриқчи-сержантлари ва бошқа тор доирадаги мутахассислари иштирокида ўтказилган ўқув тренинг машқлари, курс машғулотлари ва тактик ўқувлар ҳарбий хизматчиларнинг касбий малакасини ошириш ва тажриба алмашиш имконини берди. Шахсий таркибни замонавий жанговар ҳаракатларга тайёрлаш, жангни олиб бориш ва бошқариш бўйича қўшимча билим ва кўникмаларга эришилди.

    Ҳозирги замон қуролли тўқнашувларининг таҳлили ва ривожланган хорижий армиялар илғор тажрибасидан келиб чиқиб, қатор бош­қарув ҳужжатлари, хусусан, бўлинмаларнинг янги тактик усул ва услубларида жанг олиб боришга йўналтирилган жанговар алгоритм, пулемётчи курси, отишнинг тактик ва техник элементларини ўрганиш курси, ниқобланиш бўйича қўлланма, шаҳар ва тоғ шароитида жанг қилиш қўлланмалари, қуруқликдаги қўшинларнинг жанговар низомлари ҳамда барча қўшин турлари бўлинмалари учун ўқув дастурлари янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қўшинлар фаолиятига татбиқ этилди.

    Сунъий интеллект, робот, ракета, дрон...

    Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларида интеллектуал жиҳатдан етук, стратегик фикрлай оладиган кадрларни тайёрлашга урғу берилмоқда.

    Ҳарбий санъат шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги кунда ҳарбий кадрларнинг жисмоний тайёргарлиги ва ғоявий-мафкуравий иммунитетини ошириш, IT ва замонавий технологияларни қўллай оладиган, тезкор қарор қабул қилиш қобилиятига эга офицерларни тайёрлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, турли таҳдид ва хавфларни ҳамкорликда бартараф этиш мақсадида куч тузилмалари билан биргаликда курсант ва тингловчилар ўртасида 9 маротаба икки поғонали қўшма қўмондонлик ўқуви ҳамда 2 марта стратегик ҳарбий иш ­ўйини ўтказилди.

    Қуролли Кучлар академиясида реал шароит­ларга мослаштирилган оператив-тактик вазифалар ҳамда курсант ва тингловчилар дунё­қарашини кенгайтириш мақсадида замонавий дастурлар ишлаб чиқилди. “Хавфсизлик асос­лари. Хавф ва таҳдидлар. Миллий манфаат­лар”, “Сунъий интеллект ва унинг ҳарбий соҳада қўлланилиши” каби факультатив курслар йўлга қўйилди.

    Ҳозирги замонавий қуролли тўқнашувларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши кураш воситалари кенг қўлланилмоқда. Глобаллашув ва гибрид урушлар кечаётган жараёнда ахборот технологиялари, дронлар ва уларга қарши курашиш сир-асрорларини чуқур ўрганиш мақсадида хорижлик ҳамкорлар билан барпо этилган киберхавфсизлик, дастурлаш лабораторияларида махсус ўқув курслари дастурлари бўйича жиддий ишлар олиб борилиши йўлга қўйилди.

    Мудофаа вазирлиги қўшинлари — матонат ва фидойилик мактаби

    Ҳозирги кунда жаҳон ахборот маконида кескин кураш кетаётган бир пайтда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини мустаҳкамлаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

    2024 йилда шу йўналишда қабул қилинган бир қатор ҳужжатлар асосида қўшинларда маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси борасидаги ишлар янги сифат босқичига кўтарилди.

    Дунёда рўй бераётган қуролли можароларда айнан “руҳий ресурс” жанг тақдирини ҳал қилмоқда. Шу боис, “Чирчиқ” полигонида “Аскарларни руҳий чиниқтириш йўлаги”, “Нукус” ва “Фарғона” полигонларида “Ахлоқий-руҳий тайёргарлик шаҳарчаси” барпо этилди. Рес­публика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда “Ҳарбий хизматчи маънавия­ти” модели ҳамда “Ғоя­вий жангчи” концепцияси ишлаб чиқилиб, ­амалиётга киритилди. Истиқболда илғор ­хорижий тажриба асосида ­психологик лаборатория ташкил этилиб, жанговар руҳни ошириш ҳамда психологик барқарорликни таъминлашга қаратилган илмий тадқиқотлар ўтказилади.

    Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-­маърифий савиясини ошириш борасида ҳозирги давргача ёзувчи ва шоирлар, олимлар, фан ва санъат арбоблари иштирокида 33 мингга яқин маънавий-маърифий ва маданий тадбир, шунингдек, Мудофаа вазирлигига бириктирилган 1 миллион ёш билан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида “маҳаллабай” тизим асосида 175 мингдан ортиқ тадбир ташкил қилинди.

    Президентимиз топшириғига мувофиқ, “Жиззах тажрибаси” асосида мамлакат бўйлаб 56 маротаба “Жасорат мактаби” ҳарбий-­ўқув йиғинлари ўтказилди. ­Мазкур йиғинларга жами 5,5 мингдан зиёд ­уюшмаган ва профилактик ҳисобда турган ёш жалб этилди.

    300 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшни бирлаштирган “Ватан таянчи” ҳаракати аъзолари иштирокида 25 мингга яқин ҳарбий-ватанпарварлик ва меҳр-саховат тадбири ўтказилди. Ўтган йил ёзида Қозоғистонда ўтказилган халқаро ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасида “Ватан таянчи” жамоамиз 52 та жамоа орасида фахрли 2-ўринни қўлга киритди.

    Аскар ва курсантлар ўртасида илк бор “Амир Темур издошлари”, “Бобурнинг жанг санъати”, жадидчилик ҳаракати ва намояндалари фаолиятини ўрганишга қаратилган ­“Жадидлар — миллат фидойилари” каби танловлар жамоатчилик вакиллари ва олимлар ҳакамлигида ўтказилди.

    Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаётини ўрганиш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича қатор самарали ишлар давом эттирилмоқда.

    Миллий қўшин тузиш орзусида ўтган ота-боболаримиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида ишчи гуруҳлар томонидан архивларда сақланаётган мингдан ортиқ иш жилди ўрганилиб, улар асосида қатағон қурбони бўлган жами 1105 нафар, жумладан, отувга ҳукм қилинган 157 нафар, узоқ муддатга қамалган 535 нафар, қулоқ қилинган 109 нафар, мол-мулки мусодара қилинган 193 нафар, 1953 йилдан кейинги даврда оқланган 111 нафар ўзбекистонлик шахснинг рўйхати шакллантирилди.

    Бир гуруҳ олим ва тадқиқотчилар томонидан ҳарбий жадидлар фаолияти чуқур ўрганилиб, “Ҳарбий жадидлар хотираси барҳаёт” китоби нашр этилди. Китобда 1924-1938 йилларда миллий армияни барпо этиш йўлидаги қарашлари учун қатағон қилинган жадидлар ва ўзбек ҳарбийларининг фаолияти акс этган маълумотлар, архив ҳужжатлари ва илмий ишлар жамланган.

    Беқиёс жасорат қалбларда мангу...

    Дунё аҳлини қайғуга солиб, инсоният тарихига қора доғ бўлиб тушган Иккинчи жаҳон уруши, афсуски, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ­ғалаба санаси Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

    Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида юртимизда давлат ва жамоат арбоблари, фахрийлар, фан, маданият ва санъат намояндалари, ёшлар, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар ҳамда “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати аъзолари иштирокида “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини тарғиб қилишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

    Қутлуғ сана муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига пул мукофотлари, “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медали, табрикнома ва совғалар топширилмоқда.

    Биз эл-юрт тинчлиги учун курашган ота-боболаримиз ҳамда юртдошларимизнинг беқиёс жасорати, темир иродаси ва фидо­йилигини ҳар доим хотирамизда сақлаймиз. Шу азиз хотира олдида бош эгамиз, фидойи қаҳрамонларнинг муборак номлари ҳамиша юрагимизда яшайди.

    Ижтимоий муҳофаза

    Ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларининг ижтимоий муҳофазаси борасидаги давлат дастурлари ижроси юзасидан ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2024 йилда 9 та хизмат уйи ҳамда ипотека кредити асосида 29 та кўп қаватли уй қурилиб, 1,5 мингга яқин ҳарбий хизматчи уй-жой билан таъминланди. Ҳарбий хизматчиларнинг 839 нафар фарзанди имтиёзли тизим асосида энг нуфузли олийгоҳларга ўқишга қабул қилинди.

    Йил давомида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва соҳа фахрийларининг ижтимоий ҳимояси эътиборимиз марказида бўлди. Хусусан, ҳарбий хизматчиларнинг 850 нафар рафиқаси ва 315 нафар ҳарбий пенсионер иш билан таъминланди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарорига кўра, қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилди:

    • 2025 йил 1 мартдан ҳарбий хизматчиларга турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоиз оширилди;
    • 2025 йил 1 июндан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида 10 йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жой ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгиланди.

    Ўзбекистон Президентининг 2005 йил 30 июндаги тегишли қарорига киритилган ўзгартиришларга кўра, 2025 йил 1 мартдан йил якунигача Қуролли Кучларнинг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар доирасида турар жой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик учун:

    • Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 4,8 бараваригача миқдорда;
    • Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — БҲМнинг 3,6 бараваригача миқдорда;
    • бошқа шаҳарлар, туман марказлари ва аҳоли пунктларида — БҲМнинг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгиланди.

    Оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоиз оширилди.

    2026 йилдан ҳар йили ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида турар жой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда ҳукумат қарори билан белгилаб борилади.

    “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиш керак” тамойилига асосан, 2024 йилда фуқароларни қабул қилиш ва муаммоли масалаларини ҳал этиш бўйича самарали чораларни кўриш бўйича юзлаб шахсий ва сайёр қабуллар ўтказилди. Мазкур қабулларда кўп­лаб фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб чиқилди ва ҳал қилиш бўйича манзилли ­чоралар кўрилди.

    Кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун ҳарбийлар, уларнинг оилалари ва фахрийларимиз томонидан Президентимизга алоҳида миннатдорлик билдирилмоқда.

    Қўшинларимизнинг ҳақиқий куч-қудрати замонавий техника ёки қурол-аслаҳада эмас, аввало, юрагида Ватанга садоқат ва фидокорлик ҳисси жўш уриб турган ёшлар, оддий аскар, сержант ва офицерларимизнинг мустаҳкам иродаси, ақл-заковатида намоён бўлади. Биз буни чуқур ҳис этган ҳолда эзгу ва шарафли мақсад — она Ватанимиз хавфсизлиги, халқимиз осойишталиги йўлидаги барча топшириқларни виждонан ва юксак масъ­улият билан бажаришга, халқимиз ва ­Президентимиз ишончини оқлашга ваъда ­берамиз!

    Шухрат ХАЛМУХАМЕДОВ,

    Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири,

    генерал-майор

    No date selected
    июл, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates