Дунёнинг мафкуравий манзараси. Бу жараёнда фақат уйғоқ жамиятлар ғолиб

    Дунёда геосиёсий ва геоиқтисодий қарама-қаршиликлар тобора кескинлашмоқда, халқаро муносабатлар тизимида юзага келаётган можаро ва зиддиятларни куч ишлатиш орқали ҳал этишга интилишлар кучаймоқда.

    Яқинда 10 йилдан кўпроқ муддат Жанубий Кореяда шартнома асосида ишлашга кетган курсдошим юртимизга қайтиб келди, Тошкентда, Бухорода суҳбатдош бўлдик, шаҳарларни айландик. Шунда дўстим ўз юртидан анча муддат узоқда бўлгани учунми, Тошкент ва Бухородаги ўзгаришлар, осмонўпар бинолару, одамларнинг ўз ҳаётидан мамнунлиги, замонавий машиналарда юриши, ёшлар учун гавжум ҳудудлар кўпайиб, уларнинг билим олишга, касб эгаллашга иштиёқини кузатиб, ҳайратини яшира олмади.

    Яна бир манзарадан завқланганини эътироф этди: қаҳвахоналарда халқимиз оиласи, яқинлари, дўстлари билан шод-хуррам овқатланмоқда, ҳордиқ чиқармоқда.

    Ҳа, албатта, сўнгги саккиз йилда Ўзбекистон тарихчилигида янги саҳифалар очилди. Вилоятлардаги шаҳар, туманлар қиёфаси буткул ўзгарди. Бунга сабаб оқилона сиёсат туфайли, аввало, бошқарувдаги ҳар бир раҳбарнинг тафаккурига «Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун» бош ғояси сингдирилиши бўлди. Халқимиз тафаккурида ҳам яхши кунларга ишонч, умид куртак очди. Яхши, қулай иш ўринлари яратилди, «Бизга шу ҳам бўлаверади» деб эски эмас, кўркам, замонавий биноларда яшаш имкони берилди. Бугун саноғи анча салмоқли катта завод, фабрикалар, ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва тижорат, умуман, хонадонлардаги кичик бандликдан тортиб, энг йирик заводларгача ишга туширилди.

    Бир фуқаро — Ўзбекистоннинг бир вакили, бугун биз 37,5 миллиондан ошдик. Барчамиз бирлашсак, барқарор ривожланиш сари одимлаймиз. Шунга яраша улкан мақсадлар сари боряпмиз.

    Бундай эзгу мақсадлар дастлаб БМТнинг Мингйиллик ривожланиш декларациясида, кейинчалик «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш кун тартиби» деб номланган салмоқли ҳужжатда белгилаб қўйилди. Хусусан, глобал аҳамиятга эга бўлган «Кун тартиби — 2030»нинг қисқа ва ўрта муддатларга мўлжалланган 17 та барқарор ривожланиш мақсади дунёнинг 193 мамлакати қаторида Ўзбекистон томонидан ҳам қабул қилинди.

    Барқарор ривожланиш мақсадлари юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон қадрини ва унинг шахсий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, экологик ва ривожланиш ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ замонавий қарашларини ўзида жамлагани билан ҳам аҳамиятлидир. Бугун ҳеч бир фуқаро ўз муаммоси билан ўзи қолдирилмаган. Оддий фуқаро, тадбиркор, ёшлар, аёллар, ёши улуғ ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам бўлсин, барчасининг ҳаракати, муаммоси, ташвишини эшитувчи масъул раҳбарлар ҳамда назоратга олувчи шахслар бор. Ҳатто авваллари минглаб мавжуд бўлган, шунчаки тилда бўлган «камбағаллик» сўзи кучли ирода билан очиқчасига айтилиб, бу тоифадаги фуқароларимизни юксалтириш учун масъул вазирлик ташкил этилди. Бугун ушбу вазирлик мутасаддилар ва жамоатчилик ҳаракати билан минглаб аҳолимизнинг камбағалликдан чиқиб, ишбилармон, ўзига тўқ оила бўлиб яшаши учун ҳаракат қилмоқда.

    Ғурур билан айтишимиз керакки, Ўзбекис тон 2023 йили БРМ индексида (СДГ индех) 71,1 балл билан 166 та мамлакат орасида 69-ўринни эгаллаб, 2022 йилдагидан 8 поғона юқорилашга эришди. Бунда юртимизда барқарор ривожланишнинг 10 та мақсади — камбағалликни қисқартириш, гендер тенглик, тоза сув ва санитария, барқарор шаҳарлар ва аҳоли пунктлари, тинчлик, адолатли, самарали институтлар ҳамда барқарор тараққиёт йўлида ижобий ўсишга эришилди.

    Аҳолимизнинг 50 фоизини ташкил этадиган аёлларнинг барқарор ривожланишдаги ҳиссаси ҳам сезиларли даражада. Сўнгги етти йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши кўпайди. Ишбилармон хотин-қизлар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган аёллар сони 205 мингдан ошди. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Салкам ярим миллион опа-синглимиз иш билан таъминланди. Ҳозирги кунда олийгоҳларда таълим олаётган талабаларнинг ярмидан зиёдини қизлар ташкил этмоқда. Хотин-қизларни зиёли қилиш борасидаги давлатимиз сиёсати самарасини бера бош лади. Қувонарлиси, магистратурани давом эттираётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммалари давлат томонидан қоплаб берилмоқда.

    Албатта, юртимизда эришилаётган ютуқлар, натижалар мислсиз даражада экани бугун нафақат ўзимизда, қўшни давлатларда, балки жаҳоннинг энг йирик мамлакатларида ҳам эътироф этилмоқда.

    Дунёнинг турли минтақасида кечаётган мафкуравий, сиёсий ва ҳарбий можаролар натижасида энг йирик компаниялар ва ишбилармон доира вакиллари тинчлиги кафолатланган юртни, ҳудудни, келажаги учун аниқ барқарор жадал ривожланаётган мамлакатни ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш мақсадида танлайди. Айни дамда бундай халқаро тадбиркорлик макони янги Ўзбекис тондир.

    Бу юксак марралар, натижалар қачон шиддат билан давом эттирилади? Қачонки тинчлик бўлса! Шу ўринда бугун дунёда юзага келаётган янги хавф-хатарлар бундай эзгу мақсадларга эришиш йўлида жиддий тўсиқ бўлаётганини алоҳида қайд этиб ўтиш керак.

    Хатарларни нималарда кўрамиз?

    Дунёда геосиёсий ва геоиқтисодий қарама-қаршиликлар тобора кескинлашмоқда, халқаро муносабатлар тизимида юзага келаётган можаро ва зиддиятларни куч ишлатиш орқали ҳал этишга интилишлар кучаймоқда.

    Бугун жаҳонда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларидан чекиниш, хавф-хатар ва таҳдидлар ечимига бирёқлама қараш ҳолатлари кузатилмоқда. Айниқса, ҳар бир халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, суверен мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига қарши таҳдид ёки куч ишлатишдан тийилиш, юзага келган ҳар қандай низони музокаралар йўли билан ҳал этиш борасида қатор саволлар тўпланиб қолган.

    Шунингдек, аксарият ҳолларда адолат, ўзаро ҳурмат, тенглик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларига панжа орасидан қараш ҳолатлари ҳамда ўзаро ишонч, бир-бирини тушуниш, очиқ ва конструктив мулоқот бобида инқироз кузатилмоқда. Илгари мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат йўли билан ҳимоя қилиб келган қуд ратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига, кескинлик ва можаролар тобора кучайиб бо раётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

    Афсуски, халқаро ҳамжамият томонидан олий қадрият сифатида тан олинган инсон, унинг ҳаёти, эркинлик ва ҳуқуқларини поймол этиш кўпгина мамлакатларда оддий ҳолга айланмоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2023 йилда дунёда қуролли тўқнашувлар юз бераётган ҳудудлар сони 55 тага етган, зўравонликлар сони эса 28 фоиз кўпайган.

    Бунга Украина, Фаластин, Сурия ва бош қа геосиёсий, қуролли зиддиятлар кечаётган ҳудудларни келтириб ўтиш ўринли. Ачинарлиси шундаки, минглаб аёллар, ёш болалар, умуман, оддий тинч аҳоли мана шундай даҳшатли фожиалар қурбонига айланмоқда. Бугун дунё бўйлаб кечаётган қуролли можаролар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 фоиз кўпайган. Бундай талотўплар оқибатида дунё аҳолисининг 2,3 фоизи ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бу Иккинчи жаҳон урушидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Хуллас, вазият кун сайин издан чиқиб, чигаллашиб бормоқда.

    Навбатдаги таҳдид сайёрамизда иқлим ўзгариши ва экологик вазият кескинлашуви, биохилма-хиллик қисқариши, атроф-муҳит ифлосланиши ва табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ.

    Тўғриси, бугун экологик хатарлар кун сайин «ҳалокатли нуқта»га яқинлашмоқда. Барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидлардан бирига айланган ушбу масала айни пайтда ҳатто дунёдаги геосиёсий вазиятга ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

    Ҳозир дунёда 3,6 миллиард киши иқлим ўзгаришидан сезиларли даражада азият чекаётган ҳудудларда яшамоқда, 2 миллиард одам эса тоза ичимлик сувдан баҳраманд бўла олмаяпти. Бунинг устига ҳар йили 600 миллион киши сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқадиган хавфли касаллик лардан жабр кўрмоқда. Ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетиши билан боғлиқ ўлим даражаси тобора кўпайиб бормоқда.

    Бу одамзоднинг она табиат билан мулоқоти ва унга бўлган меҳрининг кескин камайганидан далолат беради. Шунинг учун юртимизда сўнгги етти йилда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиётнинг жадал ҳаётимизга кириши, ривожланишига кенг имкониятлар яратилмоқда. Жорий 2025 йилга Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисо диёт йили деб ном берилишида ҳам кенг маъно, устувор мақсад-вазифалар бор.

    Ачинарли хотира. Яқин-яқингача биз она табиатни асраш кераклиги ҳақидаги шиорлар билан чекландик, холос. Кейинги йилларда бу борадаги жадал қадамлар «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати юзага келиши ва унинг доирасида юртимизда миллионлаб кўчат экилиши, қурилаётган бинолар атрофида ёки бўш турган кенг майдонларда дарахтзорлар ташкил қилиниши билан янги босқичга чиқди.

    Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё дунё бўйича иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан биридир. Кўп йиллик метеорологик кузатишлар сўнгги 30 йилда минтақамизда фавқулодда жазирамали кунлар сони 2 карра кўпайгани, ўртача ҳаво ҳарорати ошиб бориши ҳам дунёдаги умумий кўрсаткичлардан 2 баробар юқори экани ҳамда тоғлардаги музликлар майдонининг учдан бир қисми эриб битганини кўрсатмоқда.

    Таҳлилларга кўра, сув тақчиллиги туфайли минтақамиз давлатлари ҳозирнинг ўзида ҳар йили қарийб 2 миллиард доллар миқдорида зарар кўрмоқда. Йиллар ўтиб ушбу иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин. Яъни сув тақчиллиги муаммоси аллақачон муқаррар тус олгани ва бундан буён тобора чуқурлашиб бориши аччиқ ҳақиқатдир.

    Турли табиий офатлар, шиддатли демографик ўсиш, урбанизация жараёнлари ва саноатлашув натижасида юзага келаётган техноген омиллар ҳам сув таъминоти ва экология билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу муаммоларни ҳал қилиш масаласи Ўзбекистон учун долзарб аҳамиятга эга. Негаки мамлакатимиз дунёдаги энг катта экологик офатлардан бири — Орол фожиасини бевосита ўз бошидан ўтказмоқда.

    Президентимиз доимий равишда мамлакатларнинг биринчи раҳбарлари, масъул вакиллари иштирокида ўтказилаётган халқаро конференция, саммитлар, кенгайтирилган ва кичик мулоқотларда экологик вазиятни яхшилаш, сув танқислиги ва табиий офатлардан сақланиш ҳамда Орол муаммосини ҳамжиҳатликда, бирлашиб ҳал этиш ташаббуси, ғояларини илгари суриб келаётир.

    Чунки бугун халқимиз глобал исиш, экологик мувозанат бузилиши билан боғлиқ аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хиллик тобора қисқариб бориши, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасайиши, ичимлик сув тақчиллиги, ҳаво ифлосланиши каби жиддий таҳдидлар билан юзма-юз яшамоқда. Ушбу глобал муаммо янги Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар шиддат билан барқарор иқтисодий ривожланишига ҳам тўсқинлик қилаётир.

    Биз, албатта, халқимиз бир тану бир жон бўлиб, жонажон она заминимиз атроф-муҳитни асраш ва экологик тоза, барқарор «яшил» иқтисодиёт сари интилмоғимиз керак. Глобал иқтисодиётда тизимли узилишлар вужудга келиши, савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар пайдо бўлиши, товарлар ва хизматлар айланишининг издан чиқиши, энергетик хавфсизликка таҳдидлар ошиши тобора яққол намоён бўлмоқда. Шунинг дек, озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдидлар ҳалокатли тус олиши оқибатида кўплаб минтақаларда ижтимоий беқарорлик содир бўлмоқда.

    Ёшлар асосий драйверга айланмоқда

    Бугун барча соҳалар сингари таълимга эътибор юксалди. Мактабгача таълим ва мактаб таълимининг йиллар давомида ечимини кутаётган масалалари ҳал этилмоқда. Бу соҳага хусусий боғча ва мактабларнинг кириб келиши давлат ва нодавлат сектор ўртасидаги яхши маънодаги рақобат муҳитини яратди. Самараси шуки, бугун ёш авлод замонавий таълим-тарбия олмоқда. Ота-оналар фарзандини рақобатда етакчи бўлган замонавий боғча ва мактабга адолатли, рақамлаштирилган тизимлар орқали жойлаштириш имконига эга бўлди. Тошкент шаҳри ва вилоятларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар очилиши янги авлод жадидлари, янги Ўзбекистонни барпо этадиган ёшлар тарбияланишига катта майдон бўляпти.

    Жорий йилнинг январь ойида «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» доирасида юртимиз таълим тизими ютуқлари хал қаро майдонда яна бир бор эътироф этилиши барчамизга қувонч бағишлади. Тошкент шаҳридаги Президент мактаби Шайх Зоид номидаги нуфузли мукофотнинг «Глобал ўрта мактаблар» номинациясида ғолиб топилди. Мактаб ўқувчилари Паҳлавон Ғуломов ва Асилбек Ашрапов ҳамда уларнинг устози Соҳибхон Азизовнинг ёмғир сувини ичишга яроқли даражагача қайта ишлаш лойиҳаси ғалабани қўлга киритди. Танловга 156 та давлатдан жами 5980 та ариза келиб тушгани айтилди. Абу-Дабида мукофотни ўқувчиларга Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён шахсан топширди.

    Таълимга берилаётган эътибор самараси ҳар жабҳада, жумладан, БАА саммитида ҳам намоён бўлди. Ёшларимизнинг бу ажойиб муваффақияти барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, шунингдек, биз танлаган барқарор ва «яшил» ривожланиш йўли нақадар тўғри эканини яна бир бор тасдиқлайди.

    Юртимизда олий таълим ҳам янги даврга юз тутди. Бугун ёшлар талабаликка қабул қилинишидан тортиб, олийгоҳни битириб, ишга жойлашиш, касб-ҳунар эгаллашига қадар ижтимоий назоратга олинди. Яъни тил, касб-ҳунар билишни қўллаш ва молия вий кўмак тизими яратилди. Бу ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим жиҳатига айланди. Натижада мактабларни битирган ўқувчилар бир вақтнинг ўзида дунёнинг энг нуфузли 10, 15, 20 тагача олийгоҳига қабул қилингани ҳақида хабарлар чиқаётир. Бунга ўрганиб ҳам қолдик. Бугунги давр ёшлари ўқишини, касб-ҳунар эгаллашини, асосийси, келажакда ким бўлишини фақатгина ота-она эмас, балки иқтидори, қизиқишидан келиб чиққан ҳолда ўзлари оилавий бамаслаҳат қарор чиқарадиган бўлди.

    Янги Ўзбекистон ёшларининг эртанги кунга ишончи баланд. Юрт корига яраш, унга муносиб фарзанд, етук кадр бўлиш, ўзи яшаб турган жамиятни барқарор ривожланадиган, фаровон ҳаёт кафолатланган давлатга айлантириш учун ўзини сафарбар этиш иштиёқи баланд.

    Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат олийгоҳлар ёшлари жамиятимизнинг турли бўғинларида етакчи кадр ёки раҳбар лавозимларига кириб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, «Мана, мен янги Ўзбекистон бунёдкори бўламан!» деган минглаб ёшлар жамиятимизнинг асосий драйверига айланиб бормоқда.

    Ўзбекистон олий таълимининг барча йўналишлари қаторида биргина соғлиқни сақлаш соҳасида таълим бераётган олийгоҳларда нафақат ўзбек ёшлари, балки хорижий мамлакатлардан келиб таҳсил олаётган минглаб талабалар, илмий изланувчи, тадқиқотчилар бор. Бу эса тарихий анъананинг такрорланиши, яъни буюк сиймоларимиз меросини ўқитиш, ўрганиш яна ўзимизга қайтганини англатади. Бу ютуқларнинг барчаси мамлакатимиздаги узоқни кўзлаб юритилаётган ислоҳотлар натижасидир.

    Хулоса қилиб айтганда, бугунги дунёнинг глобаллашув, ахборот ва мафкуравий хуружлар авж олган бир даврида Ўзбекис тон тараққиёт йўлида юксак марралар сари одимлаб бормоқда. Бу борада мақсад ва вазифалар аниқ. Ҳар бир ватандошимиз, айниқса, аҳолимизнинг 60 фоиздан ортиғини ташкил қиладиган ёшларимиз янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш каби улуғвор мақсадларни рўёбга чиқаришга шайланмоғи даркор. Айниқса, «Ўзбекистон менга нима қилди?», деб эмас, балки «Мен юртим учун нима қилдим?» каби ғояларни ҳаётимизнинг шиорига айлантиришимиз керак.

    Азизбек Омонов,

    социология фанлари бўйича фалсафа доктори,

    доцент

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates