“Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” ток-шоусида иштирок этдим. Кўтарилган мавзу нафақат журналист ёки соҳа ходимлари, балки бутун жамиятни ўйга толдирадиган долзарб йўналишда бўлди: “Телевидение ўтмишга айланмоқдами? Ёш авлод нимани танлаяпти?”. Бир қарашда ҳамма “ҳа” деб жавоб бериши аниқ. Сабаби бугунги авлод интернет оламига тўлиқ шўнғиб бўлди. Телевизор олдидаги ўриндиқлар бўшаяпти, мажозий маънода айтганда, экран эски, авлодлар эса янгиланяпти. Ахборот майдони — бу энди катта студия эмас, ҳар бир қўлдаги смартфон дунё ахборотини жамлаган студияга айланмоқда.
Таъбир жоиз бўлса, қайси контент кучли бўлса, дунё унинг атрофида айланади. Лекин ток-шоуда иштирок этган барча экспертнинг фикри бундай эмас.
Мавзу жуда қизиқ ва долзарб. Сабаби, бу фақат бизга ёки бизнинг муҳитга тегишли эмас, бутун дунёда кечаётган жараёндир. Шундай экан, уни ўрганиш, таҳлил ва тадқиқ қилиш фикри устуворлик касб этди.
Зотан, замон ривожланиб, рақамли технологиялар ҳаётимизга жадал кириб келиши билан ахборотни истеъмол қилиш ва тарқатиш услублари ҳам ўзгариб бормоқда. Бу жараён фақат Ўзбекистонда эмас, балки бутун дунё медиасаноатида кузатилмоқда. Илгари аҳоли ахборотни асосан телевидение ва радио орқали олиб, муайян вақт ва контентга боғлиқ ҳолда яшаган бўлса, бугун рақамли платформалар ва ижтимоий тармоқлар бу ўринни эгаллаб бормоқда.
Хусусан, ёш авлод ахборот манбаси сифатида телевидениедан кўра YouTube, TikTok, Telegram ва Instagram каби платформаларни афзал кўрмоқда.
Дунё миқёсида рақамли платформа фойдаланувчилари сони кескин ошмоқда. Масалан, 2024 йил охирида Netflix дунё бўйича 269,6 миллион обуначига эга бўлди. YouTube кунига 5 миллиард видеоролик кўриладиган платформага айланди. TikTok эса ҳар ойлик 1,5 миллиард фаол фойдаланувчига эга. Бу платформалар ўргимчак тўридек дунё аҳолисининг онгини эгалламоқда. Таҳлилчилар, медиабренд эгалари эса қўлида смартфон тутган авлодга “эски” эфирлар қизиқ эмаслигини англаб етди ва янги эврилишларга қўл уряпти. Мисол учун, CNN, BBC, The Guardian каби нуфузли ахборот агентликлари ҳам YouTube, Facebook ва Instagram орқали ўз эфирини жонли трансляция қилишни йўлга қўйган. Натижада уларнинг кескин қисқараётган аудиторияси муайян маънода “тинчланди”.
Ёшлар нега рақамли платформаларни танлаяпти?
Ток-шоуда иштирок этган экспертлар фикрича, рақамли платформалар, аввало, ахборот ва кўнгилочар контентни исталган вақтда, исталган жойда, исталган қурилма орқали кўриш имкониятини беради. Бу эркинлик эса телевидениеда мавжуд эмас.
Иккинчидан, ижтимоий тармоқларда контент интерактив — фойдаланувчи лайк босади, изоҳ қолдиради, ўз видеосини қўяди. Телевидениеда эса аудитория пассив.
Учинчидан, рақамли платформаларда контент танлови кенг ва хусусийлашган. YouTube ёки TikTok алгоритмлари фойдаланувчининг қизиқишига мос видеоларни тавсия қилади.
Халқаро медиатаҳлилчи Сэм Харрис бундай дейди: “Замонавий ёшлар ахборотни фақат кўришни эмас, унда иштирок этиш, фикр билдириш, ижод қилишни хоҳлайди. Буни эса телевидение тақдим этиш имконига эга эмас”.
“Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев жуда ўринли ва аниқ фикрни илгари сурди: “Нега биз бугунги ёшларнинг ортидан эргашишимиз керак? Нима учун улар бизнинг ортимиздан эргашмайди? Илгари ёши катталардан доим ўрнак олинар, уларнинг анъаналари давом эттирилар эди”.
Тўғри фикр, устоз журналистнинг куйиниб гапирганича бор. Лекин... ортимиздан ёшларни эргаштиришга нима қаршилик қиляпти? Қандай тўсқинликлар бор? Ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Қуруқ гапларда эмас, амалда нега эргаштира олмаяпмиз ёшларни? Аксинча, уларнинг хоҳиш ва истаклари ортидан, замонавий тил билан айтганда, уларнинг тренди ортидан эргашяпмиз, деган ўринли эътироз ҳам билдирилди. Ёшлар билан рақобатлашиш учун, аввало, уларнинг орзуси, қизиқиши ва дарди нималигини билиш керак. Шундай экан, улар билан ҳисоблашишга мажбурмиз.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси Нишона Исаеванинг айтишича, ёшлар ахборотни истеъмол қилишда вақт ва жой чекловисиз эркинликни қадрлайди. Бу имкониятни эса айнан рақамли платформалар бера олади. Шу боис, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва унга муносабат билдириш борасида ҳам ёшлар фаоллашмоқда. Бу тенденцияни телевидение тўхтатиши қийин, балки ўз услубини замонавийлаштириши керак.
Телевидение ўз аудиториясини сақлаб қоладими?
Жуда ўринли ва долзарб савол. Бу муҳокама анча йилдан бери соҳа мутахассислари ва экспертларни ўйлантириб келмоқда. Ҳамманинг фикри ҳар хил. Кимдир расмий телеканаллар ўз услубида ишини давом эттиравериши керак, деса, бошқа биров телевидение замонга мослашиши, интернетга интеграциялашиши керак, дейди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи Маъмуржон Парпиевнинг қайд этишича, телевидение умуман йўқолиб кетмайди. Лекин ўзгариши шарт. Ҳозир кўп телеканаллар YouTube платформасида ўз саҳифаларини очган, мобиль иловалар ишлаб чиққан.
“UzReport TV”, “MY5”, “Sevimli TV”, “Zo`r TV” каби телеканаллар YouTube платформасида миллион марталаб кўрилади. Бундан ташқари, телевидение стриминг, интерактив кўрсатувлар ва жонли эфир орқали рақобатбардошлигини сақлаб қолиши мумкин. Телевидение рақамлашмай, интерактив услубларни жорий қилмай туриб, ёшлар орасида аудиториясини сақлаб қололмайди.
– YouTube платформасининг ўзбек сегментидаги видео ва қисқа лавҳа (рильс)ларнинг номи одамни ваҳимага солади. У ердаги видеолавҳалар билан ижтимоий-сиёсий йўналишдаги миллий контентлар рақобатлаша оладими? Рақамли платформа контенти устидан тўлиқ назорат қилиш муаммоси бор, – дейди халқаро шарҳловчи Шарофиддин Тўлаганов. – Ёшлар орасида ёлғон ахборот, ёшлар психологиясига салбий таъсир кўрсатувчи видеолар тарқалиши кузатилмоқда. Масалан, TikTok тармоғида баъзи чалғитувчи трендлар, ёши кичиклар учун зарарли видеолар ҳам бор. Шу сабабли рақамли медиасаводхонликни ошириш, платформаларнинг масъулиятини кучайтириш муҳим.
Дарҳақиқат, контент таъсири жуда кучли. Чунки у инсон онги, руҳиятини бошқаришга қодир. Ахборот майдонида жим қолиш ўз ихтиёрингни бошқаларга топшириш, дегани. Ёшлар эса бу жангда энг муҳим объект.
Бугун контентни истеъмол қилувчи эмас, уни ишлаб чиқувчи бўлишни истаган авлод пайдо бўлди. Бу авлод эфир олдида эмас, платформа юзасида яшамоқда. Шундай экан, телевидение ўз ўрнини сақлаб қолиши учун, аввало, ёшларни тинглаши ва улар билан бир тилда гаплаша олиши керак.
Мақолани ёзиш жараёнида шу йўналишдаги халқаро тажриба билан қизиқдик. Германияда рақамли платформалар орқали тарқатиладиган контент назорати учун махсус давлат органлари фаолият юритади. Франция ва Японияда эса мактаб ёшидан болаларга рақамли медиасаводхонлик дарслари ўтилади.
Тележурналист, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Нилуфар Умрзоқованинг фикрича, ёшлар телевидениедан кўра рақамли платформаларни афзал кўрар экан, бу жараённи тўхтатиб бўлмайди, аммо уни тўғри бошқариш мумкин. Телевидение рақамлашиши, интерактивлашиши ва ёшлар истагига мос контент ишлаб чиқиши лозим. Шу билан бирга, рақамли платформа контентини назорат қилиш ва медиасаводхонликни ошириш давлат ва жамият олдидаги муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади.
Экранлар алмашинуви: ахборот олиш услуби қандай ўзгарди?
Телевидение узоқ йиллар давомида энг муҳим ва машҳур оммавий ахборот воситаси бўлиб келди. Ўтган асрнинг 50-йилларида телевидение асри бошланди ва у XXI аср бошига қадар ўз позициясини бошқа турдаги медиага бўшатмади.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожланиши билан аста-секин телевидение аудиторияси рақамли маконга кўчди. Охирги 7-10 йилда бу жараён кескин тезлашди. Масалан, АҚШда 2020 йилда телеканаллар аудиторияси 2019 йилдагига нисбатан 10 фоиз қисқарган. Буюк Британияда ўртача 1 йиллик телевизор кўриш вақти 11 дақиқага камайган. Аксинча, стриминг платформалар 2020 йилда ўз аудиториясини кескин оширишга муваффақ бўлди.
Таҳлиллар телевидение томошабини камайиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу анъанавий ОАВ олдига янги чақириқлар қўймоқда ва медиастратегияларни ишлаб чиқишни талаб қилмоқда.
Таҳлилларимизга кўра, телевидение ҳозир ҳам глобал медиабозорда муҳим роль ўйнамоқда. 2029 йилга бориб, телевидениенинг глобал аудиторияси сони 5,5 миллиард кишини ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Бу 2024 йилдагига нисбатан 3,8 фоиз кўп.
“Zenith” халқаро агентлиги маълумотига кўра, 2009 йилда сайёра аҳолиси ҳар куни 188 дақиқа вақтини телевизор кўришга, 48 дақиқани эса интернет учун сарфлаган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилга келиб ТВда 168, интернетда 180 дақиқани ташкил этди.
Тадқиқотларга асосан, анъанавий оммавий ахборот воситаси (босма ва телевидение) аудиторияси 2017 йилги 63 фоиздан 2022 йилда 51 фоизгача қисқарган.
Алоҳида давлатлар мисолида кўрсак, АҚШда телеканаллар ҳар йили ўртача 2-3 фоиз томошабинини йўқотмоқда. Хитой ва Ҳиндистонда ТВ машҳур ва оммабоплигини сақлаб қолаётган бўлса-да, бу ерда ҳам аксарият фойдаланувчилар, айниқса, ёшлар онлайн платформаларни танламоқда.
Натижада глобал реклама бозори ҳам аста-секин анъанавий ОАВ ўрнига интернет ва ижтимоий тармоқлардаги реклама берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтиряпти.
Масалан, 2024 йилда глобал онлайн реклама бозори 800 миллиард доллардан ошди. Телеканалларда намойиш этилаётган рекламалар эса қиймати 168 миллиард долларни ташкил қилган. Ўтган йили умумий реклама бозорининг 72,9 фоизини рақамли реклама ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилда 76,8 фоиз бўлиши тахмин қилинган. ТВда эса аксинча — 2024 йилда унинг улуши реклама бозорида 16 фоиз бўлган.
Ўзбекистонда ҳам охирги йилларда интернет фойдаланувчилари сони кескин ошиб бормоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотига кўра, 2017-2025 йилларда улар сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионга ошган. Хусусан, “Telegram”дан 28 миллион, “Odnoklassniki”дан 19,2 миллион, “Facebook”дан 2,3 миллион,“ВКонтакте”дан 1,5 миллион, “LinkedIn”дан 850 минг, “Twitter”дан 250 минг ўзбекистонлик фойдаланмоқда.
Мазкур рақамлар ахборот олишнинг асосий манбаси сифатида ижтимоий тармоқлар ва интернет платформалари анъанавий ОАВлар позициясини эгаллаётганини кўрсатмоқда. Бу эса телеканаллар олдига бир қанча вазифалар қўяди: улар замонавий рақамли платформаларга интеграция қилиниб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига аудиторияни янада кенг жалб қилиши лозим.
Рақамли даврда омон қолиш стратегияси
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Амрулло Каримовнинг қайд этишича, биринчи навбатда, рақамли платформаларга интеграцияни кучайтириш лозим. Аудитория қисқаришига қарамай, шаклланган анъаналар ва кучли таҳририят жамоаси мавжудлиги телеканалларга ишончнинг сақланиб қолишига сабаб бўляпти. Мана шу кучли жиҳатларни сақлаб қолган ҳолда ТВнинг онлайн платформалардаги саҳифаларини янгилаш, аудиторияга мос ахборотни жойлаш ва тушунарли, содда тарзда етказиш орқали томошабинни телевидениега қайтариш мумкин.
Тадқиқотларга кўра, ахборот дастурлари ва спорт мусобақаларининг аксарияти телевидение орқали томоша қилинмоқда. Телеканаллар ижтимоий тармоқ ёки мессенжерлардаги саҳифалари орқали шу каби ахборотни тўғридан тўғри эфирга узатиш орқали аудиториясини кўпайтиришга эришиши мумкин. Масалан, ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчиларни қамраб олиш мақсадида CNN Facebook орқали энг муҳим дастурларини реал вақт режимида ёритиб боради.
Бундан ташқари, BBC 2030 йилга бориб теле ва радиоэфирларни тугатиб, тўлиқ онлайн форматда ишлашга ўтишни режалаштирган.
Ток-шоуда телеканаллар ўз платформасини яратиши орқали аудиторияни сақлаб қолиши ва кенгайтириши мумкинлиги таъкидланди. Хорижнинг етакчи телеканаллари аллақачон мобиль дастурларини ишлаб чиққан. Масалан, ВВС “BBC iPlayer” платформаси орқали аудиториясини 15 фоиз оширишга муваффақ бўлди.
Ёки йирик стриминг платформаларида ўзининг энг машҳур ва рейтинги баланд дастурларини жойлаш орқали томошабинлар сонини кўпайтириш мумкин. 2023 йилда 87 фоиз америкалик стриминг сервисларидан фойдаланган. Анъанавий ТВ улуши 10 фоиз тушиб кетган. Томошабинлар онлайн форматга ўтар экан, телевидение бугун ўз тарихини қайта ёзиши керак. Акс ҳолда ўзи тарихга айланиб қолади.
АҚШнинг ABC, NBC ва CBS телеканаллари Hulu платформаси билан ҳамкорлик қилади ва ўзининг энг машҳур шоуларини унга жойлаштириб боради. Бу орқали улар бренд ва эфир жадвалини сақлаб қолиб, ёшларни кўпроқ ўзига жалб қилиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, аудиториянинг хоҳишини ўрганиш, улар орасида доимий сўровнома ўтказиш орқали ҳам телеканаллар рейтингини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Ғарб ва МДҲнинг айрим давлатлари (Қозоғистон, Россия)да телеканаллар тез-тез бу каби сўровномалар ўтказиб туради. Баъзи ҳолатларда ушбу жараёнга махсус социологик марказлар ҳам жалб қилиниши мумкин.
SVT телеканали (Швеция) тажрибаси алоҳида эътиборга молик. 2017 йилдан бошлаб ушбу телеканал томошабинлар билан кофе-брейклар ташкил қилиб келади. Мазкур учрашувларда аудиториянинг ТВ дастурларига муносабати ўрганилади. Учрашувлар якуни бўйича SVT янги медиастратегия ишлаб чиқди ва трансформацияни амалга оширди. Бу орқали аҳолининг 20-39 ёшли тоифаси орасида томошабинлар кўпайишига эришилди.
Янги давр ёки телевидениенинг сўнгги саҳифаси
Яна бир муҳим нуқта — контентга инвестиция киритиш. Сифатли телемаҳсулот катта маблағ талаб қилади. Муваффақиятли лойиҳа телеканал рейтингини кўтариши билан бирга яхшигина даромад ҳам олиб келади. Мисол учун, HBO телеканали машҳур “Тахтлар ўйини” сериали учун 2 миллиард доллар сарфлаган. Бу телеканалга лойиҳанинг охирги мавсумида қўшимча 19 миллион томошабин жалб қилишга ёрдам берган. Сўровномаларга кўра, стриминг сервислари фойдаланувчиларининг 85 фоизи эксклюзив контент учун пул тўлашга тайёр.
Мақолани ёзиш жараёнида халқаро тажрибаларга жиддий эътибор қаратдик. Масалан, Netflix дунё бўйича кунига 1 миллиард соат видео кўриладиган ягона стриминг платформа. YouTubeда эса ҳар куни 500 соатлик видео юкланади, кунига 5 миллиард видеоролик кўрилади.
Ҳозир ёшлар телевизор олдида ўтириб, эфир вақтини кутишни деярли тўхтатган. Масалан, 2024 йилда Ўзбекистонда Instagram фойдаланувчилари сони 9,4 миллионга етди. Бу аҳолининг тахминан 27 фоизи. Энг катта фойдаланувчилар гуруҳи 18-24 ёшлилар бўлиб, улар 41,4 фоизни ташкил этади.
TikTok ҳам шиддат билан ўсмоқда. 2025 йил бошида Ўзбекистонда 18 ёш ва ундан катта фойдаланувчилар сони 2,57 миллионга етди. Бу платформалар ёшлар учун ахборот ва кўнгилочар контент манбаи сифатида анъанавий телевидениени орқада қолдирмоқда.
2024 йил якунидаги маълумотга кўра, Ўзбекистонда Netflix фойдаланувчилари сони тахминан 301 минг атрофида. Бу рақам мамлакат аҳолисининг 1 фоиздан камроғини ташкил этади.
Бу рақамлар телевидениенинг ёшлар орасидаги аҳамияти пасайиб бораётганини кўрсатади. Ёшлар эркинлик, интерактивлик ва истаган вақтда контентга етиб бориш имкониятини қадрлайди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, телевидение замон талабларига мослашиши, рақамлашиши ва янги форматларда контент тақдим этиши зарур.
Замон ўзгармоқда. Ёшлар энди истаган вақтда, истаган жойда ахборот олишни, фикр билдиришни, дунё билан мулоқот қилишни хоҳлаяпти. Рақамли платформалар бу имкониятни беряпти. Телевизорнинг афзаллиги вақт билан боғлиқ эди. Интернет эса вақтни ҳам, масофани ҳам йўққа чиқарди.
Ток-шоудан чиқарган хулосамиз шу бўлди: телевидение умуман йўқолиб кетмайди. У ҳамон кўпчиликнинг хотираси, қадриятлар ойнаси. Лекин агар замон талабига мослашмаса, бу кўзгуда ёшлар ўзини кўрмай қўяди. Шунинг учун медиамайдонда энди кураш эмас, ҳамкорлик керак — телеканаллар ва рақамли платформалар биргаликда ахборот сифати, тарбия ва миллий қадриятларга хизмат қилишни ўрганиши зарур.
Чунки интернет ва смартфонлардан фойдаланаётган ёшлар — эртанги жамиятимиз. Улар қайси платформани танлашидан қатъи назар, ҳақиқий, соғлом ва фойдали ахборотга эга бўлиши шарт. Бу — биздан, катталардан, медиа соҳаси ва жамиятдан талаб қилинадиган жиддий масъулият.
Абу Бакир ЎРОЗОВ,
журналист