Экспортдаги муаммолар: “ўқланган” маҳсулотлардан қачон воз кечамиз?

    Тадбиркорларнинг бундай ҳаракати импортёрларда ишончсизлик уйғотиб, мамлакатимиз имижига салбий таъсир кўрсатмоқда.

    Маҳсулотни етиштирувчи деҳқон ёки тадбиркор ўз товарини ички бозорга чиқариб бир карра фойда кўрса, хорижга экспорт қилиш ортидан бир неча баробар кўп даромад топади. Фақат бунинг учун йўл-йўриғи, тартиб-таомили, чет эл бозори талабларини билиши керак. Кейинги йилларда юртимизда бу борада яхшигина тажриба тўпланиб, маҳаллий экспортёрларимиз сони 7,5 мингдан ошди. Бир неча ўн йиллар давомида саноқли давлатлардан ташқарига чиқа олмаган ўзбек маҳсулотлари бугунги кунга келиб алоҳида бренд сифатида ўнлаб мамлакат, ҳатто, Европа давлатлари ва океан ортига кириб бормоқда.

    Экспорт учун қанча кўп бозор очилса, ҳажм ҳам шунга яраша ўсиб бораверади. Биргина мисол, ўтган йили товар ва хизматлар экспорти ҳажми 2022 йилга нисбатан 4,5 фоизга ўсган. Бошқа соҳаларда ҳам доимий ўсиш кузатиляпти. Жорий йил бошидан буён тармоқ ва ҳудудлар 8,7 миллиард долларлик маҳсулотини четга сотган. Мазкур даврда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 910 миллион долларни ташкил қилди.

    Натижаларнинг ошиб бориши табиий. Чунки бошқа соҳалар қатори экспортда ҳам фақат ўсишга эришиш мақсад қилинган. Бунинг учун кўплаб лойиҳалар, саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг 17 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтган иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу алоҳида таъкидланди. Йил якунигача режа қилинган экспортни таъминлаш учун биринчи галда қайта ишланган мева-сабзавот экспортини кескин кўпайтириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

    Умуман, мамлакатимиз иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш учун экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб бориш зарурлиги белгиланган. Мақсаднинг аниқ қўйилгани яхши, албатта. Аммо кутилган натижага эришиш бир текис бўлавермайди. Соҳада муаммолар ҳам, экспортчи тадбиркорларни қийнаб келаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти олдидан ишбилармонлар шу йўналишдаги муаммоларни ўртага ташлаб, қатор ташаббусларни илгари суряпти. Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси Ёрқин МАЛИКОВ билан соҳадаги долзарб масалалар, ҳамон экспорт, деганда сўз очиладиган оғриқли нуқталар ҳамда уларнинг ечимлари ҳақида суҳбатлашдик.

    — Муаммоларга тўхталишдан олдин ўзи мамлакатимизда экспорт қачондан ривожлана бошлади, деган саволни ўртага ташласак. Бу 2017 йилдан юртимизда конвертация тизими очилганидан кейин рўй берди. Яъни, валюта алмашинуви билан боғлиқ имкониятларнинг кенг очилиши бевосита экспортга эътиборни оширди. Қолаверса, Ўзбекистон ўша йиллардан бошлаб барча давлатлар учун эшикларини очиб, дўстона алоқаларни ўрнатиш баробарида, барча соҳаларда жадал ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Юртимизда ишлаб чиқариш қувватлари кўпайди. Буларнинг бари бир-бирига боғлиқ ҳолда экспортни аста-секин ривожлантирди. Ана энди, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Экспорт қайсидир маънода биз учун янги соҳа эди ва уни йўлга қўйиб олиш даврида муаммоларнинг юзага келаётгани табиий жараён. Асосийси, бу муаммолар бирин-кетин ечиб бориляптики, йилдан йилга экспортёрларга кенг имконият ва қулайликлар яратиб берилмоқда.

    Экспортни йилига 30 фоизга ошириш имкониятларимизга келсак, бунга эришиш мумкин. Охирги йиллардаги ўсиш кўрсаткичлари буни тасдиқлаяпти. Масалан, биргина экспорт географиямизни олайлик, 2016-2017 йилларда тахминан 40—50 та давлат билан экспорт йўналишида ишлаган бўлсак, ҳозирги кунга келиб мамлакатимизнинг доимий экспорт давлатлари сони 160 дан ошди. Агар бир марта бўлсада экспорт қилган давлатларни ҳам қўшсак, 190 тага етади. Биз экспортни йўлга қўйиш орқали маҳсулотларимизни сотиш баробарида, хориж тажрибасини ҳам ўрганиб, ўзимизда татбиқ қиляпмиз. Ҳозир тадбиркорларимизнинг экспорт борасидаги тажрибаси анча ошиб боряпти. Муаммоларни ҳам кўриб, билиб, биргаликда ечим излашга интиляпмиз. Ҳатто, жорий йил 18 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида экспортёрлар ўзининг бошидан ўтказаётган муаммоларни очиқ айта олди. Давлатимиз раҳбарининг бу йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш жараёнларида ҳам таклифлар, ташаббуслар тўпланяпти. Экспортёрларни қийнаётган энг долзарб масалалар, албатта, ўртага ташланади. Мақсад, бу йўналишдаги ишбилармонларни янада қўллаб-қувватлаб, уларнинг сафи кенгайишини таъминлашдан иборат. Улар қанча кўп бўлса, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти шунча ошиб боради.

    — Экспорт географияси ҳақида гапирдингиз. Миллий маҳсулотларимиз ноанъанавий бозорларга чиқаётгани рост. Аммо умумий экспортнинг асосий қисми ҳалигача ўша ўзимиз билган 4-5 та бозорга тўғри келяпти. «GSP+» тизимига аъзо бўлганмиз, Европа бозорига йўл очиқ, бу қўшимча 65 дан ортиқ давлат дегани. Лекин нега ҳалигача бу тизим имкониятларидан етарлича фойдалана олмаяпмиз?

    — Доимий экспорт бозори, деб айтаётганингиз, мамлакатимизнинг топ экспорт давлатлари ҳисобланади. Бундай бозорлар ҳар бир давлатда бўлади. Яъни, ўша мамлакатларга бошқаларга нисбатан кўпроқ маҳсулот экспорт қилинади. Бизнинг экспортда ҳозирги кунда Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия давлатлари етакчилик қиляпти.

    Россия бозори ҳақида гапирсак, у бизга азалдан таниш. Уларнинг талабларини анча яхши билганимиз боис, экспортда деярли муаммолар бўлмайди. Хитой ҳам кейинги йилларда йирик импортёрларимиздан бирига айланди. Авваллари биз бу диёрдан асосан маҳсулот харид қилган бўлсак, ҳозир уларга сотяпмиз. Кейинги йилларда Хитойга экспорт қилинаётган озиқ-овқатларимиз сони 22 тага етди, 2018 йилгача бу 10 тадан ҳам ошмаган. Ўзаро савдо ҳажми кейинги уч йилда жадаллашиб, экспортда маҳсулот тури ҳам кенгайиб боряпти. Туркия бозори ҳам биз учун манфаатли. Улар маҳсулотларимизни асосан қоплаб олади ва қайта ишлаб, Европага экспорт қилади. Бир томондан, бу бизга қулай, катта ҳажмда маҳсулот экспорт қиламиз. Умуман, юртимизнинг экспортдаги топ давлатлари билан савдо ҳажмининг юқори экани ана шу бир нечта давлатдан чиқиб кета олмаяпмиз, дегани эмас. Экспортда доимий харидорларнинг бўлиши шарт ва табиий.

    Ноанъанавий бозорларга келсак, уларга сиз таъкидлаган «GSP+» дастури асосида кирамиз. Бу дастурга аъзо 28 та давлатга амал қиладиган тизим бўлиб, мазкур мамлакатларнинг умумий савдоси тахминан 270 миллиард долларни ташкил қилади. Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ушбу тизимга кирган. Бу орқали юртимиз Европага 6 минг 200 турдаги товарларни божсиз олиб кириш имкониятига эга. Яна уч минг турдаги товарга бож тўловларида 50 фоизлик чегирма берилади. Бу, ҳақиқатан, жуда катта имконият.

    Аммо ўтган йилги таҳлилларимизга кўра, мазкур тизим имкониятларидан унумли фойдалана олмаганмиз. Фақатгина тўқимачилик саноатида тизим манфаатли хизмат қилгани кўринди. Бунинг ҳисобига тармоқдаги экспорт ҳажми жадал ўсмоқда. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатимиз дунёнинг 55 та давлатига қиймати қарийб 1,3 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилди.

    Қолган соҳаларда халқаро тизим имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмагани боиси кўпроқ маҳсулотларнинг Европа стандартлари талабларига жавоб бермагани билан боғлиқ. Бунда экспортёрларимизни айблаб ҳам бўлмайди. Чунки улар йиллар давомида биз учун нисбатан оддий, содда талабларга эга бўлган қўшни давлатларга экспорт қилган ёки бунга умуман имконияти бўлмаган. Хуллас, экспорт талаблари борасида тажрибаси етарли эмас. Биз ана шу жиҳатларга эътибор қаратиб, экспортёрларга Европа стандарти талабларини ўргатяпмиз.

    Буни билиш ва унга амал қилиш, аввало, тадбиркорларнинг ўзи учун бир неча карра фойдали. Масалан, гилос меваси мисолида оладиган бўлсак, бу йил маҳсулотни Россияга 3 доллардан, Хитойга 6 доллардан, Кореяга 6 доллардан 12 долларгача нархда экспорт қилдик. Европа давлатлари ҳам талабгор бўлди, 20 доллардан нарх қўйди, фақат органик талабларга жавоб бериши шарти билан. Яъни, ҳозир Европа бозорида органик маҳсулотга талаб юқори, уни етиштириш эса катта меҳнат, тажриба ва харажат талаб этади.

    Бироқ, бу анъанавий бозорларнинг талаби осон, дегани эмас. Уларнинг ҳам шартлари ўзига яраша. Экспортда рақобат жуда кучли ва сифат билангина харидорлар сонини ошириш мумкин. Масалан, юртимиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг тахминан 65 фоизи Россия бозорига экспорт қилинади. Уларда икки томон бор, бири маркетлар тармоғи, иккинчиси бозор. Ҳар иккиси ҳам ўзига яраша талабларга эга. Супермаркетлар маҳсулотларни лабораториядан ўтказиб, сўнг қабул қилади. Уларнинг асосий талаби маҳсулот ичи «ўқланмаган», яъни ичидаги барча маҳсулот бир хил сифатда бўлиши керак. Афсуски, экспортёрларимиз доим ҳам бу талабни бажаравермайди. Масалан, водийда гилос яшикларга тўрт қатор тахланади. Баъзан биринчи қаторга жуда чиройли, сифатли маҳсулот терилган, тагидаги қаторлари эса сифатсиз бўлади. Буни харидор ўша вақтда кўрмаса ҳам, уйига олиб боргач пайқайди ва дўконга эътироз билдиради. Импортёр эса бундан норози бўлиб, келаси сафар биз билан ишлашдан бош тортади. Россия бозорларида эса, одатда, юртимиздан борган сотувчиларнинг ўзи маҳсулот сотади. Кўпинча харидор топиш учун бир-бирига қараб нархни туширади. Натижада маҳсулотларимизнинг хориж бозорида нархи пастлаб кетишига олиб келади.

    Шу каби ҳолатлар мамлакатнинг экспорт имижига салбий таъсир кўрсатиши энг аянчлиси. Аммо, афсуски, охирги уч йилда «ўқланган», деган нарса жуда ривожланиб кетибди. Бу нафақат Россия, балки бошқа давлатларга экспорт бўлаётган маҳсулотларимизда ҳам кўзга ташланяпти. Тадбиркорларнинг бундай ҳаракати импортёрларда ишончсизлик уйғотади. Жаҳон амалиётини ўрганганимизда, бундай уддабуронлар бошқа давлатларда ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Аммо улар бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар белгилаган. Масалан, Туркия давлати барча экспортёрларни бир уюшмага йиғиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар экан. Агар уларнинг бирортаси мамлакат имижига таъсир кўрсатадиган иш қилса, қора рўйхатга киритилади. Эронда ҳам шундай, экспортёрларга жиддий жазолар қўлланади. Биз бу борада маъмурий чора қўллашдан бошлаш таклифини билдиряпмиз. Қолаверса, ҳар бир вилоятда узоқ йиллик тажрибага эга экспортёрлардан иборат жамоатчилик кенгашларини туздик. Уларнинг ўзи ҳудуддаги ноҳалол экспортёрларни аниқлаб, тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Карантин агентлиги инспекторлари ҳам бунга қарши қаттиқ курашяпти. Яъни, биз экспортда мамлакатимизнинг ижобий имижини яратмасдан туриб, каттароқ ва доимий бозорларни эгаллашимиз қийин кечади.

    — Маълумотларга кўра, Ўзбекистон жорий йил бошида пиёз экспорти бўйича топ-5 давлатлар қаторига кирди ва бу борада дунёнинг энг йирик 5 та экспортёрлари қаторидан жой олди. Ҳатто, мамлакатимиз йилига 250 минг тоннагача пиёз экспорт қилувчи дунёдаги 10 та давлатдан бири сифатида эътироф этилган. Аммо июнь ойида ички бозорда пиёз нархи кескин тушиб кетиб, деҳқонлар маҳсулотини экспорт қила олмагани сабабли далаларда қолиб кетгани шов-шувларга сабаб бўлди. Экспортга нима тўсқинлик қилди? Умуман, нега бизда мавсум яқинлашаётган паллада олдиндан экспорт чоралари кўрилмайди?

    — Ҳар бир соҳада бўлгани каби деҳқончиликда ҳам таҳлил, билим, меъёр бўлиши керак. Ўзбекчиликда бир одат бор: ўтган йили қайси маҳсулот қиммат бўлса, бу йил ҳамма ўша маҳсулотни етиштиради. Пиёз борасида ҳам шундай ҳолат бўлди. Сиз келтирган статистик маълумотда ҳам юртимизнинг бу йилги пиёз экспорти салоҳияти 300 минг тонна экани таҳлил қилинган. Лекин маҳсулот меъёридан юқорилаб, 400 минг тоннадан ошиб кетди. Ўз-ўзидан ички бозорда нарх тушди. Экспортда ҳам ўзининг чегараси бор. Шунда ҳам максимал даражада экспорт қилдик. Ҳатто, маҳсулотни етказиб бериш учун юк машиналари етмади. Пиёзни Европа бозорларигача экспорт қилдик. Швеция, Норвегия, Эстония давлатларига 2,5 евродан сотдик.

    Шу ўринда, яна бир нарса одамни дилини хира қилади. Биз янги бозорлар топишга интиляпмиз, аммо бизга боғлиқ бўлмаган омиллар сабаб уларни доимий ушлаб қола олмаяпмиз. Масалан, озарбайжонлик импортёр билан келишув қилиниб, катта миқдордаги пиёз маҳсулотимиз 14 кунда Дубайга етиб борди, ўзимиз кузатиб турдик. Маҳсулот 5 килограммлик қопларда жўнатилди. Бошида маҳсулот сифатли етиб борган, аммо кейинги партияларда яна ўша «ўқланган» ҳолат. Тадбиркорларимиз қопнинг ўртасига турба қўйиб, чиройли пиёз тахлаганда, ичига майдалари солиб юборилган. Буни кўрган импортёр биздан бошқа пиёз олмаслигини айтди. Кўряпсизми, шу биргина ҳолат умумий экспортга қанчалик таъсир кўрсатяпти.

    Мавсумда бозор топиш чораларига келсак, тўғрисини айтсам, шу пайтгача бу борада ҳаракатлар бўлмаган. Бу энг катта камчиликларимиздан бири эди. Ҳозирги кунга келиб эса Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари соҳасига бош қилиб қўйилганидан кейин бошқа кўплаб саъй-ҳаракатлар қатори, бу механизмни ҳам аста-секин йўлга қўйяпмиз. Улар билан ҳамкорликда экспорт штаби ташкил қилдик. Штаб маҳсулот етказиб беради, Экспортчилар уюшмаси уни хорижга сотиш билан шуғулланади. Штабдаги ҳар бир ходим камида учта давлатдаги Ўзбекистоннинг элчихоналари билан ишлаяпти. Элчилар кўмагида ўша давлатлардаги импортёрлар аниқланиб, штабда рўйхати шакллантириляпти. Улар экспортёрларга бериб борилади. Умуман, биз шундай тизим қилдикки, ҳар 20 кунда қайси вилоятда, қайси маҳсулот пишиб етилиши, турларигача маълумотлар базаси шакллантирилиб, тизимли занжир ҳосил қилинди.

    Мавсумийлик масаласида яна бир муаммомиз кўзга ташланади. Яъни, юртимиз деҳқонлари, аллақачон, йилда 2-3 марталаб ҳосил етиштира бошлаганига қарамай, ҳалигача бизда «мавсумий», деган тушунча бор. Масалан, апрель ойида гилос пишиб етилиши, майда қулупнай терилиши, августда анжир мавсумига киришимиз ҳаммамиз ўрганиб қолган анъанавийлик. Аммо жаҳон бозорида мавсумий, деган тушунчанинг ўзи қолмаган. Давлатлар харидоргир маҳсулотларни кетини узмасдан, доимий етиштириш йўлларини топяпти. Масалан, хитойликлар плёнка остида кичик дарахтларда гилос етиштириб, доимий экспортини йўлга қўйган. Бизда ана шундай узвийликнинг йўқлиги бир қанча муаммоларни туғдириб, доимий мижозларимиз бўлмаслигига олиб келади. Агар доимий мижозларимиз бўлса, маҳсулотларнинг қолиб кетмаслигига ишончимиз ҳам бўлади. Шу боис, мева-сабзавот маҳсулотларини доимий етиштириш бўйича хориж тажрибасига асосланган таклифларни ишлаб чиқяпмиз.

    — Маҳсулот етиштириш осон эмас. Деҳқон бунинг учун минг машаққат чекади. Экспортёр ҳам унга катта харажат қилади. Не умидлар билан экспорт қилинган маҳсулотнинг бирор сабаб билан қайтариб юборилиши эса қанчалик аламли эканини тасаввур қилиш мумкин. Нега бунинг олдини олиш учун аввалдан ҳаракат қилинмайди? Умуман, маҳсулоти қайтариб юборилган экспортёрнинг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?

    — Аввало, Ўзбекистондан чиқаётган маҳсулотнинг ҳар бири шартнома асосида экспорт бўлади. Шартнома давлатлар ўртасида ёки хусусий импортёр ва экспортёр ўртасида тузилган бўлиши мумкин. Кўп ҳолларда, хусусий икки томон ўртасида тузилган шартнома сабаб муаммолар юзага келади. Айниқса, маҳаллий экспортёрларимиз кўпинча импортёр томонидан берилган шартномани ўқимасдан, ўқиса ҳам тушунмасдан кўр-кўрона имзолайди. Ана шу нарса ҳозирги кунда жиддий масалага айланган.

    Масалан, яқинда тадбиркорларимиздан бири Европага 20 тонна майиз экспорт қилди. Товар у ердаги божхона лабораториясида текширувдан ўтказилганида, маҳсулот таркибида олтингугурт ва бошқа моддалар миқдори юқори экани аниқланган. Энг қизиғи, маҳсулот экспорт қилинишидан олдин юртимиздаги лабораторияда текширувдан ўтказилиб, хулосаси олинган ва импортёр уни қабул қилиб, буюртма берган. Европа давлати божхонасидаги хулоса асосида импортёр маҳсулотни олишдан бош тортган ва тадбиркор ортга қайтариб олиб келишга мажбур бўлди.

    Беларусь давлати билан ҳам шундай ҳол кузатилди. Ўртада шартнома тузилиб, пиёз ва карам маҳсулотлари жўнатилган. Уларга бошқа ҳудуддан арзон карам кириб келгани учун, бизники қиммат бўлиб чиқди ва харидор бизнинг маҳсулотни олишни рад этди. Ўзбекистонлик тадбиркор ҳеч нарса қила олмасдан қайтиб келаверди. Биз ҳам ҳеч қандай ёрдам бера олмадик. Чунки шартнома шундай тузилган ва унда барча ҳуқуқлар импортёрда турибди. Экспортёрларимизда ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслиги сабабли ҳам шундай вазиятлар учраб турибди.

    Маҳсулотлар қайтариб юборилишининг яна бир сабаби, бевосита товар сифати билан боғлиқ. Амалдаги тартибга кўра, юртимизда четга чиқарилаётган маҳсулотлар божхонага боришдан олдин фумигация, яъни дорилаш жараёнидан ўтказилади. Шу тарзда маҳсулот ичидаги зараркунандалар тахминан 6 соатда бутунлай ўлади ва хориж давлатига зарарсизлантирилган ҳолда боради. Бироқ, айрим тадбиркорларимизнинг «шошқалоқлиги» сабаб дорилаш жараёни кўпинча ўтказилмайди. Экспортёр бир неча соат вақтдан ютиш учун маҳсулотни дориламасдан жўнатади, натижада хориж давлатида касаллик ёки зараркунанда борлиги аниқланади. Бу маҳсулотни ортга қайтариш учун асос бўла олади. Яқинда Қозоғистонга экспорт қилинган 4 тонна помидор маҳсулотида шундай ҳолат кузатилди. Қолаверса, шафтоли, ўрик маҳсулотларимиз сифатига ҳам эътирозлар бўлди. Ваҳоланки, экспортга чиқариладиган маҳсулотларни дорилаш давлат томонидан мутлақо бепул амалга оширилади. Афсуски, шундан ҳам фойдаланмайдиган тадбиркорлар бор. Шу боис, эндиликда, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бу масалада талабни қатъий қўйиб, назоратни кучайтирган.

    Кўпинча, халқимиз томонидан фақат бизнинг маҳсулотлар четдан қайтарилади, биздан ҳам сифатсиз импорт маҳсулотлар қайтариладими, деган эътирозли саволлар пайдо бўлади. Албатта, божхона постларида бундай амалиёт бўлиб туради. Ўзбекистон талабига жавоб бермайдиган, мувофиқлик серитифатини олмаган маҳсулотлар қайтарилади ёки тегишли тартибда йўқ қилинади.

    Буларнинг ҳаммаси тизимли жараён. Айниқса, экспортда тизим ишлаши жуда муҳим. Яқиндан бу борада янги механизмни йўлга қўйяпмиз. Деҳқондан импортёргача бўлган занжирни яратдик. Агрокўмакчи мобил иловаси яратилиб, импортёр ва экспортёрлар ҳақида маълумотлар киритиляпти. Бу ҳам экспортёрлар учун катта имконият.

    Экспортбоп маҳсулот етиштиришда ҳам янги механизмлар жорий этиляпти. Масалан, Сирдарё вилоятида йўлга қўйилган Сайхунобод тажрибаси шулардан бири. Иш аввалида ҳудуд тарихи ўрганилди. Кузатувларимизга кўра, маҳаллий шароитда кўпроқ қовун ва ошқовоқ яхши етиштирилар экан. Ушбу маҳсулотлар экспортида охирги уч йилни таҳлил қилдик ва йилига 15 фоиздан ўсишни кузатдик. Асосан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистонга экспорт қилинган. Германия, Саудия Арабистони эса қуритилган ошқовоққа харидор экан. Шулардан келиб чиқиб, Сайхунобод тажрибасининг бир қисми сифатида 1800 нафар аҳолига 200 гектардан ошиқ ер ажратилиб, экиш учун ошқовоқнинг экспортбоп уруғи олиб келинди. Ҳозир ҳосил аста-секин етиляпти.

    Асосийси, биз ҳар бир талабгор билан шартнома тузганмиз. Масъулият икки томонда ҳам бирдек бўлади. Ана шундай ҳуқуқий кафолатланган шартномаларни хорижлик харидорлар билан ҳам токомиллаштиришга интиляпмиз. Шундагина, биз экспортни шунчаки эмас, балки таҳлиллар, билим ҳамда халқаро стандартлар талабларига мос тарзда амалга оширишни таъминлаймиз.

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.

    (Суҳбат «Янги Ўзбекистон» газетасининг 31.07.24 й, 152-сонида чоп этилган)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates