Электрон сигаретлардан қачон воз кечамиз?

    2022 йилда сайёрамиз бўйича 20 миллиондан ортиқ саратонга чалинган бемор ва 10 миллионга яқин ўлим ҳолатлари қайд этилди.

    Онкологик касалликлардан ўлим сабаблари орасида ўпка саратони етакчилик қилган — 18,7 фоиз. Бу дард 1,8 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди.

    Дунёдаги энг қиммат бойлик — саломатлик. Уни асраш ўз қўлимизда.

    Бугун дунёда оммалашаётган электрон сигареталар чекиш эпидемиясидан Ўзбекистон ҳам четда эмас. Ушбу зарарли одатга ўрганаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаётгани янада ташвишли.

    Хушбўйлантирувчи моддалар болалар, ёшларнинг тамаки маҳсулотларини чекишга иштиёқини оширадиган асосий сабаблардан биридир. Чунки улар никотинли аэрозоль (тутун)нинг ёқимсиз таъмини яширади.

    Тамаки саноати ароматизаторлар сифатида турли табиий ва сунъий воситалардан фойдаланади. Улардан фойдаланиш айнан мазкур маҳсулотни унга таъм ва хушбўйлик бериш йўли билан фаол ва потенциал кашандалар кўзи олдида жозибали қилишга қаратилган. Ширинликлар, сақич ёки озиқ-овқат маҳсулотларини эслатадиган таъм берувчи моддалар электрон сигаретанинг бемаза таъмини ниқоблайди, истеъмолчи соғлиғи учун фойдали ёки унга қувват беради, деган тасаввур ҳосил қилади.

    — Электрон сигареталар суюқликни аэрозоллар ҳосил бўлгунича қиздиради, фойдаланувчи шу аэрозолдан нафас олади. Электрон сигареталар учун ушбу суюқликлар таркибида никотин (аммо тамаки эмас!) ва бошқа қўшимчалар, хушбўйлантирувчи ва одам соғлиғи учун заҳарли кимёвий моддалар бўлади, — дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти мутахассиси Шуҳрат Шукуров. — Электрон сигареталарда ишлатиладиган ароматизаторларнинг сони 7500 дан ортиқ. Баъзи бозорларда 16 мингга яқин бетакрор таъмни топса бўлади, уларнинг аксарияти болаларга ёқади. Чунки хушбўйлантирувчи моддалар никотинли аэрозолнинг аччиқ, ёқимсиз таъми ва ҳидини яширади, инсоннинг биринчи марта электрон сигареталарни татиб кўриш ҳақидаги қарорида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ароматизаторлар электрон сигареталардан фойдаланишни ёқимлироқ қиладиган шароитларни таъминлайди — аэрозоллар нафас олишни енгиллаштиради ва электрон сигарета чекишнинг зарарини сездирмайди.

    Халқаро амалиётда аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёллар соғлиғини муҳофаза қилиш ва электрон сигарета(вейп)лар чекишни қисқартириш мақсадида кескин чоралар кенг қўлланилмоқда. Бундай ёндашувни қўллаётган мамлакатлар сони ортмоқда. Узоққа бормайлик, яқинда Қозоғистон парламенти хориждан электрон сигарета(вейп)лар олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқловчи қонунни қабул қилди.

    2022 йилда сайёрамиз бўйича 20 миллиондан ортиқ саратонга чалинган бемор ва 10 миллионга яқин ўлим ҳолатлари қайд этилди. Онкологик касалликлардан ўлим сабаблари орасида ўпка саратони етакчилик қилган — 18,7 фоиз. Бу дард 1,8 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди.

    Ана шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2023 йил декабрь ойида электрон сигарета истеъмоли, реализацияси ва тарғиботини назорат қилиш ҳамда тартибга солиш юзасидан ҳукуматларга шошилинч тавсиялар берди.

    Шундай экан, бугун олдимизда битта савол турибди: биз электрон сигареталардан қачон воз кечамиз?

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates