“Энди “электрон поликлиника” тизими асосида ишлаймиз”

    Албатта, оила шифокори дегани, шунчаки номи ўзгарди дегани эмас. Бу аввало, маълум ҳудудга бириктирилган шифокорнинг вазифа ва мажбуриятларидаги ўзгаришни англатади. Очиқроқ айтадиган бўлсак, энди оила шифокори ҳар бир хонадонга кириб бориб, гўё ўша оиланинг бир аъзосига айланади.

    Президентимиз ўтган йил ноябрь ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг мутлақо янги тизимини жорий қилиш бўйича кўрсатма берган эди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча туманларини қамраб олган ҳолда 1535 та тиббий бригада шакллантирилди, аҳоли тўлиқ тиббий хатловдан ўтказилди.

    Демак, асосий вазифамиз аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ўз саломатлигига нисбатан масъулият ва эътибор ҳиссини уйғотишдан иборат. Таъбир жоиз бўлса, тиббий хатлов соғлом жамиятни ривожлантиришнинг амалий кўриниши бўлди. Поликлиникамиз “Ширкент”, “Омонтепа”, “Қовчин”, “Янги ҳаёт” маҳаллаларини қамраб олган бўлиб, 17 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келади.

    Муассасамиз томонидан хатловни тегишли йўриқномаларга мувофиқ равишда уюшқоқлик билан амалга оширдик. Тиббий бригадалар тузиб, уларни зарур жиҳозлар — ўлчов тасмаси, махсус тарози, пульсоксиметр, тонометрлар билан таъминладик. Ҳар бир оилага кирганимизда антропологик ўлчаш билан биргаликда аҳолига соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик, айниқса, пиёда юришнинг аҳамияти, соғлом овқатланиш борасида тарғибот ишларини ҳам олиб боряпмиз.

    40 ёшдан ошган фуқаролар билан алоҳида саволнома асосида ишладик. Юқумли бўлмаган касалликлар, туғиш ёшидаги аёллар кўкрак бези саратони, қонда қанд миқдорини аниқлаш орқали 2 турдаги қандли диабет касаллиги скрининг текширувидан ўтказилди.

    Шифокорларимиз ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”ларни шакллантириб, манзилли иш олиб борди. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилмоқда. Зарур миқдорда реактив ва сарфлов материаллари билан таъминланди.

    Барча маълумотларни умумлаштириб, электрон базага киритиб, ҳудудларнинг “саломатлик профили”ни яратдик.

    Тиббий хатлов натижасида юрак қон­томир касалликлари, айниқса, артериал гипертония, эндокрин касалликлар кўпроқ учради. Аниқланган касалликларни бартараф этиш учун хатлов натижаларига кўра аҳолини 4 та саломатлик гуруҳларига ажратиб олдик. Шунга кўра, таянч гуруҳига тумандаги – 42 фоиз аҳоли, паст хавф мавжуд гуруҳга – 32 фоиз, ўрта хавфга – 24 фоиз, юқори хавф гуруҳига – 1,5 фоиз аҳоли мансублиги маълум бўлди. Энди мақсадли патронаж йўлга қўйилиб, профилактик оммавий кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳларга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича мунтазам тиббий скрининг текширувлар ўтказилади.

    Аввало, бу тизимнинг афзаллиги шундаки, тиббий хатлов, антропометрик ўлчовларни шахснинг нафақат ҳозирги, балки келгуси 5 йилликда қайси касаллик хавфи кутиб турганини, унинг олдини олиш учун нима қилиш кераклигини белгилаб олиш имконини беради. Касалликка мойил бўлган шахслар индивидуал патронажга олинди. Масалан, ортиқча вазн йиққан ёки соғлом овқатланишга риоя қилмаган беморлар билан индивидуал ишлаб, уларда муқаррар инфаркт, инсульт, қон босимининг ошиши каби касалликларнинг олдини олишга эришиш мумкин.

    Шу сабабли қайси хонадонга кирмайлик, барча оила аъзоларининг бўй узунлиги, тана вазни, бел айланаси, тана вазни индекси, болаларда бош ва кўкрак айланаси, артериал қон босими, пульси, сатурациясини ўлчашга эътибор қаратдик. Хатловда 5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шахслар доимий назоратга олинди. Барча маълумотларни электрон базага киритдик.

    Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда оилавий поликлиникаларнинг ўрни беқиёс. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Бирламчи тиббий-­санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги фармон бу борада асосий дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатга кўра қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функциялари тўлиқ қайта кўриб чиқилмоқда. Жорий йил 1 январидан бошлаб умумий амалиёт шифокори оилавий шифокор сифатида иш бошлади. Қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пунктига, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиникага айлантирилди.

    Ўз навбатида биз ҳам бевосита маҳаллалар, оилалар билан ишлаймиз. Бепул тиббий ёрдам учун йўлланма, бепул тарқатиладиган дориларга рецептни ҳам оилавий шифокор беради. Ўз навбатида маҳалладаги аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари, шошилинч тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилиши, касалликларнинг эрта аниқланишига қараб, оилавий шифокорлар меҳнатини рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилди. Бу шифокордан ўз ҳудудига жуда масъулият билан ёндашишга, касалликнинг олдини олишдан тортиб, тиббий маданиятни тарғиб қилишгача фаолиятни талаб этади.

    Тиббиётнинг бирламчи бўғинлари учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинди. Бу дастурга мувофиқ олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилиши назарда тутилади. Шифокорларнинг хизмат уйи билан таъминланиши ёки ижарада турса, тўлови компенсация қилиниши энг чекка ҳудудларда ҳам малакали тиббий хизмат тизими жорий этилишига сабаб бўлади.

    Албатта, оила шифокори дегани, шунчаки номи ўзгарди дегани эмас. Бу аввало, маълум ҳудудга бириктирилган шифокорнинг вазифа ва мажбуриятларидаги ўзгаришни англатади. Очиқроқ айтадиган бўлсак, энди оила шифокори ҳар бир хонадонга кириб бориб, гўё ўша оиланинг бир аъзосига айланади. Яъни оилавий муҳит билан мунтазам танишиб боргани учун оила аъзоларининг соғлиғида қандай муаммоси борлигини кузатиб, тегишли даволаш чораларини кўради. Касалликнинг ривожланиш ёки бартараф этиш жараёни ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлгани учун даволаш чора­-тадбирлари яхши самара беради. Ҳар бир хонадоннинг электрон тиббий картасида оила аъзоларининг ҳолати қайд этилади. Скрининг текширувидан ўтишидан тортиб, шифохонага ётқизилишигача ўзи назорат қилади. Айниқса, оналар ва болаларни ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврини тўлиқ ўз кузатувига олади. Маҳалла кесимида ишлайди, ўзига бириктирилган ҳудудда аҳоли ўртасида энг кўп учраётган касалликларни аниқлайди, хавф омилларини ўрганади. Маҳалланинг саломатлик профилини шакллантиради. Ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касалликлари бор декретив гуруҳларни, ижтимоий касалликлар (сил, таносил, ОИВ/ОИТС ва гиёҳвандлик) ҳамда юқумли бўлмаган касалликлар (гипертония, қандли диабет, хавфли ўсмалар)ни эрта аниқлаш, уларни асоратсиз даволаш юзасидан профилактик назорат олиб боради. Шунингдек, тиббий маданият тарғиботига ҳам эътибор қаратади: аҳолини тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишга ўргатади. Бу каби ёндашув касалликларни тизимли даволашда беморга ҳам, шифокорга ҳам бирдек енгиллик туғдиради. Айтайлик, оила шифокори ўз беморининг қайси дорига нисбатан аллергияси борлигини, аввал қандай тартибда даволанганию эндиликда қандай ташхис қў йиш кераклигини яхши билади. Тезкор, аниқ ва самарали даволашда бу тартиб ниҳоятда фойдали экан.

    Давлатимиз раҳбарининг бизнинг тизимда рақамлаштириш жараёнларига ўтиш зарурлиги ҳақидаги фикрларини жуда катта хайрихоҳлик билан қабул қилдик. Касбимизнинг масъулияти шундаки, инсон саломатлиги учун ҳар бир тиббиёт ходими жавобгар. Бу эса мунтазам билим ва малакамизни ошириб боришни, янги технологиялар ва даволаш усулларини ҳар томонлама пухта эгаллашни талаб этади.

    Поликлиникамизда “электрон поликлиникага”га ўтиш ишлари 2020 йилда вилоятимизда биринчилардан бўлиб бошланди. Қишлоғимизга 5 километрга оптик толалар тортилиб, поликлиникамиз локал тармоққа уланди. Ҳозирда хатлов натижаларини электрон базага жойлаштириш жараёнлари кетяпти. Электрон поликлиника ортиқча қоғозбозликка чек қўйиб, барча ишларимизни тизимга солади. Тезкор ва аниқликда ишлаш имкониятимиз кенгаяди. Чунки барча тиббий ҳужжатлар электрон шаклда бўлади, аҳоли билан ишлашда сифатли ва тезкор хизмат кўрсата оламиз. Онлайн рўйхат асосида фуқароларни қабул қиламиз, ортиқча кутишларга вақт сарфланмайди. Тиббий карталарнинг тармоқли тизими, масофавий диагностика, тиббий интернет ва инсон саломатлигини масофадан мониторинг қилиш, виртуал тиббий кўрикдан ўтказиш, виртуал шифохона хизмати, электрон рецептлар, телеметрия ва симсиз алоқадан фойдаланиш тиббий ёрдамни уйда олиш имконини беради.

    Дилфуза ЖЎРАЕВА,

    Қарши туманидаги 52-оилавий поликлиника бош шифокор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates