Вақтни қисқартириб, қулай манзилга айланган марказлар

    Фикр 15 август 2023 2029

    Таниқли ҳажвчи Ориф Фармоннинг “Навбати билан” номли ҳажвий ҳикояси бор. Унда асар қаҳрамони бир кунда бир нечта навбатларга дуч келади. Дастлаб автобусга навбати билан чиқади, кейин навбатда туриб кондуктордан чипта сотиб олади, бекатга ҳам навбат билан тушади.

    Сигарет чекмоқчи бўлади, ёнида гугурти йўқ. Шу атрофдаги озиқ-овқат дўконига киради, қараса, яна бир қанча харидор навбатда турибди. Битта гугурт олгани ҳам навбатга тураманми, деб сотувчига пул узатади, лекин харидорлар уни навбатга туришга мажбур қилишади.

    Дўкондан ташқарига чиқиб, сигарет чекиб турса, қадрдон дўсти келиб қолади. У билан гаплашяпти-ю, хаёли яна навбатларда бўлади. Хайрлашаётиб, дўстининг тез-тез кўришиб турайлик, узоқлашиб кетмайлик, деган таклифига “Майли, навбати билан кўришиб турамиз”, дейди ва кулгига қолади.

    Буни қарангки, шу куни йигит севган қизини кинога таклиф этган бўлади, бироқ навбатда туриш ташвишлари билан андармонлиги учун буни унутади. Учрашганларида қиз ундан ўпкалайди. Шунда хаёли паришон йигит севгилисини юпатаман деб, яна “қовун туширади”, яъни навбати билан кинога тушишларини айтади. Қиз эса мендан бошқаси билан ҳам юрасизми, деб роса ранжийди. Шу ернинг ўзида икковлари навбати билан йиғлаб олишади, кейин эса навбати билан кулишади…

    Фикримизни ҳажвий асардан бошлаганимиз бежиз эмас. Чунки, ҳақиқатан ҳам, шўро тузуми даврида навбатга туриш, навбат келишини кутиш энг оғриқли нуқталардан бири эди. Ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларида автомашина сотиб олиш ҳаммага насиб қилавермасди. У пайтда фақат бир неча русумда автомашиналар ишлаб чиқарилар ва уларни харид қилиш учун райижроқўмга навбатга туриларди. Қачонки, ойлар, йиллар ўтиб, навбат келгач, райижроқўм қарори билан машинани фуқарога сотишга рухсат бериларди.

    Ёки қишлоқларда уй-жой қуриш учун ер участкаси, шаҳарларда эса кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олишда ҳам худди шу тартиб қўлланиларди. Самолётга, поездга, автобусга чипталарни сотиб олишда ҳам узундан-узоқ навбатларда туришга тўғри келарди. Талабалик йилларимизда, айниқса, янги йил байрами арафасида қишки таътил учун Тошкентдан вилоятларга кетишда чипта олиш ниҳоятда мушкул эди.

    Бундай мисолларни яна ўнлаб келтириш мумкин. Мустақиллик йилларида бу долзарб муаммолар бирин-кетин ўз ечимини топа бошлади. Қишлоқларда одамларга уй қуриш учун минглаб гектар ер ажратиб берилди, коттеж типидаги намунали уйлар, шаҳарларда ҳам кўп қаватли бинолар қуриш кўлами уч-тўрт баробар кенгайди, янги мавзелар бунёд этилди. Сўнгги йилларда 300 мингта, жорий йил ўзида эса 90 мингта, 2030 йилгача 1 миллион хонадонли биноларни бунёд этиш кўзда тутилгани ва бу мақсад учун 15 миллиард доллар маблағ йўналтирилиши масалага қанчалик катта аҳамият қаратилаётганидан далолат беради.

    Бугун “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил амалда. Шу пайтгача одамлар уй-жойига кадастр қилдириш, янги фирманинг таъсис ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш, лицензия, фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, фарзандини боғчага бериш каби хизматлардан фойдаланиш учун ўнлаб ташкилот ва муассасалар эшигида сарғайиб, қимматли вақтларини беҳуда сарфлашарди. Банк ёки солиқ идораларига киришдаги қийинчиларни айтмаса ҳам бўлади. Эшик тагида қўриқлаш хизмати ходимлари ҳар бир мижоздан фуқаролик паспортини кўрсатишни талаб қилар, йўқ бўлса, киришга рухсат этилмасди. 2017 йилдан давлат хизматлари маркази ва унинг вилоят, шаҳар, туман бўлимлари ташкил этилди. Фуқаролар юқорида санаб ўтилган ўнлаб хизматларни шу ернинг ўзида ҳал қилиш имкониятига эга бўлишди.

    “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида фаолият юритаётган Давлат хизматлари марказлари халқимиз учун самарали хизмат кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июлдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бу тизимни янада ривожлантиришга қаратилган 2022–2026-йилларга мўлжалланган Миллий стратегия қабул қилинди. Унда қайд этилишича, ўтган беш йилда 207 та Давлат хизматлари маркази ва уларнинг 141 та филиали орқали 42 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилган.

    Давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан жами 73 та ҳужжат ҳамда маълумотномани талаб қилиш амалиёти бекор қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра, йилига 20 миллиондан ортиқ аҳоли ортиқча қоғозбозликдан озод бўлди, идорама-идора сарсон юришининг олди олинди. Яратилган қулайликлардан яна бири қаерда доимий рўйхатдан ўтганлигидан, қаерда яшашидан қатъи назар, аҳолига, тадбиркорларга ўзлари учун қулай ва яқин бўлган исталган жойда давлат хизматлари марказига мурожаат этиши мумкин.

    Давлат хизматлари марказларидан 50–100 километр узоқ ҳудудларда 138 та филиал очилди. Олис ва чекка ҳуддудларда яшовчи фуқароларга енгиллик ва қулайлик яратиш мақсадида сайёр давлат хизматлари, эшитиш ва нутқида нуқсони бор фуқароларга сурдо таржимон хизмати ҳам йўлга қўйилди. Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрувчилар учун кутиш заллари, электрон навбат тизими, ахборот киосклари, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш ва саломатлик бурчаклари, болалар ўйин майдончалари, бепул интернет жойи доимо шай.

    Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази 2017 йил 12 декабрда республикада намуна тарзида биринчи бўлиб очилган. Дастлаб хизмат турлари сони 35 та бўлган, ҳозирда 300 га яқин. Бундай хизматларга навбат кутиш вақти Наманган шаҳрида ками 20 дақиқа, кўпи 1 соат, туманларда эса жами 10–20 дақиқа. Тиғиз навбатлар асосан вилоят марказида эрталаб соат 9:00 дан – 14:00 гача кузатилади. Тушликдан кейин деярли навбат йўқ. Кўпроқ вақт кетадигани кадастр, тадбиркорлик йўналишлари, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва хорижга чиқиш паспорти, субсидия, ками электрон рақамли имзо олиш, боғчага онлайн навбатга қўйиш, санаторийларга йўлланма бериш ва ҳоказо. Никоҳ тузишни расмийлаштириш муддати эса бир ой.

    Наманган шаҳрида ҳайдовчилик гувоҳномаси, шахсни тасдиқловчи ID-карта ва хорижга чиқиш паспортини ягона дарчада, битта бинода алмаштириш имконияти бор. Жорий йил якунига қадар барча туманлар ID-карта ва хорижга чиқиш паспортларини чоп этиш аппаратларига эга бўлади. Дарвоқе, яқинда Янги Наманган туманида кўзи ожизлар учун брайл алифбоси асосидаги хизматлар жорий қилинди. Қолаверса, илгари олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш учун пойтахтга ва бошқа вилоятларга атайин бориларди, анча пул ва вақт сарфланарди. Иш дарров битса яхши, аммо бирор камчилик топилса, яна овора бўлинарди ва қатналарди. Давлат хизматлари марказлари ишга тушгач, абитуриент елкасига офтоб тегди. У уйидан туриб, ҳужжатларини онлайн тартибда жўнатади. Ўқишга кириш ва давлат имтиҳонларига тайёргарлик учун хотиржам шуғулланишдан асло ажралмайди. Ҳа, буларнинг бари инсон қадри учун!

    Шу ўринда қайд этиш жоиз, банк, солиқ идоралари кейинги йилларда туб ўзгаришларга юз тутди. Биринчи галда, иқтисодиёт идоралари биноларининг қайтадан реконструкция қилингани, банкоматлар ўрнатилгани, онлайн усулдаги замонавий хизматлар жорий этилгани фуқаролар учун зарур қулайликлар яратди, буни эътироф этмаслик инсофдан эмас. Лекин ҳали камчилик ва муаммолар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бугун ҳам қисман банк, солиқ идораларида мижозларнинг навбат кутиб ўтирганларига гувоҳ бўласиз. Ёки давлат автомобиль назорати идораларида транспорт воситаларини рўйхатдан, техник кўрикдан ўтказиш, уларга давлат рақамларини олиш, давлат хизматлари марказида эса ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш ва бошқа хизматларни амалга ошириш учун, оз бўлса-да, навбатлар мавжуд.

    Маълумки, жорий йил май ойидан бошлаб янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кучга кирди. Аввало, алоҳида таъкидлаш лозимки, янгиланган Конституция лойиҳасини тайёрлашда сиёсатчилар, иқтисодчилар, депутатлар, тадбиркорлар, зиёлилар, фермерлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг барча қатлами вакиллари икки юз мингдан ортиқ таклиф-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишди. Бундан ташқари, энг тараққий этган давлатларнинг илғор тажрибалари, миллий-маънавий қадриятларимизни уйғунлаштирган ҳолда ҳам шаклан, ҳам мазмунан бойитилган мукаммал Бош қонун лойиҳаси тайёрланди. Унда ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

    Иккинчидан, уни ҳаётга татбиқ этишдан олдин шу йил 30 апрель куни яна бир карра умумхалқ муҳокамасига қўйилди ва сайловчиларнинг тўқсон фоиздан ортиғи ёқлаб овоз берди. Умумхалқ референдуми арафасида маҳаллаларда, корхона, ташкилот ва муассасаларда маънавият тарғиботчиси сифатида қатнашдим. Амин бўлдимки, халқимизнинг тафаккури бундан беш-ўн йил бурунги даражадан кескин ўсган. Бефарқлик, лоқайдлик аломатларини сезмадим. Аксинча, давра суҳбатлари, мулоқотлар баҳс-мунозараларга бой тарзда кечди.

    Хусусан, маҳаллабай, хонадонбай ишлаш тизими жорий этилганидан, давлат идораларининг раҳбарлари халқ ичига кириб бораётганидан, анча йиллардан буён ҳал бўлмай келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар тизимли равишда ечим топаётганидан, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида бажарилаётган йирик кўламдаги ишлардан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” асосида аҳолининг кам таъминланган қисми, ногиронлар, ёлғиз қариялар манзилли равишда ижтимоий ҳимоя қилинаётганидан беҳад мамнун эканликларини билдиришди. Шу билан бирга, иқтисодий буҳронлар, озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик муаммолар, этник низолар кучаяётган бугунги глобаллашган даврда ватанимизда тинчлик-осойишталикни барқарор сақлаш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, таълим сифатини тубдан ошириш зарурлигини ҳам эътироф этдилар. Улар қуйи тизимдаги вазиятдан эртаю кеч хабардор куюнчак сектор раҳбарларидан, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиларидан миннатдор.

    Учрашувларда яна мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга оид самарали ислоҳотлар ўз натижасини бераётгани, жумладан, охирги беш йилда вилоятда ишлаб чиқариш корхоналари сони 15 мингтага кўпайиб, жами 32 мингтага, хусусий бизнес томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 1,6 баробар ўсиб, 8,3 триллион сўмга етгани, яқин йилларгача дотацияда бўлган Наманган ҳозирга келиб барқарор даромадли, саноати ривожланган, маҳсулотларини дунёнинг ўнлаб давлатларига экспорт қилаётган истиқболи порлоқ вилоятга айланганини ғурур-ифтихор билан тилга олдилар.

    Сўзимизни ҳазрат Алишер Навоийнинг барчамизга таниш қуйидаги ҳикмати билан якунламоқчимиз:

    Одамий эрсанг, демагил одами,

    Ониким йўқ, халқ ғамидин ғами.

    Дарҳақиқат шундай, бугун эл фаровонлиги, юрт тинчлиги, Ватан равнақини ўйламайдиган, буни ўзининг муқаддас бурчи деб санамайдиган, эзгу мақсад йўлида жонбозлик, фидойилик кўрсатмайдиган давлат идоралари раҳбарларига орамизда ўрин йўқ. Зеро, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилишлари шарт ва зарур!

    Комилжон ФАЙЗИЕВ,

    журналист

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates