Электр, газ ва сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш ваколатли органлар ташаббуси асосида (проактив шаклда) амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 декабрдаги 847-сон қарори билан Ҳукуматнинг 2019 йил 20 августдаги 698-сон қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш давлат хизмати проактив шаклда кўрсатилиши белгиланди.
Эндиликда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан электр, газ, сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун мурожаат қилиш талаби бекор қилинди ҳамда ҳисоблагичларни даврий қиёслашдан ўтказиш муддати келган ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш таъминотчи корхоналар зиммасига юкланди.
Маълумот учун: проактив давлат хизмати – жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларисиз, ваколатли органлар ташаббуси билан кўрсатиладиган хизматлар.
Адлия вазирлиги томонидан мазкур давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органларнинг масъул ходимларига давра суҳбати ўтказилиб, унда проактив шаклда давлат хизмати кўрсатиш тартиби ва муддатлари ҳамда ушбу давлат хизматларини кўрсатиш механизмлари юзасидан тушунтиришлар берилди.