Энди талабалар турар жойига жойлашиш муаммо эмас

    Таълим 9 сентябр 2024 509

    Ҳар гал янги ўқув йили бошланиши билан талабалар учун ётоқхона масаласини ҳал этиш долзарб масалага айланади.

    Чунки олий таълимга талабалар қамрови ошиши натижасида табиийки талабалар турар жойига бўлган эҳтиёж ҳам ошиб боради. Ушбу эҳтиёжни бартараф қилиш мақсадида, олий таълим соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда талабаларни ишончли турар жойларга жойлаштириш, олий таълим муассасаларида 2024/2025-ўқув йилига талабаларни муносиб кутиб олиш, ўқув йилининг дастлабки кунларида талабаларни турар жой билан тезкор таъминлаш бўйича юзага келадиган жиддий муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 1 августидан 10 сентябригача бўлган муддат «долзарб қирқ кунлик» сифатида белгиланганлиги муносабати билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2024 йил 30 июль кунги «Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида»ги 269-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида институтда Талабаларни талабалар турар жойларига жойлаштириш ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар Маркази фаолияти йўлга қўйилди.

    Ҳозирги кунда марказ зарурий барча жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди ва 20 нафар тажрибали фаол волонтёрлар бириктирилди. Марказда талабаларни ТТЖга жойлашиш тартиби, ижара хонадонлари ҳақидаги маълумотлар базаси шакллантирилди. Ҳозирги кунда институтдаги мавжуд 6 та талабалар турар жойида 1909 та, 2 та ДХШ асосидаги турар жойда 900 та ўрин мавжуд бўлиб, 2024 йилнинг 22- август ҳолатига барча босқич талабалари орасидан мй.гов.уз интерактив портали орқали 1120 та онлайн ариза келиб тушди. Ҳозирда 4 та устуворлик бўйича аризалар саралаш жараёнида.

    Марказда тюторлар томонидан аниқланган 64 та бўш ижара хонадонлари ҳақидаги маълумотлар (ижара хонадони манзили, эгасининг исм-шарифи ва телефони, ижара нархи, геолокацияси) эълонлар тахтасига жойлаштирилди ва институт расмий веб-сайтига ҳам эълонлар берилди.

    Бугунги кунда талабалар турар жойи ва ижара хонадонлари масаласи юзасидан марказга мурожаат қилаётган ота-оналар ва талабалар ўз муаммо ва масалаларини ижобий ҳал қилиб келмоқда.

    Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, институтда 6 та талабалар турар жойи ва 2 та давлат хусусий шерикчилик асосида қурилган талабалар турар жойи 2024/2025 ўқув йилида талабалар учун хизмат қилади. Ушбу талабалар турар жойларида жами 2809 ўрин мавжуд. Хусусан, 1-ТТЖда 296 ўрин, 2-ТТЖда 379 ўрин, 3-ТТЖда 377 ўрин, 4-ТТЖда 384 ўрин, 5-ТТЖда 385 ўрин, 6-ТТЖда 88 ўрин, 7-ТТЖ (ДХШ)да 500 ўрин ҳамда 8-ТТЖ (ДХШ)да 400 ўрин сиғимга эга.

    Қайд этиш жоизки, билим талабгорлари ўқув йилининг бошланғич даврини ижара уй излаб сарсон-саргардон ўтказмаслиги, кейинчалик ҳам дарслардан чалғимай, бемалол ўқиши, бор диққат ва эътиборини фақат ва фақат таълим олишга қаратишда уларнинг турар жой билан қанчалик таъминлангани муҳим омил ҳисобланиб, бу борадаги ишларга институт масъуллари алоҳида эътибор қаратган. Зероки, юрт келажаги билимли, салоҳиятли мутахассислар қўлида!

    Шерзод Деҳқонов,

    Фарғона политехника институти

    ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий

    ишлар бўйича 1-проректори.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates