Бу ҳақда бугун, 2 январ куни Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, истеъмол кўп бўладиган эрталабки соат 6:00 дан 10:00 гача ҳамда кечки соат 17:00 дан 22:00 гача бўлган вақт оралиғида электромобилни қувватлантирганлик учун нисбатан оширилган тариф, тунги вақтда эса 50 фоизгача арзонлаштирилган тариф қўлланиши мўлжалланмоқда.
Тиғиз вақтларда тариф неча фоизгача оширилишига аниқлик киритилмаган.
Энергетика вазирлиги бугун эълон қилган видеолавҳада, вазир ўринбосари Умид Мамадаминов электромобилларни зарядлаш станциялари электрдан узиб қўйилгани бўйича изоҳ берган.
Унинг сўзларига кўра, декабр ойининг ўрталарида тегишли идоралар ўтказган рейд чоғида субистеъмолчилар фаолияти белгиланган талабларга қанчалик мослиги ўрганилган.
“Ўрганиш якунларига кўра, шу куннинг ўзида бир қанча станциялар ўчирилган. Энергетика вазирлигининг аралашувидан сўнг, фаолиятида камчиликка йўл қўймаган станциялар тармоққа қайта уланган. Фақат техник шартлар ва бошқа мажбуриятларга доир муаммоларга эга бўлган 11 дона станцияга ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб олгунга қадар қонунчиликда белгиланган оралиқда муддат белгиланган. Айни пайтгача улар ҳам тармоққа уланган бўлиб, бугун Тошкент шаҳрида ўчирилган биронта ҳам қуввантириш станцияси йўқ”, – деган Мамадаминов.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, субабонент сифатида электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўз ҳудудига улаган барча тадбиркорлик субъектлари ҳудудий электр тармоқлари филиалларига мурожаат қилган ҳолда, ўзларининг техник шартларини ўзгартиришлари ва янги қувватларни белгилаб олишлари керак.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида 500 дан зиёд қувватлантириш станциялари ишлаб турган бўлса, уларнинг фақат 103 таси техник шартларга эга. 2024 йил 1 ноябригача Ўзбекистонга 5417 та қувватлантириш станцияси олиб кирилган ва “шу йилнинг ўзида ана шунча техник шарт олиниши керак бўлган”.
“Бу ҳолатда эса ҳудудларда юкламанинг ортиши, кучланишнинг пасайиши ва бошқа истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришда узилишлар юзага келиши ҳеч гап эмас”, – дейди энергетика вазири ўринбосари.