Янги Тошкент ҳудудида давлат ташкилотлари ходимлари ва кенг жамоатчилик учун электромобилларни тезкор зарядлаш станцияси фойдаланишга топширилди.
Хитойнинг «Huawei» компанияси томонидан ишлаб чиқилган, 480 кВт қувватга эга «Fusion Charge» станцияси Ўрта Осиё минтақасида илк марта ўрнатилаётган юқори технологияли зарядлаш инфратузилмаси ҳисобланади. Ушбу қурилма бир вақтнинг ўзида 6 та электромобилни 15 дақиқа ичида тўлиқ қувватлаш имкониятига эга.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, станция жойлашган ҳудудда 200 кВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ҳам ишга туширилган. Зарядлаш станцияси айнан мана шу қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилаётган «яшил энергия»дан фойдаланади.
Бундай лойиҳалар мамлакатимизда экологик тоза транспортни кенг жорий этиш, аҳоли учун қулай ва замонавий инфратузилмани шакллантириш, шу билан бирга, экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.








