Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида Хитой Халқ Республикаси Сзянси провинцияси Нянчанг шаҳридаги Транспорт касб-ҳунар коллежи вице-президенти Сюй Пеийинг хоним бошчилигидаги делегация билан учрашув пайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, учрашувда Хитой тажрибаси асосида юқори малакали электромобиль мутахассисларини тайёрлаш, электромобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш соҳасида замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларни етиштириш, шунингдек, халқаро ҳамкорлик асосида касбий таълимни ривожлантириш масалалари маҳокама этилган.
Хусусан:
- Бекобод туманидаги Касбий кўникмалар марказида «ElectroCar Hub» маркази ҳамда электромобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича хитойлик экспертлар иштирокида ўқув курсларини ташкил этиш,
- «Иш жойида ўқитиш» тизимини ҳамда электромобилларни таъмирлаш орқали халқаро стандартлар асосида ўқув дастурларини жорий этиш ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш,
- Миллий ва халқаро касб маҳорати чемпионатларида иштирок этиш,
- Марказий Осиёда ягона Электромобиль ўқув маркази сифатида қўшни давлатлардан ҳам тингловчиларни қабул қилиш имкониятини яратиш масалалари муҳокама этилган.
Ташриф якунида икки томонлама Англашув меморандуми имзоланди.
Вазирликнинг маълум қилишича, 2024 йили Ўзбекистон делегацияси Хитойнинг Сзянси провинциясида «Электромобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш» бўйича малака ошириб қайтган эди. Улар иштирокида янги ўқув дастури ишлаб чиқилиб, Жаҳон банки ҳисобидан 10 та Касбий кўникмалар маркази замонавий ускуна билан жиҳозланди.








