Энергия самарадорлигини таъминлаш ҳолати кўриб чиқилди

    Президент Шавкат Мирзиёев 1 июль куни тармоқ ва ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ҳисобот билан танишди.

    Аҳоли ўсиб, корхона ва муассасалар кўпайгани сайин энергия ресурсларига талаб ошиб бориши табиий. Мамлакатимизда шунга мутаносиб энергия манбаларини ва генерация қувватларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, бу қувватлардан оқилона фойдаланиш, энергияни тежаш ҳам жуда зарур.

    Шу мақсадда иқтисодиёт тармоқларидаги эски технологиялар энергия тежамкорига алмаштирилмоқда. Саноат корхоналарида “яшил энергия” манбалари жорий қилинмоқда. Биноларни қуришда иссиқликни сақловчи материаллардан фойдаланилмоқда. Хонадонлар ва ижтимоий муассасаларда ўрнатилган қуёш панеллари уларга қўшимча қувват бермоқда.

    Жорий йил бошида ҳудудларда электр энергияси ва табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар шакллантирилган эди. У, ишлаб чиқаришга халал бермаган ҳолда, энергия истеъмолини самарали ташкил этиш орқали муайян ҳажмларни тежашга қаратилган.

    Йиғилишда шу борадаги ишларнинг бажарилиш ҳолати кўриб чиқилди.

    Энергия истеъмолида ўғирликлар кўплиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, бу йил 15 мингта ҳолатда табиий газ ва 28 мингта ҳолатда электрдан ўғирлик аниқланган. Бунинг сабаби – ҳозирги тизимда ноқонуний уланишларнинг олдини олиш эмас, оқибати билан курашилаяпти.

    Шу боис бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, энергия сарфини қатъий назорат қилиш, масъулларнинг жавобгарлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.

    Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда соҳада қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда, станциялар барпо этилмоқда. Бу йил барча манбалар ҳисобидан 4 гигаваттлик электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган.

    Давлатимиз раҳбари соҳадаги инвестициявий лойиҳаларни, чет эллик шериклар билан эришилган келишувларни юқори даражада амалга ошириш кераклигини таъкидлади.

    Шунингдек, йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳам ахборот берилди.

    Қайд этилганидек, 850 километр магистрал тармоқ ва 9 та подстанцияни таъмирлаш бўйича ишлар бошланган. Бунга қўшимча 595 километр электр тармоғи қурилиб, қатор янги подстанциялар ишга туширилади. Иссиқлик станциялари барқарор ишлаши учун зарур ёқилғи, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар захиралари шакллантирилмоқда.

    Мутасаддиларга энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш, инфратузилмани модернизация қилиб, энергия етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш юзасидан вазифалар қўйилди.