Сабина Набиева Фарғона давлат университетида

    АҚШнинг Аризона университетида таълим олаётган Сабина Набиева Фарғона давлат университети фаолияти билан танишди.

    Эсингизда бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан бир гуруҳ ёшларга давлат мукофотларини топширади ҳамда ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида Сабина Набиева ҳам иштирок этиб, эришган ютуқлари давлат раҳбари томонидан эътироф этилган эди.

    Бешариқ тумани фарзанди Сабина университетга ота-онаси ҳамроҳлигида кириб келар экан, бу ерда талаба-ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан, ўқув-амалий жараёнлар билан яқиндан танишди.

    — Бугунги кунда биз ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар кишини янада илм олишга чорлайди, — дейди «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати Сабина Набиева. — Бу каби шинам бинолар, бундай қулай шароит, замонавий билим олиш муҳити ва талабага юксак эътибор ҳаттоки, Аризона университетида ҳам бу ердагидек эмас. Шундай экан, танлаган соҳамиз бўйича фақат ўқиб, ўз устимизда кўпроқ ишлашимиз, билим салоҳиятимизни янада ривожлантиришимиз керак.

    Учрашув давомида Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ёш меҳмонни талабалар билан мулоқотга чорлар экан, ОТМ ёшлари унинг ютуқларидан кучли мотивация олишларини, Сабина каби илмга чанқоқ қизларимиз нафақат ўз оиласининг, балки шу миллатнинг, Янги Ўзбекистоннинг чинакам бахти эканлигини айтиб ўтди.

    Тадбир сўнгида, «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати, АҚШнинг нуфузли Аризона Университетида киберхавфсизлик ва АйТи йўналиши талабаси Сабина Набиева билан талабалар ўзаро инглиз тилида давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Унда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

    Суҳбат сўнгида олий ўқув юрти ректори Сабина ва унинг ота-онасига ташриф учун миннатдорчилик билдирди. Талаба-ёшлар номидан Фарғона давлат университетининг эсдалик совғаларини тақдим этди.