Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари кичик сержант Абдуллаев Алишох ва III-даражали сержант Жовкашев Шохрух жорий йилнинг 17–20 март кунлари АҚШнинг Миссисипи штати “Camp Shelby” ҳарбий-ўқув базасида бўлиб ўтган “Энг илғор жангчи–2025” мусобақасида иштирок этишди.
Халқаро ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва махсус бўлинмаларда хизмат қилиш нуфузини ошириш каби мақсадларда ташкил этилган мусобақада ҳарбий хизматчиларимиз АҚШ Миллий гвардиясининг Махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчилари билан куч синашишди.
Мусобақа давомида ҳарбий хизматчиларимиз якка таркибда жисмоний тайёргарлик синовлари (6 та машқни ўз ичига олган Фитнес тест), жисмоний ва руҳий зўриқиш йўлагидан ўтиш, тунда 15 километр масофага ориентирлаш, 15 килограм юк билан 20 километр масофага марш югуриш, жанговар ва умумий тайёргарлик бўйича тест синовлари, иншо ёзиш (ҳарбий ҳамкорлик мавзусида 500 тадан кам бўлмаган сўз), артиллерия оловини бошқариш, АҚШ намунасидаги ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ёйиш, йиғиш ва жанговар ҳолатга келтириш, шунингдек, улардан турли усул ва шароитларда ўқ отиш, тиббий тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, кутилмаган (сюрприз) машқлар каби шартларни муваффақиятли бажардилар.
Жумладан, ҳарбий хизматчиларимиз жамоавий баҳс — 15 килограм юк билан 20 километр масофага марш югуриш шартини 1 соат 50 дақиқа ичида бажарди. Шуниндек, якка тартибдаги баҳсларда III-даражали сержант Жовкашев Шохрух 3 километр 219 метр масофани 11 минут 18 сонияда босиб ўтган бўлса, кичик сержант Абдуллаев Алишох 250 метр масофага югуриш давомида мажмуавий машқларни 1 дақиқа 18 сонияда бажариб, 5 килограм оғирликдаги коптокни 12,3 метр масофага улоқтиришга муяссар бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур шартларнинг барчасида ҳарбий хизматчиларимиз мусобақа рекордини янгилади.
Якунда ҳарбий хизматчиларимиз мусобақанинг махсус соврини билан тақдирланишди. Бу дастлабки ютуқ эмас, албатта. Мазкур мусобақада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 йилдан бери муваффақиятли қатнашиб, ҳар бирида иштирокчилардан мутлақ устунлик билан ғолибликни қўлга киритиб келади.
23 март куни ғолиблар пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Маросимда ҳарбийлар ютуғи мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси, дея эътироф этилди.