Энг кичик тармоқдан катта соҳаларгача инвестициялар йирик лойиҳаларга йўл очмоқда

    Саноат 21 июл 2023 630

    Иқтисодиёт аниқ ҳисоб-китобларга таянадиган, натижадорликни хуш кўрадиган соҳа. Шу йўналишга хос термин билан айтганда, уни инвесторга ўхшатиш мумкин. Яъни сармоядор истиқболли деб билган, натижа олишига ишонган бизнесгагина маблағ киритади.

    Бу маблағ ўша лойиҳа ёки тармоқни янада ривожлантириб, бу орқали юрт иқтисодий тараққиётига ҳисса бўлиб қўшилади. Аммо бунинг учун сармоядорни ишонтира олиш, нафақат соҳалар, балки ҳудудлар, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириб бориш талаб этилади. Бу борадаги кўрсаткич қанча юқори бўлса, тараққиёт шунча жадаллашади.

    Гап инвестицияларнинг давлат иқтисодиётидаги ўрни ҳақида бормоқда. Драйвер соҳада инвестициялар улуши ортиши ривожланиш тенденциясининг ўсиб боришига хизмат қилади. Содда қилиб айтганда, ҳар қандай соҳада натижадорликни ошириш учун ташқи сармоя зарур. Бу сармояни эса инвестор киритади. Миллий иқтисодиётни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, юқори барқарорлик ва мутаносиб иқтисодий ўсишни таъминлашда инвестицияларнинг ўрни муҳим.

    Мамлакатимиз иқтисодиётига киритилаётган хорижий инвестициялар ҳажми охирги йилларда кескин ошиб, қарийб 40 миллиард долларга етди. Бу кичик рақамлар эмас ва нафақат маҳаллий, балки хорижий инвесторлар сони ортиб бораётгани, аввало, диёримизда қулай инвестицион муҳит яратилгани билан боғлиқ. Бошқа томондан, иқтисодиётимиздаги ривожланиш кўрсаткичи кескин ўсиб бораётганини дунё халқлари ҳам эътироф этиб, ишбилармонлар ҳамкорликка ошиқмоқда.

    Натижада биргина жорий йилнинг ўтган олти ойида иқтисодиёт тармоқларида 3,6 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилган. Рақамлар шу йилнинг 11 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида кенг таҳлил қилинди. Тармоқда эришилган ютуқлар билан бирга, кўрсаткичи паст, инвестиция муҳити қониқарсиз бўлган айрим ҳудуд ва тармоқлар ҳам тилга олингани бежиз эмас. Чунки бугун шиддат билан ривожланаётган ҳаётимизда инвестиция иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи асосий кучлардан бири саналади. Сармоя киритилмаган лойиҳалар қоғозда қолиши, ҳудудлар ривожланишдан оқсаши, тармоқлар эса эскича ишлашда давом этиб, ўсмаслиги турган гап.

    Қайси тармоқлар етакчи?

    Шу боис, янги Ўзбекистон инвесторлар учун ўз эшикларини кенг очди. Сармоядорлар фаолиятига эркинлик бериш, уларнинг ҳуқуқларини қонуний кафолатлаш, мамлакатда қулай бизнес ва инвестиция муҳитини яратишга қаратилган ҳаракатлар кундан кунга фаоллашмоқда. Хусусан, бугунга қадар инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хомашё ва товарга божхона божи бекор қилиниб, давлатнинг бизнесни тартибга солишга қаратилган 500 та функцияси бекор қилингани бунинг исботи. Қолаверса, юртимизда хорижий инвесторларнинг ўз акцияларидан оладиган дивидендлари уч йил муддатга солиқдан озод қилинди. Шу каби кўплаб имкониятлар чет эллик инвесторларнинг юртимизга ишончини ошираётгани рост.

    Аҳрор ХОЛМУРЗАЕВ, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Стратегик ривожланиш ва таҳлил департаменти бош мутахассиси:

    — Инвестиция ҳамиша бирор тармоқ, соҳа ёки инсоннинг ривожланишида муҳим омил бўлиб келган. У келажакда наф олиш мақсадида пул, қимматли қоғозлар, ер, бино ва ҳоказо кўринишида киритиладиган сармоядир. Бу маблағ кейинчалик инвесторга фойда бўлиб қайтади. Инвестиция капитални муайян муддатга боғлаш ёки банд қилишни билдиради. Инвестициялар соҳалар ривожига катта ҳисса қўшади. Сармоядор киритадиган маблағ ҳисобига тармоқни замонавийлаштириш, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш, бу орқали даромадни ҳам ошириб бориш назарда тутилади. Табиийки, бундан барча томонлар манфаат кўради.

    Юртимизда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилган. Хусусан, давлат инвестиция дастури доирасида жорий йил жами 20,2 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган. Биринчи ярим йилликда 7,4 миллиард доллар шундай инвестиция ўзлаштирилди ва бу режага нисбатан 1,8 баробар кўп. Бу даврда юқори ўсиш кўрсаткичлари Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Энергетика вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳиссасига тўғри келган бўлса, ҳудудлар бўйича Навоий, Жиззах ва Андижон вилоятлари етакчилик қилмоқда.

    Инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш қўшимча иш ўринлари яратиш дегани ҳамдир. Битта лойиҳа орқали юзлаб, минглаб одамнинг бандлиги таъминланиши кутилган натижаларнинг бир қисмидир. Шу боис, инвестиция дастурлари доирасида яратиладиган янги иш ўринлари бўйича кунлик “лойиҳабай” назорат механизми йўлга қўйилган. Қўл бошқаруви бўйича ҳафталик мониторинг тизими ишламоқда.

    Жорий йил учун тасдиқланган 12 минг 622 та инвестицион лойиҳани амалга ошириш орқали 289 мингта янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Лойиҳаларни муддатида ишга тушириш ҳамда иш ўринлари ўз вақтида ва сифатли яратилишини ташкил этиш мақсадида уларнинг ҳар бирига алоҳида масъуллар бириктирилган. Бу каби амалий ишлар натижасида жорий йилнинг январь-июнь ойларида белгиланган 41 минг 548 та эмас, балки 76 минг 654 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.

    Биринчи ярим йилликда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан имзоланган қарз битимлари қиймати эса 2,38 миллиард долларга тенг ва 17 та лойиҳани ўз ичига олади. Ислом тараққиёт банки иштирокидаги “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш”, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамкорлигидаги “118 та насос станцияни модернизация қилиш”, Жаҳон банки билан биргаликдаги “Ижтимоий объектларда энергия самарадорлигини ошириш”, Хитой Экспорт-импорт банки билан келишувдаги “Олимпия шаҳарчасини барпо этиш” лойиҳалари шулар жумласидан.

    Бу маблағлар, асосан, транспорт инфратузилмаси, коммунал хўжалик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, қишлоқ ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа кўплаб соҳаларга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Бугунги кунда халқаро молия ташкилотларидан ўзлаштирилган инвестицияларнинг асосий қисми Жаҳон банки, Хитой банклари, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳиссасига тўғри келмоқда.

    Инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудлардаги саноат зоналари, “лойиҳа гуруҳлари” ҳам етакчилик қилади. Буни жорий йилнинг олти ойи давомидаги таҳлиллардан ҳам кўриш мумкин. Масалан, шу даврда юртимиздаги барча саноат зоналарида умумий қиймати 4,3 триллион сўмлик 439 та лойиҳа ишга туширилиб, 12 мингдан зиёд янги иш ўрни очилди. Улар томонидан салкам 440 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. “Лойиҳа гуруҳлари” томонидан эса ҳудудларнинг мавжуд имконияти ва салоҳиятидан келиб чиқиб, қиймати 8,3 миллиард долларлик 3 минг 700 та йирик инвестиция лойиҳаси шакллантирилди.

    Юртимизда ҳудудларни иқтисодий ҳолатига кўра 5 та тоифага ажратиш тизими самарали йўлга қўйилган. Инвестицияларни жалб этиш борасида ҳам ишлар янги тизим асосида олиб бориляпти. Хусусан, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ҳар бир туманга мустақил консалтинг компанияларни жалб қилиш учун 500 миллион сўмдан ажратилди. Мазкур компаниялар томонидан эса туманларнинг инвестиция салоҳиятини ошириш, табиий захиралар, мавжуд инфратузилма ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида иқтисодий таҳлиллар ишлаб чиқилди.

    Масалан, Бухоро вилояти Пешку туманининг драйвер соҳаси қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш этиб белгилаб олиниб, графитдан электрод, гранитдан пардозбоп плиткалар, гўшт ва сутни қайта ишлаш, мева-сабзавотлардан сок ишлаб чиқариш, сублимация усулида қуритиш лойиҳаларини амалга ошириш таклифлари берилган. Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг драйвер соҳаси сифатида эса электротехника саноатини ривожлантириш белгиланиб, турли генераторлар, қуёш панелларини ишлаб чиқариш, электр скутерлар ва велосипедларни йиғиш каби лойиҳалар истиқболли деб топилди.

    Яъни инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда ҳам чуқур таҳлиллар, билим ва инновациялардан тўғри фойдаланиш талаб этилади. Шундагина натижадорлик ҳам, иқтисодий самарадорлик ҳам узоқ куттирмайди.

    Қўшимча сармоя рақобатни оширади

    Юртимиз иқтисодиётида жадал ривожланаётган соҳалардан бири тикувчилик ва тўқимачилик саноатидир. Сўнгги йилларда ушбу тармоқ халқаро технологиялар ва сифат стандартларини жорий этишда етакчилик қилмоқда. Буни Ўзбекистон пахта хомашёсини етказиб берувчи давлатдан пахтани тўлиқ қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот экспорт қилувчи давлатга айлангани мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, пахта-тўқимачилик тармоғида ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдагига нисбатан 5 баробар, экспорт эса 4 баробар ошган. Жорий йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқарилган 11,9 минг тонна тўқимачилик маҳсулоти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,9 фоиз кўп экани ҳам ўсишдаги жадалликни кўрсатади. Бунда соҳага киритилаётган инвестиция кўлами ортиб бораётгани алоҳида аҳамиятга эга.

    Муҳаммаджон МАҲМУДОВ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси департамент бошлиғи:

    — Мамлакатимизда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати жадал ривожланиб бораётгани инвестицион лойиҳаларнинг ортишида ҳам кўзга ташланади. Хусусан, йўналишимиз бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида умумий 490,2 миллион долларлик хорижий инвестиция ва кредит жалб қилинди. Бунда уюшма масъуллигидаги хорижий инвестициялар ҳажми 110,6 фоиз ошди. Барча ҳудудларда бундай лойиҳаларни кўпайтиришдан кўзланган мақсадлардан бири, албатта, аҳоли бандлигини таъминлашдир. Жумладан, биринчи ярим йилликда ишга туширилган 151 та инвестиция лойиҳаси доирасида 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

    Ўзбек инвестицияси иштирокида хорижда ҳам пахта-тўқимачилик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу соҳа салоҳиятини юксалтириш, керакли хомашё билан таъминлаш ва экспорт бозорларини кенгайтириш имкониятини беради. Қолаверса, бунинг маҳаллий иқтисодиёт ривожига ҳам таъсири катта. Бундай лойиҳаларни фаоллаштириш ҳисобига ҳудудларда саноат маҳсулотлари, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўсиб боряпти.

    Ана шундай йирик инвестицион лойиҳаларга Қарши шаҳридаги “Китоб ип югирув” АЖ, Деҳқонобод туманидаги “Деҳқонобод текстиль”, Наманган шаҳридаги “Balanse tex” МЧЖ ва бошқа кўплаб корхоналар фаолияти орқали мисол келтириш мумкин. Улар киритилган қўшимча сармоялар ҳисобига йилига бир неча миллион дона тикув-трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқармоқда.

    Ҳудудларда яна ўнлаб янги инвестицион лойиҳалар ишга туширилиш арафасида. Масалан, Намангандаги “Art Soft Tex Cluster” пахта-тўқимачилик кластери томонидан момиқ сочиқ ва чойшаб тўпламларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги “Аrt Мен” қўшма корхонаси ташкил этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 75 миллион долларга тенг бўлиб, ишга тушганидан сўнг вилоятдаги 2000 кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Корхона йилига 14 минг 400 тонна калава ип, 12 минг 600 тонна момиқ сочиқ ва чойшаб тўплами ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Андижон вилояти Булоқбоши туманида ҳам сентябрь ойида иккита йирик корхона ишга туширилиши ва умумий 1 минг 200 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Корхоналарда ойига 1,5 миллион дона, бошқаси эса 5 миллион дона трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариши кутилмоқда.

    Ишлаб чиқариш қувватлари ошиб бориши бевосита янги технологиялар, замонавий инновациялар билан боғлиқ. Боиси, бугунги кунда ҳар қандай соҳа ривожида рақамли технологияларни қўллаш асосий заруратга айланмоқда. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси фаолияти ҳам жаҳон тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноати талабларига мувофиқ кенгайиб боряпти. Уюшма Халқаро кийим-кечак федерацияси (IAF), Америка кийим-кечак ва пойабзал уюшмаси (AAFA), АҚШ мода саноати уюшмаси (USFIA), Бангладеш ишлаб чиқарувчилар ва кийим-кечак экспортчилари уюшмаси (BGMEA), Хитой савдо палатаси (CCCТ) каби ҳамкор ташкилотлар билан бирга рақамли ёрлиқ бўйича хатни имзолаганлар қаторига киради.

    Бу хат глобал саноатда уй тўқимачилик, кийим-кечак, пойабзал ва тегишли аксессуарларни этикеткалашни жорий этиш ҳамда керакли ёрлиқ маълумотлари учун янада барқарор ва тежамкор рақамли ёрлиқлардан фойдаланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатларни назарда тутади. Яъни рақамлаштириш имкониятлари саноатнинг бу жиҳатини ҳам четлаб ўтмади. QR кодли ёрлиқлар каби рақамли технологик ечимлар кундалик ҳаётимизга кириб келмоқда. Рақамли ёрлиқларга ўтиш этикеткалаш чиқиндиларини сезиларли даражада камайтиради, натижада саноат таъминот занжирларидан чиқаётган заҳарли газлар эквиваленти камида 343 минг тоннага камаяди. Инвестициялар эса ана шу йўналишларга ҳам сармоя киритиш орқали энг мақбул ечимларни таклиф этиш, янгича технологияларни яратишга йўл очади.

    Янги лойиҳалар қуввати

    Юртимизда жорий йилнинг кейинги ярим йиллигида инвестиция дастурларидаги 1 минг 500 та лойиҳани тезлаштириш ва 12 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестицияни ўзлаштириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланган. Шунингдек, ҳукумат комиссияси томонидан иқтисодиётга катта туртки берадиган 97 та йирик саноат лойиҳаси тайёрланди. Улар орқали 6,7 миллиард доллар ўзлаштирилиб, 3 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 27 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.

    Умид УБАЙДУЛЛАЕВ, Тошкент вилояти инвестиция, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари:

    — Инвестицияларни иқтисодиётнинг қуввати, дейиш мумкин. Яъни соҳа ва тармоқларга қанча кўп сармоя киритилса, шунча ривожланиб, имкониятлари кенгайиб бораверади. Масалан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини олайлик. Ҳозир одамлар ғиштга сувоқ уриб, уйни кўтариб олаверадиган аввалги даврлар эмас. Замон ўзгаряпти, шунга мос равишда инсонларнинг талаб ва истаклари ҳам олдингидек эмас. Мустаҳкам, тежамкор, инновацион қурилиш материалларидан фойдаланишга қизиқиш ошиб боряпти, улар асосида “ақлли уй”лар пайдо бўляпти. Ана шундай тежамкор, зилзилабардош, арзон қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун эса шунга яраша қувват, қиммат технологиялар зарур. Буларни қўшимча сармоя, яъни инвестиция киритмасдан амалга ошириб бўлмайди.

    Шу боис, Тошкент вилоятида ҳам инвестицияларни жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Биргина жорий йилда умумий қиймати 696,5 миллион доллар бўлган 502 та лойиҳани амалга ошириш ва 17,5 мингга яқин янги иш ўрни очиш белгиланган. Биринчи ярим йилликда режадаги 316 та янги лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 7 минг 148 нафардан зиёд юртдошимиз иш билан таъминланди.

    Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўлами ҳам кичик эмас. Шу йилнинг январь-июнь ойларида бу борадаги ўсиш 117 фоизни ташкил этди, 321 миллион доллар ўзлаштирилди. Қайсидир ҳудудлар бу борада фаол бўлса, айримларида кечикиш кузатилган. Масалан, Бекобод, Бўка, Оққўрғон ва Чиноз туманлари биринчи ярим йилликда 5 миллион доллардан кам хорижий инвестиция жалб қилган ҳудудлардир. Шу боис, мазкур туманларда йил якунига қадар камида 15 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

    Хусусан, Чиноз туманидаги “Inter-trading-group” қўшма корхонаси томонидан умумий қиймати 4,5 миллион долларлик “Макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси ҳамда “Marakanda Petrolium” МЧЖ томонидан умумий қиймати 5,5 миллион долларлик “Мотор мойлари ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш учун ҳар бирига 1 гектар ер аукцион орқали сотиб олинди. Қурилишни бошлаш учун канадалик ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиляпти. Вилоятда инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини назорат қилиш бўйича алоҳида масъуллар бириктирилиб, ҳафталик мониторинг тизими йўлга қўйилган. Улар маблағларнинг ўз вақтида ўзлаштирилиши ҳамда мақсадли сарфланишини назоратга олади.

    Бу йўналишда йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган режалар ҳам оз эмас. Унга кўра, вилоятимизда йил якуни билан 375,7 миллион доллар хорижий инвестиция ва кредит ўзлаштирилади. Бу, биринчидан, олий даражадаги ташрифлар ва халқаро тадбирлар доирасида эришилган келишувлар натижасидаги лойиҳалар ҳисобига бўлса, бошқаси “лойиҳа гуруҳлари” томонидан шакллантирилган ва музокаралар олиб борилган хорижий компаниялар лойиҳаларини ишга тушириш орқали таъминланади. Қолаверса, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан қўшимча 40—50 миллион долларлик хусусий инвестицияларни ўзлаштириш чоралари кўрилади.

    Вилоятда 11 минг 48 та саноат корхонаси давлат рўйхатидан ўтган, шундан фаолият кўрсатаётганлари 7 минг 208 тани ташкил этади. Ишлаб турган корхоналарда жорий йил якунига қадар 100,5 триллион сўмлик саноат маҳсулоти тайёрланиб, ўсиш суръати 105,3 фоизни ташкил этиши режалаштирилган. Экспорт режаси эса вилоят бўйича 1 миллиард 124 миллион долларга етиши кутилмоқда. Биринчи ярим йилликдаги натижалар ҳам шунга ишончни оширади. Боиси, бу даврда 509 миллион долларлик саноат ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 115,3 фоиз юқори натижадорликка эришилди.

    Маҳсулотлар экспорт бозорини кенгайтириш, экспорт қилинувчи маҳсулот турлари ва корхоналар сонини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткич ва амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Бунда асосий 3 та жиҳатга эътибор қаратиляпти.

    Биринчидан, мавсумий мева-сабзавотлар айни пишган пайтда имтиёзли кредит ажратиш тизимини жорий қилиш йўлга қўйилади. Иккинчидан, мева-сабзавот маҳсулотлари таркибини ўрганадиган замонавий ва жаҳон стандартлари талабларига мос текширув лабораториялари ташкил этилади.

    Учинчидан, камида 4 та йўналишда экспортни амалга ошириш имконини берадиган сув транспортидан фойдаланиш назарда тутилмоқда. Бу Каспийбўйи мамлакатлари — Озарбайжон, Қозоғистон, шунингдек, Арманистон билан ўзаро келишувлар асосида олиб борилади. Қўшни мамлакатлар орқали денгизга чиқиш ва ундан асосий транспорт воситаси сифатида фойдаланиш юк ташишдаги вақтнинг 2 баробар қисқариши, транспорт харажатлари эса 1,5 баробар арзонлашишига олиб келади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates