Энг мақбул ечим ёхуд “яшил энергия”ни жорий этиш бўйича етакчи давлатлар қаторига киришнинг осон усули

    Мамлакатимизда саноатнинг кескин ривожланиши, қолаверса, аҳоли сонининг ортиши электр энергиясига бўлган талаб ўсишига олиб келди.

    Бугун юртимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 90 фоизидан ортиғи иссиқлик электр станциялари улушига тўғри келади. Бу ушбу электр станцияларида табиий газ, кўмир ва мазут сарфлаб, электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда, дегани. Президентимиз таъбири билан айтганда, валютани ёқиб, электр энергия ишлаб чиқаряпмиз. Бундан ташқари, электр энергиясини ишлаб чиқариш сарф-харажатларининг қимматлиги, дунёда табиий газ, нефть ва кўмир каби табиий бойликлар захираси тугаётгани, атмосферага зарарли таъсирлари, электр энергиясига бўлган талабнинг ошиши биздан жиддий ўйланиш ва экологик тоза, қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланишни тақозо этмоқда.

    Қайта тикланувчан энергия манбалари экологик жиҳатдан тоза ва атроф-муҳитга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Республикамизда энг самарали ва қулай қайта тикланувчи энергия манбалари асосан қуёш ва шамол энергиялари ҳисобланади.

    Президентимизнинг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларда жорий этиш орқали 2026 йилга қадар иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 20 фоизга қисқартириш чоралари кўрилиши назарда тутилган. Мазкур стратегиянинг асосий вазифаларидан бири иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, муқобил энергия имкониятларидан ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишдан иборат.

    Эътиборлиси, бу борада мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Нафақат саноат тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида, шу билан бирга, аҳоли ўртасида ҳам муқобил энергиядан фойдаланиш афзалликлари, имкониятлари ва иқтисодий самаралари ҳақида кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Натижада хорижий сармоя ёки давлат шерикчилик асосида қурилаётган шамол ва қуёш фотоэлектр станцияларидан ташқари, давлат корхона ва ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларида ҳам муқобил энергия, хусусан, қуёш панелларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилмоқда.

    Президентимизнинг жорий йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида берилган имтиёзлар жойларда “яшил энергетика”га ўтиш ишларини янги босқичга олиб чиқди. Мазкур қарор мамлакатимизда электр энергияси тақчиллигининг қопланишига қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Унга кўра, қатор тармоқларда қайта тикланувчи манбаларни кенг жорий этиш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароит яратиш механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, хонадонларда кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастурини амалга ошириш истеъмолчиларга қулайлик яратмоқда.

    Биргина Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани мисолида оладиган бўлсак, ҳудудда 15848 та истеъмолчи мавжуд. Уларнинг 15168 нафари жисмоний ва 680 таси юридик шахс саналади. Туманнинг 2023 йилда электр энергиясига йиллик талаби 98,7 миллион киловатни ташкил қилади. Ушбу эҳтиёжни тўла қондириш мақсадида кичик қувватли панелларни 159 объектда, 17850 квадрат майдонга ўрнатиш режалаштирилган. Шундан 86 та аҳоли хонадонига 400 минг киловатт соат, жорий йилда фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларда 60 минг киловатт соатли кичик фотоэлектр станциялари ўрнатиш ишлари бошланган. Аҳамиятлиси, истеъмолчи эҳтиёжидан ортган электр энергиясининг ҳар киловатини 1000 сўмдан давлатга сотиб, қўшимча даромад топиши йўлга қўйилмоқда. Пахтакорлик Фаррух Пиримқулов ушбу имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиб келаётганлардан бири.

    – Хонадонимга 18 киловатли қуёш панелини ўрнатганман. Бунинг учун ўз маблағимдан ташқари, банкдан узоқ муддатли 15 фоизли имтиёзли кредит олиб фойдаландим. Айни пайтда soliq.uz платформасидан рўйхатдан ўтиб, ҳар куни оиламиз эҳтиёжидан ортиқ ишлаб чиқарилган 12 киловатт соат электр энергиясини давлатга сотаяпман, – дейди у.

    – Қарор асосида жорий йил Жиззах вилоятидаги 498 та ижтимоий соҳа объекти ва давлат идорасининг 25 минг квадрат метр том қисмига 5 мегаватт кичик қувватли қурилмалар, 8,3 минг литрли гелио-коллекторлар ўрнатилади– дея изоҳлайди “Ўзэнергоинспекция” Жиззах ҳудудий бўлими бошлиғи Бахтиёр Норбеков. – 750 тадбиркорнинг бино ва иншоотлари том қисмига жами 15 мегаватт қувватли, мингдан зиёд аҳоли хонадонларига қуввати 6 мегаватт қуёш панеллари ўрнатилади. Жорий йилда фойдаланишга топширилидиган 36 та кўп қаватли уйлар ҳам энергия тежамкор қурилмалар билан таъминланади. Бундан ташқари, Зафаробод туманида лойиҳа қиймати 4 миллиард 300 миллион сўмлик 2 та кичик микро гидроэлектр станцияси барпо этилади.

    Умуман, вилоятда камида 2 минг мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалари учун салоҳият бор. Шундан келиб чиқиб, Жиззахда 2023 йилда 270 мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилади ва шунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат энергия ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади. Бунинг ҳисобига жами 71 миллион куб метр газ тежалади.

    – Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш афзалликларини ўрганиб, университетимизда муқобил энергия имкониятларидан фойдаланиш, тежамкор электр энергияси технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Шу кунгача университетимиз бўйича жами 222 та қуёш панели ўрнатиб, айни пайтда ушбу қурилмаларнинг беминнат хизматидан фойдаланаяпмиз. Келажакда бошқа биноларимизга ҳам қуёш панелларини ўрнатмоқчимиз. Бундан ташқари, кўчаларни ёритишда, сув иситишда ҳам шундан фойдаланишни режалаштирганмиз. Умуман, университетимиз бўйича электр тежамкорликни 40 фоизга етказмоқчимиз, – дейди Жиззах давлат педагогика университети ректори Шавкат Шарипов.

    Қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатишнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, бу борада бир қатор имтиёзлар берилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳам бу соҳага эътиборини оширмоқда.

    Зарбдор туманидаги электр тармоқлари корхонаси муҳандиси Фарҳод Ўрозов ҳудудда амалга оширлаётган ишлар ҳақида қуйидаги маълумотларни айтиб берди.

    – Айни пайтда туманимиздаги корхона ва ташкилотларга қуввати 227 киловатт бўлган муқобил электр манбалари ўрнатиб, фойдаланишга топширилди. Жумладан, туманимизда биринчилардан бўлиб “Бўстон палл три” МЧЖ қуввати 10 киловатли, “Зарбдор парранда” МЧЖ 20 киловатли, “Зарбдор элеватор” МЧЖ эса 30 киловатли қуёш панеллари ўрнатиб, ўзини электр энергияси билан таъминлаб келмоқда. Буларни кўриб, бошқа тадбиркорлик субъектлари, жумладан, автомобилларга газ қуйиш шохобчаси эгалалари ҳам қуёш панелларини ўрнатишга қизиқиш билдирмоқда. Вилоятимизда 72 та автомобилларга сиқилган газ сотиш шохобчаси мавжуд. Агар шуларнинг камида 50 фоизи муқобил манбаларга ўтказилса, бир йилда вилоятда беш миллион беш юз киловатгача электр энергияси тежалашига эришилади.

    Соҳа мутахассисларининг хулосасига кўра, 2023–2025 йилларда дунёнинг электр энергиясига бўлган талаби ҳар йили 3 фоиздан ўсиб боради. Биргина Жиззах вилоятида электр етишмовчилиги ўтган йилда 123 миллион киловатт-соатга етган бўлса, жорий йилда бу рақам 156 миллион киловатт- соат бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда эса ушбу етишмовчиликларни қоплашнинг энг мақбул варианти сифатида муқобил энергия имкониятларидан, асосан қуёш нурларидан самарали фойдаланиш кўрилмоқда. Зеро, юртимизда йилнинг уч юз кундан ортиғи қуёшлидир.

    Дарҳақиқат, мамлакатимизда муқобил энергия манбаларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Президентимизнинг юқоридаги қарори эса мазкур соҳани янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосини яратди, бу борада бошланган ишлар кўламини кенгайтирди. Эътиборлиси, аҳоли муқобил энергия афзалликларини амалда кўрмоқда.

    Бугунги кунда давлатимиз томонидан “яшил энергия”ни жорий этиш бўйича эътибор, имтиёз ва имкониятлар кучайган. Хорижий инвесторлар, тадбиркорлар ва аҳолининг ҳам бу соҳага қизиқиши ортиб бораяпти. Буларнинг бари яқин келажакда мамлакатимизнинг электр энергиясига бўлган ўз эҳтиёжини тўлиқ таъминлаши баробарида, дунёнинг “яшил энергия”ни жорий этиш бўйича етакчи давлатлари қаторидан жой олишига хизмат қилиши шубҳасиз.

    Фарҳод НЕЪМАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates