Эркин, юнон-рум ва аёллар кураши: ёшларимиз ЖЧда медаллар учун курашмоқда

    Спорт 21 август 2021 2078

    Шу кунларда Россиянинг Уфа шаҳри эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Бугун юнон-рум кураши мусобақаларига старт берилди.

    Қувонарлиси, -55 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Алимардон Абдуллаев финалга чиқди. У 1/8 финалда қирғизистонлик Акйикат Кулжигит улуни 5-1, чорак финалда руминиялик Денис Флоринни 8-0, ярим финалда тожикистонлик Асламжон Азизовни 8-3 ҳисобида мағлуб этди. У эртага Жаҳон чемпионлиги учун эронлик Амирризо Деҳбозоргига қарши гиламга чиқади.

    Яна бир курашчимиз Шаҳриёр Жўрабоев эса бронза медали йўлида ўтиш баҳсида иштирок этади. -87 кг вазндаги полвонимизнинг рақиби хорватиялик Кристиан Лукач бўлади. Ушбу жуфтлик ғолиби туркиялик Тансел Ортучуга қарши баҳс олиб боради.