Эртага республикамизнинг 300 га яқин энг кўзга кўринган тадбиркор ва инвесторлар Қорақалпоғистонда тўпланади

    Президентимиз тадбиркорлар билан бу йилги очиқ мулоқот айнан Қорақалпоғистонда ўтказилишининг сабабларини айтди.

    Қайд этилганидек, Қорақалпоғистонга инвестиция киритиб, бизнес қилишнинг бошқа ҳудудларга нисбатан 3 та устунлиги бор.

    Биринчиси – Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ имтиёзлар пакети қилиб берилган. Жумладан, сўнгги беш йилда алоҳида фармон ва қарорлар билан 52 турдаги имтиёз ва енгилликлар берилди.

    Ушбу имтиёзлар ҳисобига ўтган даврда тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўмдан зиёд маблағ қолди.

    Бундан ташқари, 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларга инфратузилма қилиб беришни ҳам давлат ўз зиммасига олган.

    Қорақалпоғистоннинг иккинчи устунлиги – ер ажратишнинг содда тизими жорий қилинган.

    Нукус шаҳрида 1 миллион доллар, қолган туманларда 300 минг доллар инвестиция киритиш шарти билан Вазирлар Кенгаши қарори асосида ер участкалари тўғридан-тўғри берилмоқда.

    Учинчиси. Қорақалпоғистон – бу Янги Ўзбекистоннинг дарвозаси. Чунки катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудуд айнан Қорақалпоғистон.

    Лекин, тадбиркорларимиз бу имкониятдан тўлиқ фойдаланмаётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, хом ашё “Довуд-ота” постидан олиб ўтилса, Сариёғочга нисбатан масофа 1 минг километрга, транспорт харажати эса 25 фоизга камаяди.

    Агар импорт хом-ашё Қорақалпоғистонни ўзида қайта ишланиб, тайёр маҳсулот қилиб, экспортга чиқариладиган бўлса, ташишдан иқтисод қилинган маблағ 2 карра ошади.

    Эртага республикамизнинг барча ҳудудларидан 300 га яқин энг кўзга кўринган тадбиркор ва инвесторлар Қорақалпоғистонда тўпланади.

    Бундан ташқари, хорижда бизнесини йўлга қўйган яна 40 дан зиёд ватандошларимиз келиб, Қорақалпоғистон шароити билан танишади. Ҳудудий студияларда мингдан ортиқ бизнес вакиллари иштирок этади.

    Ушбу тадбиркорлар билан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди. Мутасаддиларга бошқа ҳудудлардан келган тадбиркорлар билан ишлаб, ҳар бир туман кесимида “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

    Бу дастур Қорақалпоғистонда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматларни ривожлантириш учун янги нафас, камида 10 миллиард долларлик инвестиция ва 500 минг иш ўрни учун катта замин бўлади.

    “Кўриб турибсизлар, қорақалпоқ заминида яшаб, ишлаётган одамларнинг эртаси бугунидан яхши бўлиши учун катта марраларни олганмиз.

    Бунинг учун ҳамжиҳат бўлиб, олдимизда турган қийинчиликларни енгиб ўтиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз шарт ва зарур.

    Мақсадимиз битта – азалдан дўст-қардош, оға-ини, қуда-анда бўлиб яшаётган ўзбек ва қорақалпоқ оилаларининг тинч ва фаровон, бахтли ҳаётини таъминлаш.

    Қилаётган барча ишларимиз, келгусида амалга оширадиган улкан режа ва дастурларимиз замирида айни шу мақсад ётибди”, - деди давлатимиз раҳбари.

    Қорақалпоқ заминида эл-юрт учун ўзини аямасдан меҳнат қилишга бел боғлаган инсонлар, кўзи ёниб, келажакка талпиниб турган азму шижоатли ёшлар кўплиги, фақат уларнинг йўлини очиб бериш, эзгу ғоя, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.

    "Илгари ҳам айтганимдек, ўзбек ва қорақалпоқнинг тарихи ҳам, тақдири ҳам бир. Ва мен ишонаман, бизнинг ёруғ, бахтли келажагимиз ҳам албатта бир бўлади", - деди Президент сўзининг якунида.

    Йиғилишда мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди, Қорақалпоғистон жамоатчилиги билан очиқ мулоқот қилинди.

    No date selected
    август, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates