Изчил мулоқот самараси

    Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви анъанавий тусга киргани ишбилармонлик йўлидаги кўплаб муаммолар ечимига хизмат қилаётир. Бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга бўлаётган омил изчилликдир.

    Чунки хоҳлаймизми-йўқми, соҳа бир жойда депсиниб тургани йўқ. Дунёга интеграциялашув теран ва жадаллашгани сари ҳал этилиши зарур бўлган масалалар юзага қалқиб чиқаверади.

    Энг муҳими, жараён изчил давом этиб, муаммолар босқичма-босқич бартараф қилинмоқда. Бунинг учун соҳа қозонида қайнаётган одамлар билан учрашув олдидан мулоқотлар ўтказилиб, баъзи масалалар йўл-йўлакай ечимини топмоқда.

    2021 йил 20 августда Президентимизнинг тадбиркорлар билан илк очиқ мулоқотида қатнашганим ҳамон эсимда. Ўзим тиббиёт соҳаси вакили бўлсам-да, хусусий клиника раҳбари, аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган ишбилармон сифатида таклиф этилгандим. Бироқ сўзга чиқиб, таклиф айтиш имкони бўлмаган. Орадан бир йил ўтиб, 2022 йил 18 мартда давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида мана шундай шароит пайдо бўлди. Анжуманлар саройида мингдан ортиқ, ҳудудлардаги студияларда 20 мингга яқин тиббиёт ходими, аҳоли вакиллари иштирок этган учрашувда хусусий тиббиётни ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазаларимни билдирдим. Келгусида кўриб чиқиш учун таклифларимни айтдим. Шундай қилиб, уларнинг мақбуллари қонунчилик даражасида маъқулланиб, ҳаётга татбиқ этилди.

    Биринчиси, олий тиббий таълимдан кейинги таълим, яъни ординатурани хусусий клиникалар базасида очиш эди. Бу орқали ОТМларга тушадиган юкламани камайтириш баробарида хусусий клиникалар учун зарур малакали кадрлар тайёрлаш мумкин бўлади. Президентимизнинг тегишли қарори эълон қилингач, моддий-техник базаси муайян талабга жавоб берадиган хусусий клиникаларда клиник ординатура очилди. Жумладан, мен раҳбарлик қиладиган “Hayat” тиббиёт марказида ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган намунавий ўқув дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Кейинчалик унга замонавий мутахассислар ўрганиши керак бўлган бошқа зарур фанларни ҳам қўшдик. Бугун кардиология, неврология ва урология йўналишида машғулотлар ўтиляпти.

    Асосий эътибор амалиётга қаратилади. Бундан ташқари, номзодлар бепул таълим олиши учун махсус грантлар ажратилади. Ўқишни тамомлагач, улар клиникамизда ишлаши мумкин. Президентимизнинг мана шу қўллаб-қувватлови туфайли биз биратўла иккита муаммони ҳал қилдик: кадрлар тақчиллигини камайтириш ва малакали ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш.

    Иккинчи таклифимиз хусусий тиббиёт муассасаларига ер солиғи бўйича имтиёзлар беришга доир эди. Давлатимиз раҳбари буни ҳам инобатга олди. Шундай қилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари эгаллаб турган ер (туризм зонасида жойлашган санаторий-курорт муассасалари бундан мустасно) солиқ солинмайдиган ер участкалари рўйхатига киритилди. Мазкур чора соҳада қулай ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга катта туртки бўлмоқда. Чунки бошқа чакана кўчмас мулк объектларига қараганда клиника барпо этиш учун катта ер участкаси зарур.

    Масалан, самарали фаолият юритадиган кўп тармоқли клиника қуриш учун камида 1000 квадрат метр жой керак. Табиийки, бунча ер майдони учун тўланадиган солиқ суммаси ҳазилакам пул бўлмайди. Шунингдек, учрашувда хусусий тиббиёт соҳасига доир қатор масалалар ечимини топди.

    Биринчи: мамлакатимиз ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслардан даволаш муассасалари томонидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим бекор қилинди.

    Иккинчи: 2025 йил 1 январга қадар хорижий, юридик шахслар томонидан, шу жумладан, лизинг шартномалари бўйича олиб кириладиган янги тиббий техника, бутловчи қисмлар, тиббий техника учун эҳтиёт қисмлар ва сарф материаллари учун божхона имтиёзлари берилди.

    Учинчи: тиббиёт ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмлари ҳамда тиббий мақсадда ишлатиладиган сарфлаш материалларини 2025 йил 1 январга қадар мамлакатимиз ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғи олинмайди.

    Тўртинчи: 2022 йил 1 апрелдан юқори малакали ва малакали мутахассислар тоифасига кирмайдиган бошқа чет эл фуқароси бўлган шифокорларга юртимиз ҳудудида меҳнат фаолияти юритиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлик учун йиғим миқдори 6 баробар камайтирилди.

    Бешинчи: нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббиёт олий таълим муассасаларининг клиник базалари ташкил этилиб, уларда шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашга рухсат этилган.

    Олтинчи: “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан, хусусий тиббиёт муассасалари тиббий хизматларни реализация қилиш бўйича айланма солиқдан озод этилган.

    Бугунги тиббиёт тизимидаги энг катта ўзгаришлардан бири шуки, давлат шифохоналари билан бирга хусусий медицина ҳам ривожланмоқда. Ҳозир хусусий клиникалар деярли барча йўналишларда фаолият юритмоқда. Аҳолига аниқ ташхис қўйиш ва даволашда давлат шифохоналарига тушадиган юкламани камайтиришга кўмаклашмоқда.

    Давлат тиббиёт муассасалари ва хусусий клиникалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги муҳим масала маълумотларни рақамлаштириш билан боғлиқ. Бу жараён оилавий поликлиникаларда тўлиқ бажарилса, хусусий тиббиёт муассасалари билан маълумот алмашиш осонлашади. Қайта кўрик ва таҳлиллар анча камаяди. Одатда бемор ҳақидаги кўп тиббий маълумотлар фақат қоғозда, яъни анкета дафтарида мавжуд. У анкетани ўзи билан доим олиб юролмайди. Шу боис, бошқа шифохонага борса, соғлиғи ҳақида маълумот йиғишга вақт ва ортиқча пул кетади.

    Чет элда бу масала ID карта тизимини жорий этиш орқали ҳал қилинган. Бемор қайси шифохонага боришидан қатъи назар, ID картасини доим ўзи билан олиб юради. Унда шахсга доир маълумотлар, олган эмланмалари, йиллар давомида ўтказилган текширувлар натижаси, фуқаро чалинган касалликлар, қилинган муолажалар, муайян дориларга таъсирчанлиги — ҳаммаси электрон шаклда сақланади. Бизда эса бу маълумотлар оилавий поликлиника архивида туради.

    Табиийки, беморнинг қўлига берилмайди. Шунинг учун ҳам бемор бошқа муассасага борганда қийналади. Ҳамма текширувдан бошқатдан ўтиши керак. Бу эса тор ихтисосликдаги мутахассислар ишлайдиган муассасаларда тирбандликни оширади. Дейлик, тор ихтисосликдаги урология ёки кўз шифохонасига борса, поликлиника текширувларидан ўтиш учун беморнинг бир-икки кун вақти кетади. Ваҳоланки, керакли маълумотлар анкетасида мавжуд. Ўша анкета рақамлаштирилса, бу муаммо ечилади.

    Бемор борган барча тиббиёт муассасалари ID картага керакли маълумотларни киритиб қўяди. Масалан, рентген тасвирими, компьютер томографияси ёки лаборатория таҳлили натижасими — барчаси шунга киритилади. Табиийки, бу маълумотлар электрон базада доим кўриниб туради.

    Нуриддин НУРИТДИНОВ,

    “Hayat” клиникаси раҳбари,

    тиббиёт фанлари доктори

    No date selected
    август, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates