“Уйда барча тилларда” — “Van Alle Talen Thuis” лойиҳаси Нидерландияда 0-12 ёшдаги турли миллат вакилларидан ташкил топган ёш китобхонларни ўқишга қизиқтириш, одобга чақириш, қизиқарли, жозибали ҳикояларни қидириб топишни кўзда тутади. Эйндҳовен Нидерландиянинг турли миллат вакиллари истиқомат қиладиган йирик шаҳарларидан бири. 500 мингдан ортиқ аҳолиси мавжуд бу шаҳарда болажонлар ўз она тилларидаги китобларни уйларига олиб кетишлари ва оилалари билан ўқишлари мумкин.
Лойиҳа доирасида берилган тавсиялардан фойдаланган ҳолда ўзбек тилида нашр этилган болалар китоблари рўйхатини яратишим керак бўлди. Ҳар бир адабиёт учун кутубхонанинг компьютер тизимига киритилиши керак бўлган (муаллиф, ёш гуруҳи, нархи, китобларни Нидерландияга буюртма қилиш сайтларини топиш каби) маълумотларни тўлдиришга тўғри келди. Кичик ёшдаги болалар учун каттиқ муқовали, суратли, ўсмирлар ўқиши мумкин бўлган оддий матнли китоблар (баъзан расмлари билан) талаб этилди. Тавсияга кўра адабиётларнинг асл нусхаси ўзбек тилида сўзлашувчилар томонидан ёзилган юқори сифатли, замонавий китоблар (ёки абадий классиклар) бўлиши керак. Кўп тилли тўпламлар кутубхонанинг расмий қарашлари ва тўпламлар режасига мос келиши муҳим эди. Бу эса инклюзив ва турли миллатлар ўртасида боғланишни рағбатлантиришни кўзда тутади.
2024 йилнинг 5 сентябрь куни “Van Alle Talen Thuis” лойиҳаси доирасида экспертлар томонидан ҳар хил давлатлардан келтирилган китобларни кутубхонага топшириш тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа доирасида Эйндҳовен шаҳридаги кўплаб мактаб ва боғчаларга турли тиллардаги, жумладан, турк, поляк, сомали, хитой, рус, немис, француз, украин, инглиз ва ўзбек тилларидаги китоблар етказиб берилди. Тақдимотда экспертлар томонидан кўп миллатли Эйндҳовен шаҳрига ота-оналар учун ҳам ўз она тилларида китобларни келтириш таклифи билдирилди. Китоб ўқийдиган ота-она фарзандларига яхши ўрнак бўлиб, ўқишга бўлган муҳаббатини оширишга ёрдам беради.
“Ватандошлар” жамоат фондининг
Эйндҳовендаги волонтёри
Гулбаҳор Жалилова