Эзгуликка эш Эшонобод

    Уч авлод учрашуви ҳам катта шодиёнага айланиб кетди.

    Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги Эшонобод қишлоғида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилган уч авлод учрашуви, кўнгилларга ёруғлик, дилларга қувонч улашиб, эзгуликка йўғрилган ҳолда катта шодиёнага айланиб кетди.

    Давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий-маданий марказлар вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда туманга кўп йиллар меҳнати сингган нуронийлар, келажаги порлоқ ёшлар жам бўлган байрам тадбирида Қозоғистон, Қирғизистон, ­Тожикистон, Туркманистон ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчилари ҳам қатнашди. Эшонобод қишлоғининг қоқ марказида қозоқ, қирғиз, турк­ман, тожик, рус миллатларининг миллий ҳунармандлик буюмлари, қадимий тарихини акс эттирувчи кўргазмалар намойиши ташриф буюрганларга бирдай манзур бўлди.

    — Янги Ўзбекистоннинг келажаги, биринчи нав­батда, шу заминни ватан деб билган миллат ва элатларнинг дўстона муносабати ҳамда аҳиллигига боғлиқ. Мамнуният билан айтишим жоизки, истиқлолимизнинг 30 йиллиги мамлакатимиз учун ниҳоятда қутлуғ ва баракали келди, — деди тадбирни очган Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов. — Биз Президентимиз раҳбарлигида ҳар жабҳада асрларга татигулик ютуқларни қўлга киритдик ва дунёга юз тутдик. Жаҳон жамоатчилигининг юқори минбарларда туриб билдираётган фикрлари бунинг яққол эътирофидир. Юртимиздаги ўзгаришларни Тошкент вилояти мисолида ҳам кўриб турибмиз. Хусусан, ҳудудимизнинг энг кўҳна қишлоғи бўлмиш Эшонободда нишонланаётган байрам шодиёналари миллатлар­аро дўстлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

    Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган бундай маънавий-маърифий тадбирлар мамлакатимиз ҳаётининг гўзал қадриятларига айланиб улгурган.

    Тадбирда Республика миллий маданият марказлари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаати ўқиб эшиттирилди.

    Ўзаро қизғин суҳбат ва жонли мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, юртимизда яшаётган барча дин вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, меҳр-оқибат, инсон қадр-қимматининг нечоғли ардоқда экани ва уларнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга шарт-шароитлар яратиб бериш бугунги куннинг энг устувор вазифасига айлангани таъкидланди.

    — Биз Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг аҳил, иноқ яшаётганидан хурсандмиз. Эшонободликлар яратилган инфратузилмадан миннатдор экани уларнинг қувончдан порлаб турган ва миннатдорлик акс этган нигоҳларида ҳам аён бўлмоқда. Қишлоқ аҳолиси учун замонавий талабларга жавоб берадиган ва ҳеч қандай шаҳарникидан кам бўлмаган шароитлар яратилганини ўз кўзимиз билан кўриб, биргаликда қувондик, — дей­ди Тожикистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода.

    — Кундан-кун чирой очиб, ўзгариб, янада кўркам ва обод бўлиб бораётган гўзал Эшонобод қишлоғининг жамолини кўрганда буларнинг бари халқ учун, инсон манфаати учун эканини чин дилдан ҳис этаман. Тинч-осойишта, хотиржам ва мус­тақил юртда яшаётганлигимдан бахтиёрман, — ­дейди чинозлик 72 ёшли отахон Усмонали Умаров.

    — Тошкент вилоятида туғилиб ўсганман, — дейди Ўзбекистондаги Қирғиз маданий маркази раиси ўринбосари Абиба Юнусалиева.
    —­ Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган бундай учрашувлар ғоят аҳамиятли. Ёши улуғ фахрийларимизнинг насиҳатлари, тажрибалари ёш авлод учун ўзига хос дастуруламал бўлади, деб ўйлайман. Энг азиз, энг улуғ байрамимиз — мустақилликнинг 30 йиллиги билан Қирғиз миллий маданий маркази номидан барчани табриклайман. Халқларимизнинг тотувлиги, иноқлиги абадий бўлсин.

    Байрам чоғида янграган қўшиқлар, фольклор оҳанглари ва рақслар гулдастаси яқин қўшничилик, қон-қардошлик, урф-одат ва қадриятларимиздаги муштараклик ришталарининг нечоғли мустаҳкам эканини яна бир бор намоён этди.

    Эшонобод қишлоғида уч авлод учрашуви ­доирасида ноз-неъматларга тўла дастурхон атрофида бўлиб ўтган дилкаш суҳбатлар, самимий мулоқотлар нафақат мартабали меҳмонларга, балки кечада иштирок этган кексаю ёшнинг қалбига олам-олам қувонч бахш этди.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates