Фарғона вилоятида импорт камайиб, экспорт ўсмоқда

    Бизнес 28 июн 2023 1537

    2017–2022 йилларда вилоятда импортни оптималлаштириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга эътибор қаратилиши натижасида маҳаллийлаштириш лойиҳалари сони кескин ошди, сифати яхшиланди.

    Газ плитаси, кир ювиш машинаси ва воситалари, тиббий радиологик текширувлар учун рентген плёнка, велосипед эҳтиёт қисмлари, сув иситиш қозонлари, полиэфир тола, инновацион эшитиш мосламалари, меламин қатрони билан тўйинтирилган қоғоз, ўт ўчириш кукуни, шприц ва тиббий инфузион тизимлар, сунъий мўйна, косметика маҳсулотлари, электроскутер, юк машиналари учун валлар, саноат тишли ғилдираклар, дори-дармон воситалари...

    Фарғона вилоятидаги саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган бундай маҳсулотлар турини яна кўплаб санаш мумкин. Зеро, вилоятда бу йўналишдаги лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор бериляпти.

    Бундан беш-олти йил аввал ишлаб чиқариш ва аҳоли эҳтиёжи учун муҳим бўлган аксарият маҳсулотлар четдан катта маблағ ва ортиқча оворагачиликлар ҳисобига олиб келинган. Уларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш ҳақида гапириш хомхаёлдан бошқа нарса эмасдек кўринарди. Бугун эса уларнинг сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.

    2017–2022 йилларда вилоятда импортни оптималлаштириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга эътибор қаратилиши натижасида маҳаллийлаштириш лойиҳалари сони кескин ошди, сифати яхшиланди. Ўтган йилнинг ўзида бу йўналишда 144 та лойиҳа ишга туширилди. Бу 2017 йилга нисбатан 7 баробар кўп.

    2017 йилга қадар вилоятда маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ ишга туширилган лойиҳалар сони 9 та бўлиб, бор-йўғи 40 нафар аҳоли бандлиги таъминланган, холос. Ҳозирга келиб ишга туширилган янги лойиҳалар ҳисобига 1 триллион 303 миллиард сўмлик (2017 йилга нисбатан ўсиш қарийб 52 баробар) импорт ўрнини босувчи, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, 600 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Лойиҳаларнинг импорт ўрнини босиш самарадорлиги 117,9 миллион долларга етди, 41 та замонавий лойиҳа доирасида 14,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди, 68 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    — Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар туфайли соҳада имкониятлар кўлами янада кенгайди, — дейди Фаргона вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари буйича ёрдамчиси Акмалжон Пўлатов. — Жумладан, тадбиркорлик соҳасида талаб этиладиган 114 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилиниб, хабардор этиш тартиби жорий қилинди, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайди, текширувлар қисқартирилди, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга, ижтимоий солиқ ставкалари 25 фоиздан 12 фоизга туширилди. 3,5 минг турдаги товарлар учун импорт божи ва 1,1 минг турдаги товарлар учун акциз солиғи бекор қилинди, 3 мингдан зиёд турдаги товарлар учун импорт божлари камайтирилди. Инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш ва соҳаларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган янги лойиҳалар ҳам кўпайиб бормоқда. 2017 йилда 46 та лойиҳа доирасида 475,8 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилган бўлса, 2022 йилда 1121 та лойиҳага 5,9 триллион сўмга тенг маблағ йўналтирилди.

    Қўқон шаҳрида “Life Import” МЧЖ томонидан ишга туширилган лойиҳа доирасида 6,6 миллион дона шприц ва тиббий инфузион системалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Фарғона шаҳрида иш бошлаган “To Produce And Sell Construction Materials” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 4,1 миллиард сўмлик қийматдаги меламин қоғозлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мебелсозлик саноати учун муҳим бўлган хомашё шу кунга қадар катта сарф-харажатлар ҳисобига четдан олиб келинган. Маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати ва таннархининг арзонлиги билан эътиборни тортади.

    Бугунги келиб маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг вилоят саноатидаги улуши 4,3 фоиз, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 2,3 фоизни ташкил қилди. Саноат кооперация алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида маҳаллийлаштириш дастурига киритилган 24 та лойиҳада умумий қиймати 209,2 миллиард сўмлик халқ хўжалиги тармоқлари учун керакли бутловчи қисм ва материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    Фарғона шаҳридаги “Oil Filter Technologies” МЧЖ ҚК томонидан саноат фильтрлари, “Shturval” МЧЖда йирик саноат корхоналарида қўлланиладиган активлаштирилган кўмир, цеолит, силикагель, “Қўқон” ЭИЗда жойлашган “Imkon Plast Sez” МЧЖда пластмасса ва резина буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар учун полимер пластификатор хомашёси, “Best Design Wire And Cable” МЧЖда электротехника саноати учун турли электр узатгич ва кабеллар ишлаб чиқариш йўлида амалга оширилган лойиҳалар вилоят саноат салоҳияти жозибардорлигини ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

    Эндиликда саноат маҳсулотлари бозорининг барча қатламларидаги хўжалик юритувчи субъектларни мақсадли жалб қилиш, республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари тури, техник тавсифлари ва сифат кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот бериш мақсадида электрон кооперация портали фаолиятини ташкил қилиш ва мунтазам равишда саноат ярмаркалари ўтказиш каби устувор вазифалар ижроси устида иш олиб борилмоқда. Электрон кооперация порталида ҳозирга қадар вилоятда фаолият кўрсатаётган 7478 та ҳудудий саноат корхонасидан 6080 таси рўйхатдан ўтказилди, 5880 та корхонанинг 1532 турдаги маҳсулоти порталга жойлаштирилди.

    Тадбиркорлик субъектлари учун ҳамкорлар топиш, шу жумладан, узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишнинг муҳим воситаси сифатида хизмат қилаётган электрон кооперация портали орқали саноат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича хўжалик шартномаларини масофадан туриб тузиш имконияти ҳам тақдим қилинди. Ўтган йил якунига кўра, электрон портал доирасида вилоятдаги ҳудудий саноат корхоналари томонидан маҳсулот сотиш бўйича умумий қиймати 640,2 миллард сўмлик 4060 та шартнома расмийлаштирилди. Шунингдек, вилоятларда ўтказилган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаларида сooperation.uz электрон савдо платформаси орқали 426 та ҳамкорлик алоқси йўлга қўйилди.

    Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнини жадаллаштириш, қувватлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларининг кенгайтирилаётгани истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш имкониятини бермоқда.

    Фарғона вилоятида келгуси етти йилда бу йўналишда 231 та истиқболли лойиҳа амалга оширилади. Бунинг ҳисобига шу кунга қадар импорт қилинаётган ва талаб юқори бўлган 81 турдаги янги маҳсулот ўзлаштириш асносида 1070 нафар янги иш ўрни ва 70 миллион долларга тенг қўшимча экспортни амалга ошириш имконияти яратилади.

    Расулжон КАМОЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates