Фарғонада 4 киши “Fast-Food” дан заҳарланди

    Ҳолат бўйича Cанепидқўмита ходимлари томонидан санитария-эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилди.

    Қайд этилишича, Cанепидқўмита Фарғона вилояти бошқармаси Ўзбекистон тумани бўлимига 2024 йил 6 ноябрь куни соат 11:30ларда туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Юқумли касалликлар бўлимига 4 нафар беморни ошқозон-ичак фаолиятининг функциясини бузилиши ташхиси билан ётқизилганлиги юзасидан хабар берилган.

    Маълумотларга кўра, беморларнинг 2 нафари 2024 йил 5 ноябрь куни тушлик вақтида Ўзбекистон тумани “Яйпанбозорбош“ МФЙ, Ибн Сино кўчасида фаолият олиб бораётган “Fast-Food” маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчасида хот-дог маҳсулотини истеъмол қилганлиги, яна 2 нафар бемор эса ушбу туманнинг “Оқтепа“ МФЙ, “Туркистон“ кўчасида фаолият олиб бораётган “ОҚТEПА МИНИ ФООД“ номли “Fast-Food” маҳсулоти тайёрлаб, сотиш шохобчасида хот-дог маҳсулотини истеъмол қилганлиги маълум бўлди.

    Ҳозирда беморлар шифохонада шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, “Ошқозон-ичак фаолиятининг функциясини бузилиши“ ташхиси билан бўлимга ётқизилди. Беморларнинг умумий ҳолати қониқарли.

    Ушбу ҳолат Санепидқўмита мутахассислари томонидан тўлиқ назоратга олинган. Ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.