У шошиб гапирар, тоза, самимий ҳиссиётларини ифодалай олмаётганидан ўнғайсизланар, гапга йўқман-да, ука, деб бот-бот такрорлар, менга эса, очиғини айтганда, худди шундай муносабат маъқул эди. Чунки унинг ҳар гапидан, ҳар товушидан мен анчадан бери эсимдан чиқариб қўйган тупроқ иси, ҳадсиз осмон ранги, мен ҳеч қачон номини билолмайдиган қушлар сайроғи, умуман, ҳаммасини бир бутун қилиб йиғиш имкони бўлса-да, битта ном бериб бўлмайдиган хотирами, ёқимли алланарса ажралиб чиқарди. Бу илгари қулоқларим сира эшитмаган сабрнинг хотиржам овози эдими ёки сўзнинг тўртбурчак шаклига сиғишни истамаган матонатнинг чуқур тин олишимиди, билолмадим. Уни тинглаш асносида компьютердаги бугун унга доир чиққан ўнлаб мақолалар, янгиликларга ўғринча кўз югуртирдим:
“BBC 2024 йилги дунёнинг энг руҳлантирувчи ва катта таъсирга эга 100 аёли рўйхатини эълон қилди. Улар орасида Нобель мукофоти совриндори, зўравонликка қарши фаол, олимпиячилар ва деновлик тикувчи, тадбиркор Дилором Йўлдошева ҳам бор. 2022 йил ҳосил йиғими пайтида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида иккала оёғидан айрилган. Бироқ бу фожиа уни тушкунликка туширмади. У янги кўникмаларни ўрганиш ва ёш ўзбек аёлларига даромад топишда ёрдам беришни истади. Шу сабабли Дилором тикувчилик корхонасини очишга қарор қилди. Тадбиркорлик ва ресурсларни бошқариш асосларини ўрганиб, 40 дан ортиқ аёлга тикувчилик ҳунарини ўргатди. Бир неча ойда корхо-наси сезиларли даражада кенгайди. Йўлдошева ишчилар ва мактаб ўқувчилари учун форма тикиш бўйича шартномалар имзолади. Ўшандан буён унинг бизнеси нафақат ўзи, балки ўнлаб бошқа аёллар учун ҳам даромад манбаига айланди”.
Тасаввуримдаги Дилором опани йўқотиб қўймаслик учун фикримни бир жойга йиғишга уринаман. Мана у, тутлар соясида ҳашарчиларга сув олиб кетяпти. Туш вақти ўтиб кетаётган бўлса ҳам негадир шошмасди. Қани энди йўл янаям узоқроқ бўлса-ю, бу тупроқ кўчада кўпроқ юрсам деб ўйларди. Кўчадаги ўз юмушларию ташвишлари билан банд одамлар, орзу ва хаёлларини тепкилаб ўйнаб юрган болалар, дарвозалари олдида ҳаётнинг ёрқин хулосалари ва сабоқлари битилган саҳифалардай бужмайган афт-ангорлари, мусибату ҳасратдан букилган таналарини офтобда тоблаб ўтирган чолларга тўхтамасдан, бир қур назар ташлаб кетарди. У шошмасди, аммо оёқлари юришдан тўхташни истамасди.
— Беш сониядан кейин нима бўлишини ҳеч ким айтолмайди. Ўшанда одатдагидек юргандирман, балки бу мудҳиш ҳодиса содир бўлганидан кейин мен ўзим унинг таъсирини ошириб юбордимми, билмайман, аммо бошқачароқ юрганимни эслайман. Оёқ тортмаётганди эмас, нима десам экан, чанқоқ одам шошмасдан, дастлаб пиёлага қуйиб, оз-оздан ичмайди-ку, идиши билан кўтариб, қониб ичади. Худди шундай... ўша пайт кўпроқ юришни хоҳлагандекман, назаримда... Хуллас, туш вақти. Ҳашарчиларга сувни бериб, комбайнни ўчирманглар, овқатни еволинглар, ўрилганларини ўзим ташлаб тураман, дедим. Чанг юқмасин деб узун халат кийган эдим. Бир қучоқ олиб комбайнга ташладиму, ортимга бурилишим билан илинди-да ўлгур халат. Бир марта жон ҳолатда оёғимни тортганимни эслайман, шу билан кўзимни шифохонада очдим, — дейди Дилором Йўлдошева. — Кейин айтишдики, операция тўрт ярим соат давом этибди, бир оёғим қолган, лекин гангрена бўлиб кетмаслиги учун уни ҳам олиб ташлашган экан… Бу воқеани эсласам, юрагим зирқирайди, лекин нолимайман, Худога ширк келтирмайман. Сизгача ўнлаб одамга шу ҳодисани тағин бошдан ўтказгандек қилиб айтиб бердим, бугун куни бўйи сарфлашим керак бўлган руҳий қувватим тугади, чамамда.
Оёқларимдан ажралганимдан сўнг, қан-дай айтсам экан, тушкунликка тушдим десам, тўлиқ очиб беролмаган бўламан. Оғир кечди, ниҳоятда оғир… Ярим тунда, меҳрибон овсинимнинг кўзи илинган пайти ҳаммасига қўл силтаб, кетвораман деб туришга чоғланаман-у, оёқларим энди йўқлиги эсимга тушиб қолади… Дастлаб қайси деворга бошингизни уришни билмай гангиб қоласиз, кейин жазавангиз пасаяди, ўрнини туманли, этни жунжиктирувчи салқин кайфият эгаллаб олади — у жазавадан баттар. Ҳар кеч таъқиб этади, таслим бўлишга чорлайди…
Суҳбатдошимнинг ҳолати аста-секинлик билан менга кўчар экан, унинг хўрсиниғи мен ҳис қила оладиган, кўра оладиган тасвирларда намоён бўла бошлайди: йўл дала узра олтин калавадек чўзилган — ҳаво дим, теварак жизғанак бўлиб куйиб ётарди, юлдузлар лип-лип этиб сўнарди — ҳаводан куйинди ҳиди келар, қоқ ўртасидан ёлғизоёқ йўл кесиб ўтган дала тутаб ётарди. Йўлда ялангоёқ кетаётган барваста гавдали одам тутуннинг аччиғидан ўпкаси узилаётгандек тез-тез йўталарди. Унинг икки қўлида ваҳмкор халат тебраниб борар, зарҳал тугмалари сўнаётган юлдуз шуъласида ярқираб кетарди. Халатда кимдир жим, ҳатто озгина жилмайиш билан атрофни томоша қилиб борарди — у Дилором эди. Кеч тушганига анча бўлганига қарамай, тупроқ иссиқ, барваста одам ҳансираб-ҳансираб, базўр кетиб борар — у йиғларди...
— Таъсирчан бўлиб қолгандим. Ҳар нарса кўнглимга оғир ботадиган пайтлар эди. Шифохонадан чиқиб, уйга келганман, ҳеч ишга ҳафсала йўқ, шифтга тикилиб ётаман — ўйлайман, ўйлаганим сари ичим қоронғига тўйинаётганини ҳис қиламан. Орада менга маҳалладанми ёки туманданми келиб, бирга расмга тушиб, аравача совға қилиб кетишди. Оёқларим қайтиб келгандек хурсанд эдим. Энди озгина қийналиб бўлса-да, ўзим ҳаракатлана оламан, ҳовлини, ҳавони мириқиб томоша қилоламан, дегандим. Аммо ўн-ўн беш кун ўтар-ўтмас, яна ёшроқ кимдир келди-да, аслида, маҳалла тепароғидаги момога эди бу аравача, сизга адашиб бериб юборишган, хафа бўлманг, олиб кетмасам бўлмайди, деди. Иккинчи бор оёқлардан ажралгандек оғриқ ҳис қилдим. Тағин сиқилиб қолдим.
Дилором опанинг барча гапларини аниқ-тиниқ эшитяпман-у, хаёлим мен идора эта олмайдиган қудрат билан кулранг бўёқларда опанинг ҳорғин кайфиятидан хона тиклар, уни шу хона ичига қамар, то бардош етишига ишонч ҳосил қилгун-га қадар шарпа билан ёлғиз қолдирарди. Шарпа эса бу узлат ва осойишталикдан қувиб чиқармоқчидай эди. Бу маккор туш-кунликнинг хизматкори ҳар сафар хонасида ваҳима чироғини ёққанда шарпа яна ҳам ваҳший, ҳайбатли, бетакрор қўрқув манбаи бўлиб туюлар, Дилором эса уни хонадан ҳайдаб чиқариш учун уринар-ди. Уни кўрганлар нега бунчалар озиб кетдинг, дея сўрар, бироқ уларга шарпа ҳақида ҳеч нарса дея олмасди, аммо рост-дан ҳам гўё қуриб-қовжирашга юз тутган дарахтдек кунма-кун озиб-тўзиб борар, фикри пароканда, ичи бўшаб қолган, у ер-даги бўшлиқни шарпа ваҳимасию васваса-си тўлдирганди…
— Йўқ, яқинларимни эзадиган қарор қабул қилмадим, умуман, бу нарса ҳақида ўйламаганман ҳам. Бунга ҳаққим йўқ эди. Фарзандларим, эрим, мен учун ку йиб-пишаётганлар ҳурмати таслим бўлгим келмади, — дейди деновлик тикувчи. — Менимча, ҳаёт учун кураш одамда яшашга қизиқишни қайтадан уйғотади. Қизиқиш эса милтиллаб турган умидни лов-лов ёнувчи ишончга айлантириб беради. Хул-лас, ўтган иш учун афсусланишни бас қилиб, амалга ошадиган режаларни пи-шита бошладим: дастлаб маҳалладан, улар барака топишсин, тикув машинаси сўра-дим, бир оғиз йўқ демади, беришди. Ишга шу даражада шўнғиб кетдимки, айнан иш мени тушкунлик тўрига хўрак бўлиб қол-маслик учун эрмак, улкан баҳона бўлди. Ундан сўнг субcидия асосида замонавий тикув машинасини кредитга олиб, ёни-га қўшдим. Нима тикишимга келадиган бўлсак, қавилган, пахтали чопонлар, ке-лин кўйлаклар, болалар кийимчалари, хуллас, қўлимдан келган ҳамма нарсани тикиб кўраман, ишимдан завқ оламан… Ҳа, айтганча, айтиш эсимдан чиқибди, бу орада менга ўзи юрадиган аравача совға қилишди. Раҳбарларга, энг қуйи ўриндан то давлатимиз раҳбаригача, мингдан-минг раҳмат айтиб қоламан. Мулозамат эмас бу. Бошқа жойлар ҳақида тўлиқ тушунчага эгамасдирман, аммо ишонаман — биздаги беминнат кўмак, ўзбекона меҳр-мурувват бошқа ерда топилмайди. Одам тафтини одам олади, деган оддий гапнинг ҳик-матини шу ҳолимда жуда чуқур англаб етдим, борига шукр қилиб, жавлон уриб меҳнат қилишда давом этдим. Қарашла-римни ижобий томонга ўзгартиришим би-лан ишим ўнгидан кела бошлади, уйимга барака қайтди, хотиржамликни ҳис қила бошладим ва бир нарсани тушундим: сиз қандай муносабатда бўлишингизга қа-раб, юз беражак ҳодисага ҳикматли ёки мудҳиш сифат қўйилар экан. Агар кўн-гилни кенг қилиб, эътиқодни мустаҳкам тутсангиз, ўхшамаган юмушдан ҳам яхши нимадир келаверишига ишондим. Ҳатто мен танимайдиган одамлар неча йиллардан бери ҳаж зиёрати учун йиққан пулини шу ёш келинга протез оёқ олиб берайлик, савоби ҳажникидан кам бщлмас деб олдимга таклиф билан келганда йилаб юборганман.
Яхши одамлар атрофимда кўп эканидан қувонганман, чунки улардан ҳар тонг қув-ват оламан — бу қувват ўрнини ҳеч нарса босолмайди
Мана, икки йил ўтди. Бугун шогирд қизларим бор, кичкина бўлса-да, тад-биркорлик иш ўрни яратишга ҳаракат қилдим. Шу ишни бошлаётганимда, даромадни эмас, фақат бир нарсани — чекка қишлоқдаги бошқа аёллар, қизлар бийдек далада кетмон чопмасин, жази-рамада фалон сўм топаман деб соғлиғи-ни йўқотмасин, ҳам салқин, ҳам қўл кир бўлмайдиган жойларда ишласин, улар ҳам бир кун менинг аҳволимга тушиб қолмасин деб ич-ичимдан хоҳлаганман. Амаллар ниятга боғлиқ. Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтдим, якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошладим, субсидиядан фойдаланиб, тикувчилик учун хонани таъмирлаб иш бошладим. Натижасини мен айтмасам ҳам интернет ёки газетадан ўқиб билган бўлсангиз керак.
Тўғриси, BBCдаги рўйхатдан жой ол-ган Дилоромдан кўра мени бугунги сабр қилишга ўрганган, ҳар нега қаноат қила оладиган, эътиқоди ва ишончини мус-таҳкам тута биладиган, наинки эртанги, балки бугунги кун учун ҳам умид топа оладиган, айни дамда бахтли Дилором кўпроқ қувонтиради.
Бахтли Дилором… Аёл тағин тасавву-римда, фақат бу сафар ёш қизалоқ кўри-нишида жонланади. Шарпани ҳайдаш учун у олис болалигидан бери ҳалигача тарк этмаган одатига кўра, деворга ул-кан қушнинг суратини чиза бошлайди. У бу сурат билан ўзининг ҳали тирик-лигини ва яшаётганини, ўзини ҳали ҳам ҳайрат ва шавқ тарк этмаганини шарпага кўрсатиб қўймоқчи эди. Чизиб бўлгунча улкан тошга улкан қуш аксини ўйиб сол ган ҳайкалтарошдек ҳориб қолди. Лекин бу ҳорғинлик лаззатли ва фароғатли эди.
Қушнинг қанотлари парвоздагидай кенг ёйилган, кўзларида қатъият ва жасорат акс этарди, у шу учишида бутун Ер юзини кўтариб учадиган шаҳди бор эди гўё, уни парвоз ва эркидан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмас, у ҳамма нарсадан юксак ва баланд эди. Уни ҳеч ким Ер юзига тортиб туширолмас, эркидан айро қилолмасди, ёш қизалоқ — Дилором қушга қўшилиб, осмонларда учиб юрарди. Юксакликда унга ҳеч ким дахл қилолмас, ваҳм, қўрқув, турмуш ташвишлари — ҳаммаси пастда қолиб кетган, у ўз орзуларининг қушига айланиб қолганидан бахтиёр эди…
Азиз БАХТИЁР,
журналист