Сўз эркинлиги хусусида уч оғиз эркин сўз

    Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ўрта авлод вакилларини бирдек “думалатадиган” Ҳожибойнинг ҳазилларига бугунги ёшлар ҳатто мийиғида ҳам кулиб қўймайди.

    Охирги олти-етти йиллик ислоҳотлар натижасини хомчўт қилиб кўрсак, чиндан янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ҳар бир кун биз учун авваллари хаёлимизга ҳам келмаган имконият ва истиқболларни яратиб берди, яратишда давом этмоқда.

    Бу гап қуруқ сифатлардан иборат эмаслиги, самараси аллақачон кўрина бошлаганини биргина ҳаётий мисол билан тушунтирсам: ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ўрта авлод вакилларини бирдек “думалатадиган” Ҳожибойнинг ҳазилларига бугунги ёшлар ҳатто мийиғида ҳам кулиб қўймайди.

    Нега? Боиси, Ҳожибой Тожибоев томонидан ўз даврида “қоғозга ўраб” айтилган кўплаб ижтимоий муаммолар айни дамда ҳал этилгани учун ошкор этишнинг имкони бўлса-да, уни танқид қилиш зарурати қолмаган.

    Ҳа, ўша пайти халқни кулдирган асосий мавзу, аслида, халқнинг ўзи ҳис қилган оғриқ эди. Бугун эса қизиқчи кўтарган мавзуларнинг барчаси, дейлик, пахтага чиқиб мажбурий меҳнат қиладиган ўқувчи ва ўқитувчилар, ўзбошимча тракторчилар, спорт ва таълимдаги таниш-билишчилик, кўзбўямачилик, тор доира учунгина амалда бўлган сўз эркинлиги ва бош қа кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Табиийки, ундан кейин туғилиб вояга етган авлод ўз ҳуқуқи, ўз эркини талаб қилолмай, этагини олиб қор қоплаган пахта эгатига кириб кетишни тасаввурига ҳам сиғдиролмагани учун қизиқчининг ҳазилларига мириқиб кулолмайди. Бундан кейин ҳам кулолмасин, ахир мақсадимиз шу эди-ку — кечаги яралар битиб, чандиғи кўринмай кетсин.

    Бош қонун даражасидаги талаб

    Муайян жамият йиллар давомида сўз эркинлиги, фикр эркинлиги, инсон фаровонлигига эга бўлиб яшаса, кейинчалик мана шу эркинликларсиз ҳаётини тасаввур қила олмайдиган бутун бошли авлод пайдо бўлади.

    Сўз ва амалнинг бирлиги ҳам инсонийликнинг ажралмас таркибий қисмидир. Кеча сўзнинг ҳаддан зиёд жозибадорлиги ҳамда амалнинг йўқлиги, сўз ва амал орасидаги юҳодай ҳувиллаб ётган дашт замонамизнинг катта фожиаси эди, бугун шу даштни гулистонга айлантиришга бел боғлаганмиз.

    Кеча эркин матбуотнинг номигина қолиб, ҳар бир соҳа бўйича алоҳида муқобил ахборот пайдо бўлганди. Бу ахборот холис инсонлар томонидан қилинмади, натижада у ёки бу янгиликнинг берилишидан манфаатдор қатлам бу ишни ўз зиммасига олди. Ушбу ёлғон ҳисоботлар шаклида ҳам, жойлардаги раҳбарларнинг “чўнтак журналистлари” ёрдамида ҳам амалга оширилди. Кўзбўямачилик, йўқ ютуқларни кўрсатишга уриниш, айбларни хаспўшлаш авж олди. “Юқоридагилар” олдида топшириқлар бажарилаётгани, халқнинг рози экани ҳақида турли иллюзиялар пайдо бўлди. Қарорлар ва қонунлар чиқаришда халқнинг кайфияти, истаклари, эҳтиёжлари акс этмаслик ҳолатлари кўпайди. Ўз навбатида, халқ ҳам юқорида ўз истаклари, эҳтиёжларини кўрмагач, ўртада катта жарлик ҳосил бўлди. Раҳбарлар халқ олдидаги масъулиятини унутганидек, одамлар ҳам давлат олдидаги масъулиятни унута бошлаган эди.

    Бугун-чи? Бугун чуқур суриштирувлар олиб бораётган журналистлар фаолиятига кимдир қасддан аралашса, жавобгарликка сабаб бўлувчи Конституция даражасидаги талабни қабул қилмай иложи йўқ. Бугунги сўз эркинлигини ким яратди, давлатми ёки халқ? Менимча, биргаликда яратилди. Жамият шу нарсасиз яшаб бўлмаслигини, сўз ва матбуот эркин бўлмаса, турмуш тарзимиз сира яхшиланмаслигини ҳис қилиб, сўз эркинлигига эҳтиёж сезди.

    Сўз эркинлиги, танлов ҳуқуқи ҳам бир масъулият эканини тушунди. Инсоннинг у ёки бу гапни гапириш, у ёки бу фикрдан бирини танлаш имкониятига эга бўлиши унда масъулият туйғусини пайдо қилади. Айнан масъулият бор жойда янги ғоялар туғилади, турғунлик кайфиятидан чиқиб кетилади.

    Сўз эркинлиги фикр эркинлигидан бошланади

    Давлат деб аталувчи ижтимоий ва сиёсий ҳодиса одам табиати ҳамда материя билан туташиб кетган сиёсий институт эканини инобатга олсак, зўравонликка асосланган эскича маъмурий буйруқбозлик тизими қолдиқлари ниҳоят барҳам топиш арафасида турибди, кўппартиявийлик, ғоя ва фикрлар хилма-хиллиги одатий ҳолга айланиб бормоқда.

    Аввалги таҳриридан фарқли ўлароқ, Конституциямизнинг янгиланган кўриниши асосий ғояси ҳам шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини, инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлашга қаратилди.

    Шунинг ўзи инсон қадрига ҳурмат ифодаси бўлди. Шунинг ўзи мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаёт, фундаментал ҳуқуқ ҳамда эркинликлар, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини англатди.

    Масалан, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Шунингдек, ёзишмалар, телефон сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа маълумотлар сир сақланиши, шахсга доир маълумотлар ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳам Конституция даражасида белгилаб қўйилди.

    Эътиборлиси, шахснинг ўзи ҳақида нотўғри тўпланган маълумотларнинг тузатилиши ёки қонунга хилоф равишда тўпланган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб этиш ҳуқуқи ҳам ўз ифодасини топди.

    Сабаби, ахборий муҳитнинг ривожланиши ва у ҳаётимизни тобора кенгроқ ўраб олиши билан шахсга доир маълумотларнинг ҳам оммага сиздирилиши, ошкор бўлиши эҳтимоли кучайди. Конституция эса инсонларни ана шундай шахсий ҳаётга тажовуздан ҳимоя қилади.

    Бош қонунимизга ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эгалиги белгиланиши билан бирга давлат интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароит яратиши алоҳида банд сифатида киритилди. Бунда ахборотни чеклаш фақат қонунга мувофиқ амалга оширилиши демократик норма сифатида белгиланган.

    Ахборот воситалари орқали хабарлар тарқатиш ва қабул қилиш ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Бугун интернет нашрлар гуркираб бораётган бир даврда ОАВ ривожи ва ҳаётий ислоҳотлар билан янги нормаларга эҳтиёж пайдо бўлди.

    Янги таҳрирдаги Конституцияда ОАВ эркинлиги ва улар қонунга мувофиқ ишлаши ҳамда цензурага йўл қўйилмаслиги ҳақидаги мавжуд нормага қўшимча банд сифатида аниқ қилиб давлат оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди деб белгилангани демократик тамойиллар кучайганини кўрсатди.

    Очиғини айтганда, ОАВ фаолиятига айрим аралашув ва тўсқинлик қилишлар ҳам юз берди. Шулардан келиб чиқиб, таклифлар асосида Конституцияда цензурага йўл қўйилмаслиги билан бирга оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамлаб қўйилди. Конституциянинг аввалги таҳририда ҳам цензурага йўл қўйилмаслиги бўйича модда бор эди. Аммо ҳар доим ҳам амалдаги исботини кўрмагандик.

    Қонуний асослар, ҳуқуқий кафолатлар етишмаган ёки амал қилмаган жойда сўз қудратга эга бўлмай қолади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, соҳа вакиллари учун сўзнинг қонуний асослари муҳимроқ. Янги таҳрирдаги Конституцияда ана шу ҳолат билан боғлиқ вазиятларда жавобгарлик қатъий белгиланганининг боиси ҳам шунда. Яъни цензурага йўл қўйилмаслиги талаби қонуний назоратга олинсагина, журналистлар чин маънода эмин-эркин ишлайди.

    Сиёсий фазилат

    Сўз эркинлигига чегара керакми? Бу саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин: сўз эркинлиги тақдим этадиган чегара макони шунчалик кенгки, аллақандай улкан иш қилиш учун ундан чиқишингиз шарт эмас, унга эҳтиёж сезмайсиз. Аммо чегаралар адолатли ўрнатилмаса, сўз эркинлиги бошқа қадриятлар билан тўқнашганда мақоми мужмал белгиланса, у ўзига қарши ишлай бошлайди — эркинлик қадрияти йўқолади.

    Эркинлик қадрияти йўқолса, мойил қалблар шуҳратпарастликка тўлади ва ҳамма таъмагирликни юқтиради. Истак предметлари ўзгаради: илгари севганларини энди севмай қолишади. Илгари қонунларга кўра эркинлик бор эди, энди эса ноқонуний эркинликни исташади. Қоида бўлган нарса энди қаттиққўллик бўлиб туюла бошлайди, интизом бўлган нарса чекловга айланади, эҳтиёткорликни қўрқоқлик, мўътадилликни очкўзлик деб аташади. Шу сабабдан бизга сиёсий тарбия, фазилат керак.

    Ҳеч бир бошқарув шакли республика бошқаруви каби тарбия кўмагига эҳтиёж сезмайди. Деспотик давлатларнинг принципи бўлмиш қўрқув таҳдид ва жазолар таъсирида ўз-ўзидан туғилаверади, монархиялардаги шараф инсоннинг лаҳзалик кечинмаларида ўз ифодасини топади ва бир вақтнинг ўзида шараф инсонларнинг таянчи бўлиб ҳам хизмат қилади. Лекин биз каби демократик давлатларда сиёсий фазилат муҳим. Сиёсий фазилат фидойилик, жонбозликдир ва бу фазилатни тарбиялаш доим қийин кечган.

    Жамият манфаатини шахсий ҳаётдан мудом устун қўйишни талаб қиладиган бу муҳаббат барча хусусий фазилатлар асосида ётади ва у биз ўйлагандан анча аъло фазилатдир.

    Хоҳ у журналист бўлсин, хоҳ муаллим, фидойилик, ҳақ-ҳуқуқидан хабардор, сиёсий, ижтимоий, ахборий саводхон бўлса, бу биз ва биз каби давлатларда алоҳида куч касб этади. Фақат мана шундай одамлар, мана шундай жамият билан ҳар нени ўзгартириш мумкин. Шундагина давлат бошқаруви ҳар бир фуқарога ишониб топширилади.

    Қонунларни сақлаб қолиш учун уларга муҳаббатли бўлиш керак. Биз ҳеч қачон монархияни севмайдиган ҳукмдор ёки деспотизмни ёмон кўрадиган деспот ҳақида эшитмаганмиз. Бинобарин, демократияга асосланган мамлакатимизда демократияга муҳаббатни қарор топтириш лозим, айнан шу тарбия билан барча инсонлар эмланиши керак.

    Файласуф ва ҳуқуқшунос Шарль Монтескье айтмоқчи, болаларга ватанга муҳаббат туйғусини сингдиришнинг энг тўғри йўли ватан муҳаббатининг оталарда бўлишидир.

    Азизбек ЮСУПОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates