Президентимизнинг жорий йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан уч томонлама учрашуви тарихий воқеадир. Мазкур учрашув жадаллик билан ривожланаётган дунёда уч давлат ўз бирдамлиги ва биродарлигини кўрсата олгани билан муҳим аҳамият касб этди.
Уч давлат туташган чегарада Дўстлик стеласи очилгани Марказий Осиё халқларининг замонлар оша биродар бўлиб келаётганининг юксак намунаси бўлди. Муқаддас ва табаррук кунларда бундай хайрли ишга қўл урилгани мамлакатлараро тотувликни таъминлашда, бир тану бир жон бўлиб, ҳамкорликни давом эттириш лозимлигини намоён қилувчи омилдир.
Президентимиз уч давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланиши ечимини кутаётган масалаларни узил-кесил ҳал этиш, барқарор ва изчил тараққиётни таъминлашда катта роль ўйнашини, бу бутун минтақанинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган тарихий воқеа эканини билдирди. Бундан буён чегаралар биродарлик чизиқлари, янги имкониятлар, бунёдкорлик ва ҳамкорлик маконига айланишини таъкидлади. Эндиликда Марказий Осиё халқларининг бирликда катта куч бўлиб ҳаракат қилиши давлатлар тараққиёти учун муҳим эканига урғу берди.
Шунингдек, учрашувда Президентимиз бундан кейин бажариладиган ишлар ва томонларнинг биргаликдаги ҳаракатлари тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилди. Жумладан, чегарадош ҳудудлар ҳамкорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилиб, чегаралардаги божхона пунктларини комплекс модернизация қилиш ва кенгайтириш, замонавий савдо ва логистика инфратузилмасини шакллантириш, уч томонлама савдо майдончаси ташкил этиб, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг доимий фаолият кўрсатадиган кўргазма-ярмаркасини йўлга қўйиш белгиланди. Мамлакатлар ўртасида савдо-сотиқ, туризм соҳасида транспорт алоқаларини ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттириш, авиақатновлар сонини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш, чегараолди ҳудудлардаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишлари очиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Глобал бўлиб турган «яшил» энергетика ва транспорт соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳалар, сув ва экология дастурларини ривожлантириш муҳим масалалардан эканига урғу берилиб, иқтисодий йўналишда янада фаол ишлаш, халқлар фаровонлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар даражасини ошириш лозимлиги айтилди.
Мазкур тарихий воқеа муштарак мақсад остида бирлашган халқларимиз ўртасидаги тарихий, маданий ва сиёсий алоқалар мустаҳкамланишининг амалий кўринишидир. Яқин қўшничилик ва стратегик шериклик, барқарор ривожланиш ва тараққиётни назарда тутадиган ишлар халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларда ҳам яққол кўзга ташланади.
Тарихий учрашув доирасида уч мамлакат маданият ва санъат усталари концерти ўтказилди. Давлатимиз раҳбари бу дастур ҳам маданиятларимизнинг бойлиги, ранг-баранглиги ва муштараклигини яна бир бор намойиш этганини таъкидлади.
Президентимиз ҳар йили Наврўз байрами кунларида чегараолди ҳудудларда қўшма концерт ва дўстлик фестиваллари ўтказиш таклифи билан чиқди, шунингдек, кейинги йили мазкур тадбирни сўлим Фарғонада ташкил қилиш таклифини берди.
Инсоният учун тарих ҳар доим энг катта ҳаёт сабоғини бериб келган. Ўз тарихини унутмаган халқнинг келажаги ҳам порлоқ бўлади. Учрашувнинг муҳим нуқтаси бўлган Хўжанд қалъасига ташриф уч мамлакат раҳбарларида илиқ таассурот қолдирди. Тарихи милоддан аввалги ИВ-В асрларга бориб тақаладиган қалъада таъмирлаш ишларидан кейин унинг деворлари, арк ва дарвозалари қайта тиклангани, 28 мингдан ортиқ экспонати мавжуд бўлган ўлкашунослик музейи очилгани тожик халқининг ўз тарихига, тарихий масканларига доимо ҳурматда эканини намоён қилади.
Давлат раҳбарлари ташриф доирасида уч мамлакат ҳунармандлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва миллий таомлари кўргазмасини томоша қилди. Албатта, халқларимизнинг дини, тақдирию тарихи уларни ўзаро бирлаштириб турувчи нуқта бўлиб хизмат қилади, қолаверса, санъатимизнинг яқинлиги унинг инсонларни бирлаштириш, ҳамжиҳат бўлиб яшашларига кўмаклашади.
Президентимиз Тожикистонга ташрифи давомида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги муҳим стратегик алоқаларни муҳокама қилди. Улардан энг муҳими яқин кунларда икки мамлакат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида шартноманинг имзоланиши ҳақидаги қувончли хабардир. «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини жадаллаштириш муҳим экани, ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш ҳар қачонгидан кўра зарур ишлардан саналиши айтилди. Кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари изчил кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётгани халқларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишида катта ҳисса қўшиши таъкидланди. Эндиликда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган муносабатларнинг барча йўналишларида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш лозимлиги икки мамлакат тараққиёти учун зарурлиги айтиб ўтилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома кучга кирди. Таъкидлаш керакки, биргина 2024 йилда 700 миллион доллардан ошган товар айирбошлаш ҳажми саноат, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилиб келинаётганини намойиш этмоқда. Бу каби ҳамкорлик бутун Марказий Осиё учун манфаатли бўлади. Учрашувда таъкидланганидек, «Энди бу гўзал заминни бугунги ва келажак авлодлар муносиб ва бахтли яшаши учун биргаликда обод қилиш бизнинг бурчимиздир».
Янги Ўзбекистон бугунги кунда нафақат ўз заминида, балки минтақамиздаги яхши қўшничилик муносабатларида халқларнинг фаровонлиги, барқарор тинчлиги, ҳамжиҳатликда яшаши учун илдам қадам ташлашда давом этади. Зеро, тинчлик ва тотувлик, бирдамлик бор жойда юксалиш, тараққиёт ва ривожланиш бўлади.
Баҳодир МАЪМУРОВ,
педагогика фанлари доктори,
профессор









