Феруза Эшматова Татаристон Омбудсмани билан учрашди

    Сайлов 26 октябр 2021 535

    Жорий йил 26 октябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова мамлакатимизга кузатувчи сифатида ташриф буюрган Татаристон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сабурская Сария Харисовна билан учрашди.

    Ўзаро мулоқот давомида 24 октябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчиларга яратилган шароитлар ва сайловчиларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлашдаги Омбудсманнинг ўрни борасида ўзаро фикр алмашилди.

    Таъкидланишича, ўтган сайловда ногиронлиги бўлган шахсларга овоз беришлари учун зарур қўшимча шароитларни яратиш бўйича Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда қатор мониторинглар ўтказилиб, сайлов участкалари аъзоларига тавсиялар берилгани қайд этилди.

    Шунингдек, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган маҳбус ва маҳкумлар ўз ҳуқуқидан ҳеч қандай монеъликларсиз фойдалана олишлари учун жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этилган сайлов участкалари ҳам ўрганилган.

    Ўз ўрнида сайлов жараёнларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Татаристон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сария Сабурская сайлов якунлари бўйича ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолатларини кузатмагани, сайлов жараёнлари очиқ ва шаффоф ҳамда карантин талабларига мувофиқ ўтказилганини қайд этди.

    Бу менинг юртингизга биринчи ташрифим ва унда Ўзбекистонни ўзим учун кашф қилдим. Унинг маданияти, бой тарихи, меҳмондўстлиги мени ўзига жалб этди. Сизнинг мамлакатингизда барча шарт-шароитлар инсон учун, кўплаб турар-жой мажмуалари, кўчалар, болалар майдончалари ва дам олиш масканларини кўрдим. Қолаверса, мамлакатингизда кенг кўламда қурилиш ишлари кетяпти. Буларнинг барчасига Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлганимизда гувоҳ бўлдим.

    Мен кўздан кечирган сайлов участкаларининг барчасида ҳамма шароитларнинг яратилганига гувоҳ бўлдим. Сайлов участкаларининг ҳар бир аъзоси сайловчиларга нисбатан илиқ ва очиқ муносабатда эканликлари уларнинг юзларидан сезилиб турибди. Мени қувонтирган жиҳатлардан яна бири, сайловда ёшларнинг кенг иштироки бўлди. Демак ёшлар юртнинг келажаги ва тақдирига бефарқ эмас.

    Шунингдек, сайлов участкасига келганлар билан бир қаторда бетоб бўлиб қолганлар учун ҳам кўчма сайлов қутилари хизмати кўрсатилиши, ногиронлиги бўлган шахсларга муайян шароитлар яратилгани, электрон сайловчилар рўйхатининг мавжудлиги, сайлов бўйича мобил телефонларга СМС хабарлари келиб тургани ҳамда сайлов жараёнларини ОАВда кенг ва очиқ ёритилганини кузатдим.

    Қолаверса, бугун биз пандемиянинг оғир даврида яшаяпмиз. Бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларининг кўп қисми вирусга қарши эмлангани - бу хавфсизлик шароитларини яратишга ҳожат йўқ дегани эмас. Сайлов участкаларида бу жиҳат ҳам эътиборга олиниб, улар ҳароратни ўлчаш учун термометр, ҳимоя ниқоби, бир марталик тиббий қўлқоп ҳамда ҳимоя ва профилактика воситалари билан таъминланган эди. Шунингдек, сайловчилар масофа сақлаган ҳолда участкага киритилди.

    Шунингдек, Омбудсманлар мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, гендер тенглигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароитлар яратиш ва фуқаролар билан ишлашда Вакил томонидан йўлга қўйилаётган янги механизмлар борасида ўзаро фикр алмашишди.

    Учрашув давомида Татаристон Омбудсмани Феруза Эшматовага у томонидан юборилаётган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиб, ҳал этилаётгани бўйича ўз миннатдорлигини билдирди ва келгусида ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашишга тайёр эканлигини билдирди.

    Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates