Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги юқорида айтиб ўтилган шахсларнинг ФВВ фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, шу билан бирга, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслигини маълум қилди.
"Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ҳозирда юртимизнинг турли ҳудудларида фавқулодда вазиятлар, ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Уларнинг низомларида ҳам фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш юзасидан аҳолига хизмат кўрсатиш вазифалари белгиланган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сизлардан бу борада қуйидагиларга эътибор қаратишингизни сўрайди:
- хонадонингизга келиб, ўзини ФВВнинг қуйи тизимларига ўхшаш ташкилотлар номлари билан таништирган шахслардан, биринчи навбатда, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишини сўранг;
- уларнинг фаолият тури ҳамда қандай хизматлар кўрсатиши ва ишларни бажаришларига аниқлик киритинг;
- улар томонидан таклиф қилинадиган хизматларни бажариш фақат Сизнинг розилигингиз асосида амалга оширилиши мумкинлигини унутманг!
Агар, хизмат кўрсатмасдан ва сиз ёки оила аъзоларингизни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишларни бажармасдан, Сиздан мажбурий тартибда тўлов талаб қилинса, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишингиз мумкин", дейилади хабарда.